Тошкент шаҳри ҳудудида содир бўлган навбатдаги воқеа ана шундай инсонпарварлик, матонат ва фидойиликнинг ёрқин намунаси бўлди.
Кучли сув оқимига тушиб қолган икки нафар олти ёшли эгизак қизалоқ темирйўлчиларнинг тезкор ҳаракати туфайли ўлим чангалидан қутқариб қолинди. Бу воқеа нафақат икки боланинг ҳаётини сақлаб қолди, балки жамиятда бефарқликка ўрин йўқлигини яна бир бор намоён этди.
Ушбу воқеани батафсил ўрганиш мақсадида Yuz.uz сайти мухбири ҳодиса жойида бўлиб, қаҳрамонлар, гувоҳлар ва қизалоқларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.
Жорий йилнинг 9 июнь куни “Тошкент минтақавий темир йўл узели” филиалининг Тошкент темир йўл масофаси корхонаси 20-цех механизациялашган бригадаси темир йўл созловчиси Аъзам Иброгимов ҳамкасби Фатхулла Номадалиев билан хизмат вазифасини бажараётган эди. Улар Сергели тумани ҳудудидан ўтувчи Қорасув канали атрофида иш жараёнида ҳаракатланаётган вақтда болаларнинг ёрдам сўраб бақирган овозларини эшитишади.
Дастлаб бу болаларнинг оддий ўйинидек туюлади. Аммо овозлардаги саросима ва йиғи аралаш илтижо уларни ҳушёр торттиради. Темирйўлчилар овоз келаётган томонга югуриб боришганда сув оқимида оқиб кетаётган икки нафар қизалоқни кўришади. Улар кўприк остидаги кучли оқим томон силжиб борар, ҳар бир сония ҳал қилувчи аҳамиятга эга эди. Аъзам Иброгимов бир лаҳза ҳам иккиланмади. У ўзини сувга ташлади.
— Ўша куни тушликдан кейин хизмат вазифамизни бажараётган эдик. Бир пайт болаларнинг бақирган овозини эшитдик. Аввалига ҳазиллашишяпти деб ўйладим. Аммо овозлар яқинлашган сари вазият жиддий эканини тушундим.
Бориб қарасак, қизалоқлардан бири сув оқими билан оқиб кетаяпти. Ўйлашга вақт йўқ эди. Дарҳол сувга тушдим. Фақат бир нарса ҳақида ўйладим: болани қутқариш керак. Қизалоқни ушлаб чиқдим ва Фатхуллага узатдим. Кейин бошқа болаларни ҳам хавфсиз жойга олиб чиқдик. Ростини айтсам, мен бу ишни қаҳрамонлик деб ҳисобламайман. Ҳар қандай инсон шундай вазиятда худди шундай ҳаракат қилган бўларди. Биз фақат инсонлик бурчимизни бажардик. Кейинчалик бу воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалди, раҳбарият томонидан тақдирландик. Лекин мен учун энг катта мукофот — қизалоқларнинг соғ-омон қолганини кўриш бўлди, — деди Аъзам Иброгимов.
— Воқеа жуда тез содир бўлди. Биз сув томон югурганимизда қизалоқлар оқим таъсирида кўприк томон кетиб бораётган эди. Аъзам ҳеч иккиланмасдан сувга тушди. Мен эса соҳилда туриб ёрдам бердим, болаларни хавфсиз жойга чиқардим. Кейин маълум бўлишича, қизалоқлар олти ёшли эгизаклар экан. Улардан иккаласи ҳам туғма нуқсон сабабли гапира олмас экан. Воқеани видеога олдим. Бунинг сабаби машҳур бўлиш эмас, балки ота-оналарни огоҳ қилиш эди. Бу жой чўмилиш учун мўлжалланмаган, сув оқими жуда кучли. Бир неча дақиқа кеч қолганимизда оқибати бошқача бўлиши мумкин эди, — деди Фатхулла Номадалиев.
Қутқариб қолинган қизалоқларнинг онаси Анастасия Кузнецованинг кўзларида ҳали ҳам ўша куннинг изтироби сезилиб туради. Тўрт нафар фарзандни ёлғиз тарбиялаётган она ҳодиса ҳақида сўзлар экан, ҳис-туйғуларини яшира олмади.
— Мен ўша пайт ишда эдим. Ресторанда ишлайман, кунига ўн тўрт соат меҳнат қиламан. Болаларим эса онам билан қолишган эди. Телефон орқали бу хабарни эшитганимда оёғимдан мадор кетди. Қизларим сувга тушиб кетганини эшитиб, юрагим тўхтаб қолгандек бўлди.
Мен фарзандларимни ёлғиз тарбиялаяпман. Улар учун ҳам онаман, ҳам отаман. Ишлашга мажбурман, чунки уларни таъминлашим керак. Онам инсультни бошдан кечирган. Шунинг учун болаларни доимо назорат қилиб туришга қийналади. Боғчалари ҳам ёпилиб қолган. Ҳозирги шароитда бу биз учун катта муаммо. Ҳозир ўйласам, агар ўша инсонлар яқин атрофда бўлмаганида нима бўларди? Бу ҳақда ўйлашнинг ўзи даҳшат. Қизларим менинг ҳаётим. Менинг бахтим. Энг катта бойлигим. Уларни қутқариб қолган инсонлардан умрбод миннатдорман.
Барча ота-оналарга айтаман: фарзандларингизни қараовсиз қолдирманг. Айниқса сув ҳавзалари яқинида жуда эҳтиёт бўлинг, — деди у.
Ҳодисанинг яна бир кичик қаҳрамони бор. У — Шаҳина Нуралиева. Биз қизалоқ ва униг онаси билан ҳам суҳбалашдик.
— Биз сув бўйида турган эдик. Бир пайт Ариша сувга тушиб кетди ва чўка бошлади. Уни қутқариш учун Арина ҳам сувга кирди. Иккаласи ҳам қийналиб қолганини кўриб жуда қўрқдим. Лекин йиғлаб туришнинг фойдаси йўқлигини тушундим. Шунда бор кучим билан ёрдам чақириб бақира бошладим. Яхшиямки, овозимни эшитишди. Агар катталар келмаганида нима бўлишини билмайман. Бу воқеадан кейин сув ҳавзалари нақадар хавфли эканини англадим. Барча тенгдошларимга айтаман: катталарсиз сув бўйига борманглар, — деди у.
Аъзам Иброгимовнинг фидокорона ҳаракати “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарияти томонидан юксак баҳоланди. Темирйўлчига ташаккурнома, эсдалик совғаси ҳамда пул мукофоти топширилди. Аммо унинг ўзи учун энг катта мукофот — икки боланинг ҳаёти сақлаб қолинганидир.
Бу воқеа оддий хабар эмас. Бу инсонпарварлик ҳақидаги ҳикоя. Бу — хизмат бурчи билан бирга виждон бурчини ҳам унутмаган инсонлар ҳақидаги ҳикоя. Аъзам Иброгимов ва Фатхулла Номадалиев сувнинг хавфли оқимига қарши чиқиб, икки ёш ҳаётни сақлаб қолишди. Шаҳина Нуралиева эса ўз вақтида ёрдам чақириб, уларнинг қутқарилишига ҳисса қўшди. Бу воқеа ҳар биримизга муҳим ҳақиқатни эслатади: фавқулодда вазиятларда бефарқ бўлмаслик, тезкор қарор қабул қилиш ва инсон ҳаётини ҳамма нарсадан устун қўйиш жуда муҳим.
Эҳтимол, қаҳрамонлик айнан шундай кўринар — инсон ўзини эмас, ўзгалар ҳаётини ўйлаган лаҳзада.
Зулхумор Акбарова