Болалигимизда кўкламнинг илк нишоналари — сийрак тортган қор қўйнидан қимтинибгина бўй чўзаётган оқ, сариқ бойчечакларни узиб, суюнчи сўраб югурганимизда бобо-бувиларимиз ҳар гал юз-кўзига суртиб такрорлайдиган айтим эди бу. Биз — болалар у дамда, эҳтимол, катталарнинг шу каби бир-биридан қизиқ, аллақандай сирли сўзлари, қўшиқларига, гўёки шак-шубҳасиз қилиниши лозим бўлган муқаддас амрдек бажариладиган хатти-ҳаракатларига, уларнинг мазмун-моҳиятига тушунмаган, англамагандирмиз. Лекин савқи табиий равишда барчасининг табиат билан қандайдир уйғунлигини сезар, уларга тақлидан тушуниб-тушунмай такрорлаб юрардик ўша айтимларни, бениҳоя табиий қабул қилардик.

Умуман, қишнинг совуқ нафаси аста-се­кин чекиниб, табиатда кечадиган ўзгариш­лар, яшилланиш инсонлар қалбига ҳам ўзгача таъсир этади, гўё узоқ ўтмишдан келаётган, тупроқ ҳидига қоришиб кетган қадимий бир оҳанг кеза бошлайди томирларимизда. Баҳор билан инсонларнинг асрлар давомида тўп­ланган руҳий тажрибаси, умид ва тилаклари, қўшиқларига сингиб кетган яшовчан хотира­си ҳам қайта уйғонгандек бўлади.

Мавсумий маросимлар ана шу хотиранинг энг қадимий қатламларидан биридир. Йил фасллари алмашгани сайин инсон ҳам табиат билан бирга яшашни, унинг ҳавоси билан нафас олишни ўрганган. Дунёда бирор халқ йўқки, турли муносабатлар билан оммавий байрамлар нишонланмасин. Байрамлар бутун халқ тайёргарлиги билан ўтказилади. Катта шодиёналар режалаштирилади. Махсус таом­лар пиширилади, байрам либослари тикила­ди, ўйин-кулгилар, сайиллар, томошалар, мусобақалар уюштирилади. Шунинг учун миллий байрамлар тизимида халқ тарихи, миллий хусусиятлар ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Мазкур тасаввурларни оилавий, муайян ҳудуд аҳолиси ўртасидаги маросимлар, қо­лаверса, миллий урф-одатлар тўлдиради, мукаммаллаштиради. Демак, урф-одат, анъ­аналар негизида халқнинг тарихий ўзлиги яшаб, авлоддан авлодга ўтиб келар экан, уларга бот-бот қайтаверишимизда ҳам ички бир руҳий эҳтиёж бўлса, не ажаб. Айни маъ­нода, халқимизнинг бир неча минг йиллик ўтмиш хотирасини ўзида жо этган Наврўз тантанаси арафасида ушбу байрам билан, кўклам билан боғлиқ мавсумий маросимлар ҳақида яна бир бор сўз юритишнинг, ўйлай­мизки, айни вақти.

Баҳорий маросимлар фольклори халқ маданиятининг айниқса бой ва ранг-баранг қатламларидан биридир. Бу маросимлар ора­сида “Бойчечак хабари” ёки бойчечак сайли, “Қозон тўлди”, Наврўз сайли, сумалак сайли, лола сайли, “Гули сурх” ёки қизил гул сайли, “Шох мойлар”, шунингдек, ёмғир ёғдириш ёки уни тўхтатиш билан боғлиқ маросим айтимлари алоҳида ўрин эгаллайди. “Суст хотин”, “Сўз хотин”, “Чайла қозоқ” каби маросимлар халқнинг табиат билан боғлиқ тасаввурлари, об-ҳаво ҳодисаларини рамзий тарзда англашга бўлган уринишларини акс эттиради. Буларнинг барчаси халқнинг қади­мий дунёқараши, мифологик тасаввурлари ва табиат билан уйғун ҳаёт тарзининг бадиий ифодасидир.

Жумладан, юртимиз ҳудудида анъана­вий тарзда ўтказиб келинган гул сайиллари орасида энг қадимий ва кенг тарқалган ма­росимлардан бири “Бойчечак хабари”дир. Бу маросим тарихан магик характерга эга бўлган қадимий удумлардан бири сифатида Наврўз арафасидаги шодиёналар қаторида ўтказилган. Баъзи ҳудудларда болалар бир даста бойчечакни узун ёғочнинг учига боғ­лаб, уни баланд кўтариб, қишлоқ кўчалари­ни айланган:

Адирлар тўла чечак,

Биз келдик уча-уча,

Бойчечагим-бойчечак,

Кутиб олинг, ҳой чечак…

Мазкур одат орқали баҳорнинг келгани, қишнинг ортга чекингани рамзий тарзда эълон қилинган. Қадимий бойчечак маросим­ларида қиш ва кўклам курашини ифодаловчи саҳналар ҳам мавжуд бўлган. Унда қиш ва ёз тимсоллари рамзий жанг қилиб, айтим-қў­шиқлар орқали баҳслашган. Бу саҳналарда табиатдаги фасллар алмашинуви халқона та­саввурлар воситасида жонлантирилган. Ма­росим давомида одамлар Наврўзга соғ-омон етиб келгани учун шукрона айтиб, бир-бир­ларига эзгу тилаклар билдирган.

Халқ тафаккурининг бетакрор мўъжиза­ларидан бири бўлган Наврўз байрами ана шу баҳорий маросимлар тизимининг энг улуғи сифатида замонлар оша яшаб кел­моқда. Табиат ва жамиятдаги янгиланишни ўзида мужассам этган бу байрам халқнинг дунёқараши, турмуш тарзи, миллий анъа­налари ва бадиий тафаккурининг энг муҳим ютуқларидан озиқланиб, асрлар давомида бойиб, такомиллашиб борган. Айни даврда нафақат табиат, балки инсон қалби ҳам ян­гиланади, яшаради. Шу боис, Наврўз сайил­лари халқ қалбига қувонч, меҳр-оқибат ва эзгу умидлар бахш этадиган ҳаётбахш шо­диёна сифатида қадрланади. Унинг мазмуни ва тузилишида аждодларимизнинг қадимги мифологик тасаввурлари билан бирга за­мондошларимизнинг қарашлари ҳам мужас­сам бўлиб, кенг маънавий қатламни ўзида жамлаган.

Байрам кунлари халқ ўйинлари, кўпкари, кураш, арғимчоқ учиш, варрак учириш каби қадимий анъаналар яна жонланади. Фольк­лор-этнографик жамоалар, лапар ва ўлан иж­рочилари, ҳунармандлар кўрик-танловлари, аскиячилар беллашувлари байрам кайфиятини янада бойитади. Маҳаллалар ободончилиги, оилалар фаровонлиги, меҳр-оқибатни тарғиб этувчи турли танловлар эса Наврўз сайиллари­нинг ижтимоий аҳамиятини янада оширади.

Наврўз байрамини сумалаксиз тасаввур қилиш қийин. Қадимдан халқимиз ушбу шо­диёнага тайёргарликни майса ундириш ва сумалак пиширишдан бошлаган. Аждодлари­миз Наврўз оқшомида катта қозонларда сума­лак қайнатиб, янги йил баракали ва серҳосил бўлишига умид боғлаган. Сумалак пишири­лаётган даврада онахонлар қадимий қўшиқ­лар, байт ва ғазаллар куйлаб, байрам файзига янада файз қўшган.

Сумалак билан боғлиқ маросимлар ора­сида Амударё бўйларида кенг тарқалган “Ашшадарози” маросими алоҳида эъти­борга молик. Мазкур маросим Хоразм халқ театрининг қадимий анъаналарини ўрганиш жараёнида аниқланган. Сумалак пишири­лаётган пайтда узун таёқдан ясалган қўғир­чоқ — Ашшадарози саҳнага олиб чиқилган. Унга аёл кўйлаги кийгизилиб, бош қисмига рўмол ўралган, бошига дўппи қўйилган ҳол­да келинчак тимсолида безатилган. Ашшада­розини кўтарган аёл даврага кириб келганда айтишув ва қўшиқлар бошланиб, маросим ўзига хос халқ томошасига айланган. Эр­какча кийинган аёл билан Ашшадарозининг айтишуви, қўшиқлари давра аҳлига қувонч бағишлаган.

Маросимларнинг туб моҳиятида халқнинг қадимий мифологик тасаввурлари, қиш ва ёз кураши, табиатдаги ҳаёт айланиши ҳақидаги қарашларини илғаш қийин эмас. Масалан, халқимизнинг баҳор фаслига боғланган ма­росимлари орасида қадимдан яшаб келаёт­ган анъаналардан бири — ҳалинчак учиш маросимини айтиш мумкин. У баҳорнинг қувончли кайфияти билан уйғунлашган халқ сайилларининг ажралмас қисми саналади. Байрам кунлари, айниқса, Наврўз арафасида ёки сайиллар давомида қиз-жувонлар бир жойга тўпланиб, боғ-роғларга сайрга чиққан. Дарахтлар, айниқса, азим ўрикларнинг мус­таҳкам шохларига арқон ташлаб, улардан ар­ғимчоқ — ҳалинчаклар ясашган. Баҳорнинг илиқ шабадаси, атрофни қоплаган гул ҳидла­ри, қушларнинг сайраши орасида ҳамма нав­бати билан арғимчоқ учган.

Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида яшаган Яхшигул момо Мулла Ниёзберди қизининг эслашича, бу маросимга оддий ўйин сифатида қаралмаган. Халқ орасида шундай эътиқод мавжуд бўлган: ким Наврўз кунлари арғимчоқ учса, йил давомида би­либ-билмай қилган гуноҳлари гўё шу учиш билан тўкилиб кетади, инсон руҳий жиҳат­дан енгиллик топади. Шу сабабли кекса мо­молар ҳам ёшлар билан бирга ҳазил-ҳузул аралаш арғимчоққа чиққан. Улар “Арғим­чоқ учсак савоб бўлади, оғирлигимиз ерга тўкилади, қушдек енгил бўламиз”, деб ку­лишиб, баҳорий шодиёнага ўзгача файз ба­ғишлаган. Набиралар эса бу манзарани завқ билан кузатиб, момоларимизнинг ёшига етайлик деган ниятда арғимчоқ ипларини тутиб, ҳалинчакни ҳаракатлантириб тур­ган. Шу тариқа бир қарашда оддий ўйиндек кўринган маросим, аслида, авлодлар ўрта­сидаги руҳий яқинликни мустаҳкамлаган, баҳорнинг қувончли руҳини биргаликда ҳис этишга хизмат қилган.

Наврўз байрами билан боғлиқ маросим­лар тизимида алоҳида ўрин тутадиган са­йиллардан яна бири — “Қизил гул сайли”. У қадимий аграр эътиқодлар ва ҳосилдор­лик ғояларини акс эттирадиган умумхалқ байрамларидан. Баҳор келиб, қизил гуллар очила бошлаган пайтда халқ сайилга чиқиб, табиатнинг яшариши ва ҳосилнинг барака­ли бўлишини нишонлаган. Сайил ўзига хос қўшиқлар тизимига эга бўлиб, унда халқ қў­шиқчилик санъати, рақс, ўйин фольклори, халқ театри унсурлари, ҳунармандлик намо­йишлари, турли урф-одат ва маросимлар му­жассам бўлган. Шу боис, бу сайил нафақат табиат янгиланишини нишонлаш, шу билан бирга, халқнинг бадиий диди ва ижодий са­лоҳиятини намоён этувчи катта маданий ҳо­диса ҳамдир.

Шу маънода, фольклорга, хусусан, баҳо­рий айтимларга ҳам фақат ўтмишдан қолган эсдалик ўлароқ қараш, баҳо бериш нотўғри бўларди. Улар, ҳеч шубҳасиз, бугунги инсон учун зарур бўлган ички таянчлардан бири­дир. Маросимлар, халқ қўшиқлари одамлар­ни ғайришуурий равишда бирлаштиради. Ким ижро этишидан, ким тингловчи эканидан қатъи назар, ҳамма бир хил туйғуни бошдан кечиради. Шу орқали миллат ўзининг теран илдизларига қайтади, ўзини, ўзлигини қайта англайди. Бугун уларни унутишга, эскилик сарқитидек муносабатда бўлишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Зотан, сувни муқаддас билиб улғайган бола унга ҳеч қачон чиқинди таш­ламаганидек, аждодларнинг маданий ва маъ­навий меросидан яхши хабардор инсон ҳам аслида ким эканини асло унутмайди.

Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири