Бу жараёнда ёшларнинг ўрни ва фаоллиги алоҳида аҳамият касб этади. Ана шу мақсадда жорий йилнинг 26 февраль куни Тошкент давлат транспорт университетида темир йўл транспорти соҳаси раҳбарлари ва талаба-ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда соҳадаги долзарб масалалар, истиқболдаги лойиҳалар ҳамда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар муҳокама қилинди. Унда соҳа раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Мулоқот давомида темир йўл соҳасида олиб борилаётган рақамлаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, бошқарув тизимларини автоматлаштириш, электрон хизматлар кўламини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш орқали самарадорликни ошириш режалаштирилаётгани таъкидланди. Шунингдек, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётгани, янги инвестицион лойиҳалар устида тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.

Масъуллар томонидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тезюрар поездлар ҳаракатини босқичма-босқич йўлга қўйиш истиқболлари ҳақида ҳам сўз юритилди. Ушбу ташаббус ҳудудлар ўртасидаги транспорт қатновини яхшилаш, йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашувда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Янги иш ўринлари яратиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш, амалиёт тизимини кучайтириш ҳамда малакали мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича режалар маълум қилинди. Соҳа вакиллари замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш кадрларга эҳтиёж юқори эканини алоҳида таъкидлашди.

Тадбир очиқ савол-жавоб шаклида ўтди. Талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан бевосита мутасаддилардан жавоб олиш имкониятига эга бўлишди. Мулоқот давомида темир йўл транспорти соҳасида изчил янгиланишлар амалга оширилаётгани қайд этилди.

— Ҳозирги ёшлар аввалги авлоддан фарқ қилади. Замонавий технологияларга қизиқишимиз юқори. Иш жараёнларига рақамли ёндашувни олиб кириш орқали соҳа ривожига муносиб ҳисса қўша олишимизга ишонаман. Мулоқот давомида темир йўл транспорти соҳасида изчил янгиланишлар олиб борилаётгани, янги лойиҳалар устида тизимли ишлар амалга оширилаётгани ҳақида батафсил маълумот олдик. Тадбир якунида ёшларнинг таклиф ва ташаббуслари қўллаб-қувватланиши, фаол талабалар рағбатлантирилиши таъкидланди, — дейди Тошкент давлат транспорт университети иқтисодиёт йўналиши 3-босқич талабаси Исломбек Бекмаматов.

Тадбир давомида масъул соҳа мутахассислари ОАВ вакилларининг саволларига ҳам батафсил жавоб беришди.

— Бугунги кунда Ўзбекистон темир йўллари тизимида ёшларга катта эътибор қаратилмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан ёшлар билан очиқ мулоқотлар мунтазам ташкил этилаётгани бежиз эмас. Чунки бугунги ёшларнинг дунёқараши кенг, замонавий технологияларга қизиқиши юқори, айниқса рақамлаштириш жараёнларига фаол кириб келмоқда. Иш жараёнида янги иш бошлаган ёш ходимлар билан суҳбатлашганимизда ҳам уларнинг ишлаб чиқариш тизимига янгича ёндашаётганини кўрамиз. Рақамли технологияларни қўллаш, жараёнларни оптималлаштириш, инновацион лойиҳаларда иштирок этиш борасида ёшлар анча фаол.

Шу нуқтаи назардан, Тошкент давлат транспорт университетида транспорт соҳаси раҳбарлари ва талабалар ўртасида ўтказилган очиқ мулоқот муҳим аҳамият касб этди. Учрашув давомида транспорт соҳасида амалга оширилаётган янги лойиҳалар, темирйўл қурилишидаги янгиликлар, рақамлаштириш жараёнлари ҳамда келажакдаги режаларга оид батафсил маълумотлар берилди, — дейди “Темир йўл инфратузилма” АЖ бошқарув раиси Сирожиддин Норқобилов.

Тадбир якунида фаол ва иқтидорли талабалар рағбатлантирилди. Бу эса ёшларни янада изланишга, ўз устида ишлашга ҳамда келажакда транспорт соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Бундай учрашувларнинг моҳияти — ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги масофани қисқартириш, муаммоларни бевосита муҳокама қилиш ҳамда келажак режалари юзасидан очиқ фикр алмашишдир. Унинг аҳамияти шундаки, ёшлар ўзини эшитилаётганини ҳис қилади, раҳбарлар эса келажак кадрларининг салоҳиятини бевосита баҳолаш имконига эга бўлади. Бу эса тизимнинг барқарор ва замонавий ривожланишига хизмат қилади.

Муштарий Комилова,

Мафтуна Хикматуллаева