Ана шундай тантанали тадбирлардан бири “Ўзбекистон” локомотив депосида ҳам кўтаринки руҳда ўтказилди.
Тантанали байрам тадбирида корхона бошлиғи Ф.Маҳаматов сўзга чиқиб, барча темирйўлчи ходимларни касб байрами билан чин дилдан муборакбод этди.
Корхона раҳбари ўз сўзи давомида сўнгги йилларда темир йўллар ривожланиб бораётган давлатимиз иқтисодиётининг ҳақиқий қон томирига айланиб бораётганини таъкидлади.
Бу борада йилдан йилга темир йўлларда янги йўналишлар ташкил этилиб, Жамиятга қарашли замонавий юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электропоездлари, ҳайбатли локомотивлар ёрдамида юк ва йўловчилар хавф-хатардан ҳоли равишда ўз манзилларига етказилаётганини самимият билан тилга олди.
Бу ижобий ишларда соҳада меҳнат қилиб келаётган ҳар бир темирйўлчиларнинг муносиб ҳиссаси борлигини айтиб ўтди. Ўз касбига садоқатли ва фидойи темирйўлчиларнинг сидқидилдан қилаётган меҳнати ҳамда билим ва тажрибаси туфайли улкан марраларни забт этилаётганини фахр ва ифтихор билан қайд этди.
Шунинг учун ҳам корхонада ишчиларга меҳнат шароитларини яратиб беришга ва қўл меҳнатини енгиллатишга ҳамда таъмир сифатини янада оширишда керакли бўлган барча имкониятларни йўлга қўйишга, шу билан бирга ходимлар меҳнатини моддий ва маънавий жиҳатдан муносиб рағбатлантириб боришга катта эътибор бериётганини эътироф этди.
Бунинг исботи ўлароқ, байрам тадбири аввалида депода фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг самарали меҳнат қилишлари учун шароит яратиш, корхонадаги барча цехларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва у ердаги мавжуд ускуналарнинг эстетик ҳолатини яхшилаш, шунингдек, меҳнат шароитини яратиш мақсадида корхона бошлиғи Ф.Маҳаматов бошчилигида Тепловозларни таъмирлаш цехи тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилиб, қайта реконструкция қилинди. Байрам муносабати билан мазкур цехнинг очилиш маросими ҳам ташкил этилди.
Тепловозларни таъмирлаш цехи тубдан замонавий қиёфа касб эттирилиб, ташқи фасади эса профнастил қопламаси билан қопланди. Цех ичида жойлашган барча хоналарга иссиқ пол ўрнатилди. Цех катта устаси, асбоб-ускуналар, омборхоналар ҳам бирдек барча шароитлар билан бирга замонавий мебель жиҳозлари билан таъминланди. Тепловозларга керакли бўлган деталь ва жиҳозлар ҳамда замонавий “Formatech” русумли компрессор ускуналари ҳам цех ичига жойлаштирилди. Шу билан бирга цех олдида алоҳида пайвандлаш хонаси янгидан барпо этилиб, у ерга замонавий “СовПлинг” ҳаво тозалаш ускунаси ўрнатиб берилди. Цех атрофи ободонлаштирилиб, гул ва манзарали кучатлар экилди.
Шунингдек, “Ўзбекистон” локомотив депоси маъмурий биносининг кириш қисми ҳам қайта таъмирдан чиқарилиб, замонавий кўринишга эга бўлди. У ерда алоҳида кутиш зали, қўриқлаш бўлими ходимлари хоналарига ажратилди ва видеокузатув тизими ҳамда керакли бўлган мебель ва ускуналари билан жиҳозланди. Бу эса депо ишчи-ходимларининг касб байрамига муносиб туҳфа бўлди, десак мубоолаға бўлмайди.
Тадбир давомида барча депо ишчи-ходимларига байрам дастурхони ёзилиб, ўзбек миллий таоми палов тарқатилди ва катта концерт дастури ҳам ташкил этилди. Байрамга хитойлик ва испаниялик мутахассислар ҳам таклиф этилди. Чет эллик мутахассислар ҳам бирдек темирйўлчи ходимлар қаторида ўзбек миллий рақс ва қўшиқлари ҳамда “Шуҳрат” медали соҳиби, кулги устаси Аваз Оҳун ҳангомаларидан баҳраманд бўлишди ва мирқиб рақсга ҳам тушишди. Шу билан билга тадбирда ташкил этилган турли хилдаги совринли ўйинлар ҳамда чиқишлар, скрипкадаги қалб торларини чертувчи оҳанглар байрамга ўзгача файз бағишлади.
Анжуман сўнггида депо ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 86 нафар фидойи темирйўлчилар Жамият ва корхона раҳбарияти ҳамда касаба уюшма қўмитасининг “Фахрий ёрлиқ”, эсдалик совғалари ва пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, депода узоқ йиллар давомида фидокорона меҳнат қилиб, айни дамда 60 ёшни қарши олган 2 нафар ходимларга ўзбек миллий чопони кийдирилди ва уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Феруза ХУДОЙҚУЛОВА,
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ
Ахборот-таҳлилий медиа маркази мухбири