Бошқа соҳалар каби тиббиёт ҳам рақамли имкониятлардан фаол фойдаланиш заруратига дуч келди. Масалан, хасталикни юқтирган одамларнинг хатти-ҳаракатини кузатиб борадиган ва шифокорларга улар аҳволидан хабардор бўлиб туриш имконини берувчи илова пайдо бўлди. 

Шифохонага ётқизиш талаб қилинмайдиган беморлар телемедицина орқали масофадан кўрикдан ўтказила бошлади. Бу олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи беморларни даволашга кўмаклашиш, шунингдек, масофавий тиббий ёрдамни ривожлантиришга ҳам хизмат қилди.

Телемедицина ахборот-коммуникация технологиялари (мобил ва шаҳар телефони, видеоконференция, мессенжер) ёрдамида масофадан туриб тиббий хизмат кўрсатиш ва соҳа ходимларининг ўзаро мулоқотидир. У нафақат эрта ташхис қўйиш ва исталган беморни зудлик билан даволай бошлаш имкониятини беради, балки шифокорларнинг вақти ва кучини тежайди — мижоз ёнига бормасдан туриб ёрдам беришини таъминлайди.

Турфа хил телемедицина хизматлари мавжуд, албатта. Бироқ уни амалиётга татбиқ этишдан асосий мақсад — беморларга соғлиқни сақлаш муассасаларига келганда кўрсатиладиган тиббий ёрдамга тенг ёки ундан ҳам яхши ва сифатли тиббий хизматни тақдим этишдир.

Телемедицина хизматининг энг кўп тарқалган турлари мавжуд. Жумладан:

Реал вақт режимидаги телемедицина. Тиббиёт мутахассислари беморлар билан худди қабулдаги каби юзма-юз онлайн мулоқот қилади. Бундай сеанслар одатда касаллик тарихини кўриш, кўрикдан ўтиш, бемор аҳволини баҳолаш ва баъзи даволаш усулларини тақдим этиш учун ўтказилади.

Беморни масофадан туриб кўздан кечириш. Тиббиёт ходимлари даволаниш режасини амалга ошириш чоғида беморлар аҳволининг яхшиланиб боришини, маслаҳат учун шифокор қабулига келишни талаб қилмай кузатиш имкониятига эга. Телемедицинадаги баъзи ечимлар қулай, бунда бемор ҳақидаги маълумотларни дарҳол уни назорат қилиб турган бутун бошли гуруҳга етказиш ва электрон тиббий картасига маълумотларни қўшиш имкони мавжуд.

Шифокорларнинг ўзаро мутаносиб ҳаракати ва маслаҳатлашуви. Телемедицина технологияларидан фойдаланган ҳолда шифокорлар ўзаро ёки бошқа ихтисосликдаги мутахассислар билан тезкор маслаҳатлашиб олиши мумкин. Бу эса беморларга кўрсатиладиган ёрдам даражасини сезиларли оширади.

Тиббий маълумотларни сақлаш ва юбориш. Телемедицинадан фойдаланишнинг асосий омилларидан бири тегишли мутахассисларга осонгина жўнатилиши мумкин бўлган тиббий маълумотларни (таҳлиллар натижалари, ҳаётий фаолият белгилари, лаборатория ҳисоботи ва профиль ҳужжатлари) оралиқ сақлашдир.

Тиббий визуализация. У телемедицинанинг даволаш гуруҳи ва ташқи маслаҳатчилар ўртасида рентген суратлари ва бошқа тасвирлар алмашинувини тезлаштирадиган ечими. Ушбу жараёндан фойдаланган ҳолда, хусусан, рентгенолог-мутахассис исталган вақтда тасвирларни ўрганиши ва тезда таҳлилни тақдим этиши мумкин.

Хорижлик экспертларнинг тадқиқотига кўра, телемедицинани жорий этиш соғлиқни сақлаш харажатини 15–20 фоизга камайтириш, тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини 20 фоизга ошириш ҳамда тиббий ёрдам сифатини 20 фоизга яхшилаш имконини беради.

Жорий этишнинг афзалликлари

Телемедицинанинг бир қанча асосий афзалликларини келтириш мумкин.

Беморларни қамраб олиш имконияти кенгаяди. Телемедицина олис ҳудудлардаги беморларга энг яхши тиббий ёрдам, жумладан, етакчи шифокорлар ва клиникалар тавсияларидан фойдаланиш имконини беради.

Клиникадаги иш жараёни яхшиланади. Телемедицина платформаси беморларни даволашда асосий чора-тадбирларни белгилаш жараёнини соддалаштиради ва тезлаштиради. Ўзаро мулоқотни сезиларли даражада яхшилайди ва маълумотларнинг ишончли тўпланишини таъминлайди.

Тиббий ёрдам кўрсатишнинг янада тежамкор усули шаклланади. Бундай ҳолатда тиббиёт муассасасининг қўшимча харажати сезиларли даражада камаяди. Шунингдек, телемедицина учун камроқ вақт сарфланиши ҳисобига шифокор ва тиббий ходимларга кўпроқ беморларни қабул қилиш имкони яратилади, бу эса мутахассислар учун кўпроқ ҳақ тўланадиган вақт ошишини англатади. Бундан ташқари, дастлабки босқичда телемедицина хизматларини таклиф қилиш учун зарур бўлган дастурий ечимлар кўп харажат талаб қилмайди.

Беморлар учун харажат камаяди. Умуман олганда, телемедицина сеанси шифокор ёки ҳамширанинг бемор билан телефон, ноутбук ёки бошқа рақамли қурилма орқали маслаҳатлашувини ўз ичига олади. Бу эса беморнинг сафар, турар жой, овқатланиш ва қисқа муддатли таътил учун сарфланиши керак бўлган харажатларини камайтиради.

Бундай хизматдан беморларнинг кўнгли тўлади. Телемедицина хизматини кўрсатувчилар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига қараганда, телемедицина беморлар орасида анча оммалашган. Бу уларнинг шундай платформалардан фойдаланишга билдирган ижобий муносабатида ҳам акс этади.

Таъкидлаш жоизки, телемедицина шифокорларнинг ташхис қўйиш ва даволашни бошқариш имкониятига кўпроқ боғлиқ бўлган ва муайян жараёнлар талаб этилмайдиган тиббий мутахассисликлар учун долзарб аҳамиятга эга. Бунда психиатрия, юқумли касалликлар, кардиология, шифохонага ётқизиш, она ва бола саломатлиги, нефрология, эндокринология, пульмонология ва реанимация каби ихтисосликлар бўйича хизматлар телемедицина орқали стационар ва амбулатор шароитида кўрсатилиши мумкин.

Юртимизда телемедицина ҳолати

Ўзбекистонда телемедицина масалаларига асосан 2021 йилдан бошлаб эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурига мувофиқ, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва филиаллари ўртасида телемедицина тизимини оммалаштириш бошланди.

Айни пайтда республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва уларнинг 211 та ҳудудий филиали, бўлимлари ҳамда диспансерларида илмий-методик қўллаб-қувватлаш мақсадида телемедицина хизматлари йўлга қўйилган. Уни жорий этиш натижасида биргина 2021 йилнинг ўзида қарийб 15 минг онлайн консультация, 62 минг 481 бемор учун маслаҳатлар, 4 минг 548 та консилиум, 612 семинар, 879 маҳорат дарси ўтказилган ва 321 та жарроҳлик амалиёти намойиш этилган.

Бундан ташқари, Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2020 йил 10 ноябрда видеоконференция шаклида бўлиб ўтган саммитидаги нутқида телемедицина соҳасида ҳамкорлик Концепциясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Соҳа ривожидаги муаммолар

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, миллий телемедицина ривожланишига  халал берувчи қатор муаммолар мавжуд.

Биринчидан, замонавий технологиялар ва телекоммуникация инфратузилмаларидан фойдаланишга етарлича эътибор бермаслик телемедицина технологияларини ривожлантириш жараёнини қийинлаштиради. Давлатнинг соғлиқни сақлашга ажратадиган харажати асосан иш ҳақини назарда тутади, инвестициялар учун эса имкон қолмайди.

Иккинчидан, аҳоли орасида интернет тезлиги билан боғлиқ муаммолар кўпгина телемедицина хизматларидан фойдаланиш имкониятини чеклаб қўяди.

Учинчидан, тиббиёт ходимларининг телемедицина технологияларидан фойдаланишдан кам хабардорлиги ва суст тайёргарлиги янги услубларни амалда қўллашни қийинлаштиради. Шу боис, бугун телемедицина хизматларини ривожлантириш фақатгина республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва филиаллари доирасида чекланмоқда. Соғлиқни сақлаш соҳасининг рақамлаштириш энг кўп талаб қилинадиган дастлабки бўғинларида телемедицинани жорий этиш стратегияси мавжуд эмас.

Тўртинчидан, аксарият фуқаролар телемедицина хизматларига ишонмайди. Чунки улар даволаниш фақат офлайн режимда амалга оширилиши керак, деб ҳисоблашади. Бундан ташқари, Жаҳон банки тадқиқотларига кўра, республика аҳолисининг қарийб 40 фоизи шифокор қабулига борганидан сўнг ҳам маҳаллий тиббий хизматлардан қониқмайди. Бу эса чет элдаги малакали мутахассисларга мурожаат қилишга мажбур этади. Мисол учун, биргина 2022 йилнинг ўзида Ўзбекистоннинг 44,7 минг нафар фуқароси саломатлиги бўйича малакали маслаҳат ва тиббий ёрдам олиш учун чет эл (Россия, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея)га йўл олган.

Бешинчидан, техник имкониятлар чеклангани ёки тиббиёт муассасалари узоқлиги боис мамлакатимизнинг аксарият аҳолиси малакали тиббий хизматлардан эркин фойдалана олмайди. Чиқим қилиб, вилоят марказлари ёки пойтахтга боришга мажбур бўлади. Масалан, АҚШда шифокорнинг битта масофавий қабули ўртача 79 долларга тушади. Бу шифокорнинг 146 доллар турадиган офлайн қабулида бўлиш ёки 1734 долларлик шошилинч қабулдан анча арзон.

Ривожлантириш имкони борми?

Мазкур муаммолар телемедицинанинг ривожланишини қийинлаштиради. Бироқ инфратузилмага инвестиция киритиш, соғлиқни сақлаш ходимларини ўқитиш ва жамиятда телемедицина хизматларини тарғиб этиш орқали муаммоларни бартараф этиш имконияти мавжуд.

Телемедицина хизматлари сифатини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун қатор чора-тадбирларни қўллаш зарур.

Телемедицина соҳасини тартибга солиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ёки амалдагиларини такомиллаштириш, шунингдек, электрон соғлиқни сақлаш ва телемедицина хизматларини кўрсатиш стандартларини белгилаб олиш зарур. Бу соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олиш бўйича самарали чора бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Рақамлаштириш жараёнини молиялаштириш ва телемедицина хизматлари кўрсатишга босқичма-босқич ўтишни назарда тутувчи бандларни киритган ҳолда давлат соғлиқни сақлаш харажати рўйхатини танқидий-таҳлилий кўриб чиқиш зарурати мавжуд. Шунингдек, телемедицинанинг замонавий усуллари ва турларини маҳаллий тиббий ёрдам кўрсатиш амалиётига жорий этиш мақсадида халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликка эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

Интернетдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш учун тармоқ инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш, жумладан, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами ва ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус тарифлар жорий этиш лозим. Бундан ташқари, виртуал консультация, масофавий кўриклар ўтказиш учун оилавий поликлиникалар ва соғлиқни сақлашнинг бошқа бирламчи бўғинларини телекоммуникация инфратузилмаси ва зарур техник воситалар билан таъминлаш даркор.

Соғлиқни сақлаш тизимига ахборот технологияларининг тўғри интеграциясини йўлга қўйиш талаб этилади. Тиббий ёрдам кўрсатишда телемедицина технологияларидан самарали фойдаланиш учун ўқув дастурлари ҳамда курсларни жорий этиш орқали тиббиёт ходимларини қайта тайёрлашга эътибор қаратиш, иш самарадорлигини ошириш зарур.

Аҳолининг телемедицина афзалликлари ва яшаш жойидан қатъи назар (бориш қийин бўлган ва чекка ҳудудларда), телемедицина хизматларидан фойдаланиш имконияти тўғрисида хабардорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Масалан, сўнгги йилларда Канада виртуал тиббиётни жорий этиш орқали аҳолининг тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини сезиларли даражада кенгайтиришга муваффақ бўлди. Яъни шифокорлар беморларга тиббий маслаҳат бериш учун видеоалоқа орқали узоқ ҳудудларга уланмоқда.

Жамшид ШАРИПОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази эксперти