– Маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши, янги бозорларга чиқиши, умуман ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика масалалари муҳимлигини Сизлар ҳаммадан яхши тушунасизлар.
Бу борада, транспорт коридорларини ривожлантириш, юкларни божхона орқали ўтказишни соддалаштириш ва рақамлаштириш, транспорт харажатларини қисман қоплаш тизимини йўлга қўйдик. Бу тизим орқали йил бошидан буён 3 мингдан зиёд экспортёрларга 200 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилиши натижасида қарийб 800 миллион долларлик экспорт амалга оширилди.
Йил якунига қадар ушбу корхоналар томонидан экспорт ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича тизимли ишларни изчил давом эттирамиз. Бунинг учун, биринчидан, юк автомобилларини олиб киришга, 2 йил аввал божхона имтиёзлари берганимиз ҳисобига, автотранспортда ташиш хизматлари 2 бараварга арзонлашди, юк ҳажми эса 1,5 бараварга ошди. Лекин, бу имтиёз 4 ойдан кейин тугайди.
Шу боис, 40 дан зиёд тадбиркорлар ушбу божхона имтиёзларини узайтириш бўйича ўз таклифларини билдирган. Буларни инобатга олиб, имтиёзларни яна 3 йилга узайтириш бўйича куни кеча янги қарорни имзоладим.
Иккинчидан, “Полвонтош” (Сурхондарё), “Афросиёб парранда” (Самарқанд) корхоналари раҳбарлари ички ва ташқи темир йўл тарифлари ўртасида катта фарқ борлиги, яъни халқаро ташувлар нархи анча юқорилигини билдирганлар.
Шу боис, Транспорт вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополия қўмитаси билан бирга, икки ой муддатда темир йўл тарифларини қайта кўриб чиқсин. Бунда, тадбиркорларга ўзимизда ишлаб чиқарилмайдиган хомашё импорти учун амалдаги тарифлар камида 25 фоиз арзон бўлиши керак.
Шунингдек, Транспорт вазирлиги келгуси йил 1 январдан бошлаб, ҳар бир хизматнинг таннархи ва унинг таркибини кенг жамоатчиликка эълон қилиб боради.
Учинчидан, темир йўл соҳасида келгуси 5 йил учун 7 мингдан зиёд юк вагонларига эҳтиёж мавжуд. Бу муаммони давлат томонидан эмас, балки худди электр энергияси ёки цемент ишлаб чиқаришга ўхшаб, фақат ва фақат хусусий секторни жалб қилиш орқали ижобий ҳал қилиш мумкин.
Шунинг учун, келгуси йилда ўз вагони ва контейнерига эга бўлган хусусий логистика операторлари фаолияти йўлга қўйилади ва тарифлар иккига ажратилади.
Бунда, давлат томонидан фақатгина темир йўл инфратузилмаси ҳамда локомотив хизматлари тартибга солинади, юк вагонлари хизмати эса бозор тамойиллари асосида ташкил қилинади.
Шунинг учун, хусусий тадбиркорларга темир йўл вагонларини олиб келишга берилган имтиёзлар 2025 йил 1 январгача узайтирилади, – деди Президент.