Бугунги глобаллашув жараёнида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан аҳолига янада қулайликлар яратиш ва тизимга замонавий технологияларни жорий этиш, телетомошабинлар учун ўзлари хоҳлаган вақтда ва маконда севимли теледастурларини жонли равишда ёки такроран томоша қилиши учун шароитлар яратиш, айниқса, хориждаги ватандошларимизни мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар ва ўзгаришлар ҳақида тезкор хабардор қилиб бориш мақсадида UZTV платформаси ишга туширилди. 

Бундан буён интернетдаги www.uztv.tv манзилидаги ОТТ платформаси орқали Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг "O‘zbekiston", "O‘zbekiston-24", "Yoshlar", "Navo", "Bolajon", "Toshkent", "Sport", "Oilaviy", "Madaniyat va ma‘rifat", "Dunyo bo‘ylab", "Kinoteatr", "Mahalla" ва "O‘zbekiston tarixi" сингари 13 та телеканалини тўғридан-тўғри ёки такроран томоша қилиш имконияти пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, телевидениени мобил интернет орқали кўриш имконини берувчи мазкур платформа 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар, жумладан, республикамизда қулай АКТ инфратузилмасини яратиш, дастурий таъминотни ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама кўмак бериш, "Электрон ҳукумат" тизимини такомиллаштириш, мобил ва рақамли телевидениени ривожлантиришга доир белгиланган вазифалар ижросидан келиб чиқиб жорий этилди.