90 ёшида Туркияда вафот этган охирги ўзбек жадиди Усмон Хўжанинг ўғли Темур Хўжа бутун умри ва кучини туркий халқлар маданияти ва тарихи борасидаги изланишларга бахшида этган. У туркий халқлар олами, Марказий Осиё маданияти тарихи, жадидчилик, Шўро даври ва мустақилликдан кейин Марказий Осиё республикаларида кечаётган сиёсий ўзгаришлар, демократия ва диктатура мавзуларида тинимсиз меҳнат қилаётган фидокор олимлардан бири.
Темур Хўжа Туркистоннинг маданий ва сиёсий тарихига бағишланган юздан ортиқ мақола ёзган. Уларнинг аксари турк ва инглиз тилларида, Туркия, Америка Қўшма Штатлари, Оврўпо мамлакатлари, Ҳиндистон ва Япония каби давлатларда чоп этилган. Суҳбатимиз аввалида олим кўзида ёш билан шундай деди: “Тузумлар баъзи даврларда оғир бўлиши мумкин. Лекин, тузумга қараб инсон ўз ватанидан юз ўгирмайди. Мен ҳам Ўзбекистондан юз ўгирган эмасман, чунки Ўзбекистоннинг келажагига, истиқболига ҳамиша ишонганман. Менда ҳар доим ватанимга қайтиш орзуси бор.”
– Темур Хўжа жаноблари, юртимизга хуш келибсиз! Куни кеча Президентимизнинг “Жадидлар: Миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро конференция қатнашчиларига йўллаган мурожаатини катта ҳаяжон билан тингладик. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида шахсан сизга мамлакатимиз тарихи ва аждодларимиз меросига бағишланган қимматли ҳужжатларни тақдим этганингиз учун миннатдорлик билдирди. Келинг, суҳбатимиз аввалида ушбу ноёб меросга тўхталиб ўтсак...
– Мазкур ҳужжатлар ичида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ кўплаб маълумотлар бор. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1907 йилда Россия думасига ёки Мусулмонлар фракциясига топширган “Туркистон маданий мухторияти” деб номланган лойиҳасини ўқиб, мозийдаги муҳим воқеликларга сабабчи бўлган ижтимоий-сиёсий сабабларни билиб олишимиз мумкин. Аввало, Беҳбудий ўша пайтдаги Туркистон халқлари учун маданий давлат – маданий мухторият талаб қилган. Лойиҳада қайд этилган моддаларни ўқиганимизда биламизки, маданий мухторият билан бирга сиёсий мухторият ҳам кўзда тутилган. Масалан, унинг бир моддасида шундай ёзилган: “Туркистонга кўчманчиларнинг олиб кирилиши тўхтатилсин”. Биласиз, Чор Россияси замонида Россия ҳудудларидан кўплаб деҳқонлар Туркистон тупроқларига олиб келиниб жойлаштирилган. Шу боис Беҳбудий шундай талаб қўяди. Яна бир талаби шундаки, “Туркистоннинг тупроғи ва сув ресурсларидан фақат Туркистондаги мусулмонлар фойдалансин”, дейди. Ахир, Туркистон ҳам бир сиёсий мухторият экан, бу заминнинг тупроғи, деҳқончилиги, сув ресурслари Амударё, Сирдарё ва бошқа дарёлардан фақат шу ердаги мусулмонлар фойдаланиши керак-да... Яна бу лойиҳада айтиляптики, “Туркистонликлар учун диний идоралар тузилсин ва бу идораларни ўзлари бошқаришсин, ишимизга бошқалар аралашмасин”. Айни ҳужжатда таълим соҳаси бўйича ҳам ўзига хос мулоҳазалар билдирилган. Масалан, “Туркистондаги мактаблар ҳам мустақил, эркин бўлиши керак”. Чунки ўша пайтларда Туркистонда асосан Чор Россияси томонидан рус-тузем мактаблари очилиб, болаларга рус тилида сабоқлар берилган. Беҳбудий “ўғил-қизларимиз ўзимиз очган жадид мактабларида таълим-тарбия олиши керак”, деб ёзган.
Демак, “Туркистон маданий мухторияти” деб аталган ҳужжат жуда ноёб ҳужжат бўлиб, уни диққат билан кўриб чиқсак, Беҳбудийнинг маданий мухторият учунгина эмас, кўпроқ сиёсий мухторият учун жон куйдираётганига гувоҳ бўласиз. Шу ўринда саовл туғилади: Бу ҳужжат нима учун муҳим? Аввало ҳужжат 1907 йилда тақдим этилганига эътибор қаратсак, бу воқеадан 10 йил ўтиб бирин-кетин мухториятлар пайдо бўла бошлайди. Демак, улар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг лойиҳаси ва ундаги талаблардан илҳом олишган. Қримда Қрим-татар мухторияти, Қўқонда Туркистон мухторияти, Оренбургда Алашўрда мухторияти, Уфада Бутунрусия турк татарлари мухторияти тузилади. Ва бу мухториятлар қандай тугатилгани ўзингизга маълум.
Кейинчалик эса жумҳуриятлар тузила бошлайди. Бокуда Мустақил Озарбайжон жумҳурияти, Бухорода Бухоро халқ шўролари жумҳурияти, Хоразмда Хоразм халқ шўролари жумҳурияти барпо этилади. 1923 йилга келиб эса Москвада советлар кучая бошлайди. Натижада Бухорода Бухоро халқ совет республикаси, Хоразмда Хоразм халқ совет республикаси тузилади. 1924 йилда яна мустамлакачиларнинг фикри ўзгариб, Бухоро халқ совет республикаси ва Хоразм халқ совет республикаси тугатилиб, Бухоро совет социалистик республикаси ва Хоразм совет социалистик республикаси барпо қилинади. 1925 йилда бу қарор ҳам ўзгартирилиб иккала республика ҳам йўқ қилиниб, Ўзбекистон совет социалистик республикаси тузилади. У пайтда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон мухтор жумҳурият эди. 1929 йилда Туркманистон ва Тожикистон, 1933 йилда эса Қозоғистон ва Қирғизистон совет социалистик республикасига айланади. Советларнинг республикалари шундай пайдо бўлган.
Совет социалистик республикаларининг конституциясига назар ташласак, уларнинг барчасида бир модда бор. Ушбу модда баъзиларида 11-, баъзиларида 12-модда деб қайд этилган бўлиб, “Бу совет социалистик республикалари хоҳлаганида, парламентлари қарор қилганида мустақил бўла оладилар, яъни советларнинг таркибидан ажралиб чиқа оладилар”, дейилган. Аммо Конституцияларида яна бир модда борки, фақат бу қарорга СССР рози бўлиши кераклиги таъкидлаб ўтилган. Қараб турибсизки, бу ишлар барчаси сиёсий ўйин бўлган.
– Ғарбдаги давлатлар СССРнинг статистикасини ҳамиша текшириб турган ва ёлғон хабарлардан ҳайратга тушган, дейишади. Бу борада бобо-бувиларимиз кўп суҳбатлашишар, биз эса бу гапларни ўша пайтларда тушунмас эдик...
– Жуда тўғри айтдингиз, нафақат хориждаги уйғоқ қалбли инсонлар, балки юртимизда истиқомат қилиб, барча кўргуликларни ичига ютиб, индамай яшашга мажбур бўлган зиёлиларимиз анчагина... Улар англаганидек, Москвада ўтириб олган мустамлакачилар Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистонга бирин-кетин ғаройиб топшириқлар бераверган, ёлғон рақамлар билан ўйинлар ҳам давом этаверган. Мақсад нима қилиб бўлса ҳам Марказий Осиё давлатларини мустамлака қилиб ушлаб туриш бўлган. Бундай шароитда мафиялашиш ҳам кучайиб борган. Жуда кўп сиёсий давраларда шундай гап айланарди: “Совет Иттифоқи емирилиши мумкин эмас, чунки уларда ядро қуроли бор!” Буни қарангки, йиллар ўтиб ядро қуролининг ҳам аҳамияти қолмади. Чунки СССР иқтисодиёти ниҳоятда ночорлашиб қолган эди. Советлар дунё бозор иқтисоди шароитига ўтганида бу нарса яққол намоён бўлиб қолди. Ясама қурилган давлатнинг умри ва йўли узоққа бормади. Гарчи жаҳоннинг энг катта ядро қуролига эга давлати бўлса-да... Бироқ, афсуски, шу давргача бутун Марказий Осиёнинг кўплаб маърифатпарвар, билимдон зиёлилари ўлдириб юборилди. Ўлимдан қутилиб қолиш учун кўплари хорижга чиқиб кетди. Ўзбек адабиёти эса бутунлай цензурага кирди. Аммо миллатимиз ғанимлари ҳар қанча ҳаракат қилсалар ҳам жадидчилик руҳини йўқ қила олмадилар.
Мен Ойбек, Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг ижодини кузатганимда бу шоир ва ёзувчилар совет даврида жадид боболаримиз ғояларини давом эттиришганига, айни ғоялар бугунги кунимизга етиб келишимизда катта хизмат кўрсатганига амин бўламан.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Президенти ҳам жадидчилик ғояларини мамлакатнинг миллий ғояларига айлантиришда жонбозлик кўрсатяпти. Мустақил бўлган жумҳуриятлар ичида энг аввало Ўзбекистонда жадидлар илгари сурган ғояларнинг катта тўлқини юзага келди. Ўзбекистон айни глобал дунёда жадидчиликни давлатнинг миллий ғоясига айлантиргани учун биз ҳам жуда миннадормиз. Биз бу кучни чет элда туриб кузатганмиз. Ўзбекистонда нима бўляпти? Қозоғистонда қандай янгиликлар юз беряпти? Қирғизистонда қандай воқеалар содир бўлмоқда? Жуда қизиқардик. Вазиятни таҳлил қилиш учун турли шарҳлар ва мақолалар ёзганмиз.
Совет даврида юртимизга келишнинг ҳеч бир имконим йўқ эди. Ва ниҳоят 1990 йилда келдим. Ўша пайтда Михаил Горбачев бошчилигида қайта қуриш реформалари давом этарди. У пайтлардаги таҳлика бошқа, айни пайтдаги Ўзбекистонда юриб озодлик завқини ҳис қилиш бошқа!!! Шу кунларга етказганига шукр! Қаранг, жадидлар мероси бўйича ўтказилган халқаро конференция бутун жаҳондаги энг машҳур жадидшунос олимларни бир даврага жамлади. Ҳар бир ўқилган маърузани кўзда ёшимиз, қондаги қайноқ ҳароратимиз билан тингладик.
Ўзбекистон Президенти томонидан жадид боболаримизнинг тўхтаб қолган ишларини давом эттириш асосий вазифаларимиздан бири эканлиги таъкидланди. Қаранг, бу жуда катта гап. Давлат раҳбари жадидларнинг ярим йўлда қолган ишини давом эттириб, Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг энг илғор демократик давлатига айлантирмоқчи! Бу гапларни эшитганимда шу қадар тўлқинланиб кетдимки, жадид Усмонхўжа Пўлатхўжаев ўз умрини тиккан ғоялар қанчалар салмоқли ва юксаклигини янада теран англадим. Ўз отам билан янада қаттиқ фахрландим!
– Албатта, бу воқеликлардан биз ҳам қувоняпмиз, ғурурланяпмиз. Конференциянинг очилиш маросимида сўзлаган маърузангизда отангиз Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг энг охирги васиятларини эсладингиз. Шу ўринда отангизнинг Бухородаги ва чет эллардаги тараққийпарварлик фаолияти ҳақида тўхталиб ўтсангиз...
– Отам Усмонхўжа жуда катта бой бўлган. Бобомиз Пўлатхўжа қоракўл териси савдоси билан шуғулланадиган савдогар эди. Отам Файзулла Хўжаев билан амакивачча. Уларнинг Тошкентда, Самарқандда, Бухорода, Ўшда, Москвада бир неча савдо дўконлари бўлган. Бобом Пўлатхўжа ўз сафарларидан бирида 3-4 ёшли Усмонхўжани Москвага олиб кетган. Дунё қандай ривожланиб бораётганини, Москва қандай шаҳар эканлигини ўғлига кўратишни истаган. Кейин Истанбулга, Берлинга, Боғчасаройга ҳам боришган. “Жаҳондаги тараққиётни кузат, бу ишларнинг барчаси илм орқали юзага келишини англашингни хоҳлайман”, деган бобом. Бухорога қайтиб келишгач, отам бизнинг аҳволимиз қанчалар ночор эканлигини тушуниб етган. Шундай таассуротлар таъсирида улғайган. Йигирма ёшга кирганида отам Ўшга бориб Дукчи эшон қўзғолонида қатнашади. Ўша ерда отамни тутиб олишади. Бироқ отаси машҳур савдогар Пўлатхўжани танишгани учун ўлдиришмайди, қўлига занжир солиб Бухоро амирлигига топширишади.
Отам “Ёш бухороликлар” ҳаракатида ҳам фаол қатнашади. Кейин Бухоро амирини ағдаришгач, молия вазири вазифасига тайинланади. Молия вазиридан сўнг Бухоро республикасининг раҳбари бўлади. Ўша ердаги турк офицерларига бизга кучли армия тузишда ёрдам беринг, дейди. Ўша тузилган армия билан Душанбедаги большевиклар гарнизонига ҳужум қилади. Аммо Тошкентдан бошқа кучлар келганида ярадор бўлиб, Афғонистонга кетади. Ўша пайтда отам Усмонхўжа 45 ёшда бўлган. 45 йил умри Туркистонда, 45 йили чет элда ўтган. Афғонистонда, Покистонда, Польшада жадидларнинг ғояларини тарғиб қиладиган газета ва журналлар чиқаради. 1968 йилда 90 ёшида Истанбулда вафот этган. Кўплаб жадидларнинг мозори йўқ, биргина жадид Усмон хўжа Пўлатхўжаевнинг мозори бор. Отам чет элда юрганида ҳам совет иттифоқи жосуслар юбориб уни ўлдиришга ҳаракат қилган. Бироқ қўлларидан келмаган. Жадидшунос олимлар менинг отамни охирги жадид деб аташади. У ўлимидан бир кун олдин мени чақириб шундай васият қилди:
“Ўғлим, мен сенга мол-мулк эмас, Ватан ҳасратини, муҳаббатини мерос қолдиряпман. Яқин йиллар ичида бизнинг мамлакатимиз Туркистон озод бўлади. Аммо ўша кунларни мен кўролмайман. Сен албатта озодлигимизни кўрасан. Ўшанда Туркистонга борсанг, она юртимга менинг кўзларим билан боқ, ўғлим! Сен у ерга борсанг улар сени қучоқлаб кутиб олишади”.
Ўша пайтда дадамга ҳа яхши дедим, лекин ичимда мени ким ҳам танирди у ёқларда, деган гаплар кўнглимдан ўтган. Мана бугун Ўзбекистонга келсам ўзбеклар, Қозоғистонга келсам қозоқлар, Қирғизистонга келсам қирғизлар мени кўриши билан қучоқлаб олишяпти. Дадам раҳматли тўғри гапирган экан. Отамга, жадидчиларга бўлган ҳурматларини менга кўрсатишяпти. Иззат-икром қилишяпти. Яратганга минг қатла шукр!
– Сиз илмий тадқиқотларингиз жараёнида ўзбек хотин-қизларининг ҳаёти ва жамиятдаги ўрни ҳақида ҳам изланишлар олиб борган экансиз. Мана шу жараёндаги мулоҳазаларингиз ва хулосаларингиз бизни қизиқтиради.
– Айни мавзудаги мақоламнинг дебочасига Лениннинг сўзларини эпиграф қилиб келтирганман. Москвада Шарқ хотин-қизлари конференцияси бўлган. Ленин бу конференцияда қатнашмаган бўлса-да, табрикнома юборган. Унда шундай сўзлар бор эди: “Аёллар жаҳоннинг кўплаб давлатларида қийналиб, зулм ва зўравонлик остида яшаб келмоқда. Шарқдаги аёллар эса улардан ҳам кўпроқ эзилган. Биз большевиклар эркаклар ва аёллар тенглигини олиб келдик”. Мен ўз таҳлилий мақоламда эркаклар ва аёллар тенглигини большевиклар эмас, жадидлар олиб келган деб ёздим ва бу сўзларимни таҳлил қилиб бердим. Чўлпоннинг “Ўзбек қизига” деган шеъри бор. У шеърида айтяптики:
Бошқада қанот бор, кўкка учадир,
Шохларға қўнадир, боғда яйрайдир.
Сўзлари садафдек, товуши найдек
Куйини ҳар ерда элга сайрайдир...
Кулган бошқалардир, йиғлаған менмен...
Жадидлар турк хотин-қизлари илм олишини, бахтли бўлишини истаган. Улар паранжи ташлашлари учун аввало эркакларимизга таълим беришимиз, уларнинг дунёқарашини ўзгартиришимиз керак, дейишган. Аммо Москва нима қилди? Бир куни барча аёлларни бир майдонга йиғиб, уларнинг паранжиларини ўтга ташлаб куйдирди. Бу воқеада иштирок этган хотин-қизларнинг отаси, эри, ака-укаси бу иснодга чидай олмай уларни ўлдирди. Тарихга назар ташласак, Амир Темур даврида паранжи бўлмаган-ку. Мирзо Улуғбек ҳам ўзи қурдирган расадхона деворларига “Илм олиш ҳар бир эркак ва аёл учун фарздир”, дея бежиз ёздирмаган бўлса керак. Демак, аёлларнинг ҳам мактабга боришга, илм олишга ҳаққи бор эди. Бухоро амирлиги Чор Россиясида эса барча хотин-қизлар эмас, фақатгина отинларгина борди ўқишга. Мактаб-мадрасаларда эса фақат эркаклар таълим олишди.
Яна бир мулоҳазам. Совет даврида хотинларга иккита юк қўйилди. Биринчидан, аёллар энг оғир соҳаларда ҳам фалият олиб борди. Қурилишда, заводларда ва далаларда ишлади. Трактор ҳайдаган Турсунойлар ибрат қилиб кўрсатилди. Иккинчидан, иш тугагач уйига бориб яна кўп вазифаларни бажариши шарт қилиб қўйилди. Икки ёқлама зулм эмасми бу. Шу боис хотин-қизлар ўзини ўзи ёқа бошлади. Дунёнинг ҳеч бир ерида аёллар қурилиш ишларида ишламаган-ку. Аёллар муаллим бўлсин, тоза ва шинам офисларда ишласин, лекин оғир шароитларда ишлаши керак эмас-да...
Янги Ўзбекистонда Президентимиз яна бир хайрли ишни амалга оширди. Буни ҳам, албатта, эътироф этишим керак. Мен Ўзбекистонга 1990 йилнинг октябрида келган эдим. Пахта териш мавсумида бутун бир университетлар, мактаблар кўз ўнгимда ёпилди. Ёш болалар, талабалар, ўқитувчилар пахта далаларида қиш ойларигача пахта теришга жалб қилинди. Кейин мен телевизорда бир лавҳа кўрдим: далаларда ишлаётган аёллар маза қилиб пахта теряпмиз, деяптию тинмай йўталяпти. Чунки уларнинг тепасидан заҳарли дори сепиб турган эди самолётлар. Мана энди пахта қуллигига Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан бутунлай чек қўйилди. Бу миллат равнақи, маърифати, маънавияти, сиёсати йўлида қилинган жуда катта иш.
Мени яна бир нарса қувонтиради. Саида хоним Мирзиёева ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жуда кўп чиқишлар қиляпти, уларни қўллаб-қувватлаяпти. Кейинги пайтда хотин-қизларга нисбатан куч ишлатиш ва зўравонликлар кўпайиб кетаётган эди. Ана шу жараёнда ўз таклифлари ва қатъий қадамлари билан Саида хоним барчага ўрнак бўлди. Биз отам билан суҳбатлашган кезларимизда бир гапни кўп такрорлар эди: “Туркистоннинг фарзандларини боши паҳмоқ, қўли тўқмоқ аёллар эмас, зиёли, маърифатли ва латофатли оналар тарбиялашлари лозим.”
— Чиндан ҳам жадид боболаримиз миллат маърифати, маънавиятини биринчи ўринга қўйган, хотин-қизлар қадрини улуғлаган пешқадам инсонлар бўлишган. Отангиз Усмонхўжа Пўлатов туғилиб ўсган ҳовлида Халқаро жадидлар музейи ташкил қилинаётган экан...
— Уч-тўрт ой олдин Бухородаги бир шахсга сотилган отамнинг ҳовлиси давлат томонидан олиниб, Усмонхўжа Пўлатхўжаев уй-музейи ташкил қилина бошлади. Мен Усмонхўжа Пўлатхўжаев уй-музейи эмас, Усмонхўжа номидаги жадидлар музейи бўлсин деб таклиф қилдим. Музейда Жадидлар кутубхонаси ва илмий–тадқиқот фаолияти учун шароитлар ҳам яратилади. Истанбулда менинг турли тилда нашр этилган 18 минг китоб ва қўлёзмалардан иборат катта кутубхонам бор. Мен ҳам ўша кутубхонани музейга совға қилишга ваъда бердим. Бу китоблар ва қўлёзмалардан жадидлар борасида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар истаганча фойдаланишлари мумкин. Жадидларнинг эзгу ғояларига, отам Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг порлоқ хотирасига кўрсатилаётган бундай эътибор ва иззат-икромдан бошим кўкка етди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевдан жуда миннатдорман. Бу улуғ инсон бошлаган ишларга заррача ҳиссам қўшилса, ўзимни дунёдаги энг бахтли инсон деб биламан. Ўзбекистонга кўз тегмасин!
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди