Музей фондининг асосий қисми Амир Темур ва темурийлар даврига оид қўлёзма асарлар, турли давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борилган ёзишмалар, тангалар, сопол ва мис буюмлар, меъморий безак қопламалари, китоблар, этнографик буюмлар, юртимиз рассомлари асарлари каби нодир экспонатлардан иборат. 

Экспонатларнинг сони эса 2,5 мингдан ошади. Айни пайтда музей залларидаги “Ўзбекистонда ёзув маданияти ва тарихи”, “Шоҳруҳия қалъа-шаҳри”, “Хориждаги меросимиз”, “Амир Темур-Клавихо-Самарқанд”, “Амир Темур ҳаётидан лавҳалар”, “Амир Темур ва темурийлар даври - рассомлар нигоҳида”, “Амир Темур ва темурийлар даври тарихи олимлар назарида” каби кўргазмаларда 1,5 минг экспонат намойиш этилмоқда.