Дастлабки маълумотларга кўра, Чирчиқ шаҳрида яшовчи аёл (1997 й.т. К.А.) ҳудудий ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, турмуш ўртоғи (1983 й.т. Ш.А.) сўнги вақтларда ўзгариб қолгани, фарзандига нисбатан тазйиқ ўтказгани ва уй ҳайвони (мушук)га нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётганини баён қилган (шу мазмундаги мурожаат ижтимоий тармоқларга ҳам тарқатилган).
Мазкур ҳолат ИИБ ходимлари ва маҳалла масъуллари иштирокида хонадонга борган ҳолда ўрганилган ва тегишли баённома расмийлаштирилган.
Аниқланишича, хонадонда хабарда қайт этилгани каби, "ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш" билан боғлиқ ҳолат аниқланмаган. Аммо, бундан тахминан 10-15 кун уйда боқаётган мушуги эътиборсизлик оқибатида кир ювиш машинаси ичида қолиб кетгани маълум бўлган.
Мурожаатни йўллаган унинг турмуш ўртоғи (аёли) билан боғланилганда, у ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида эканлигини маълум қилган. Аёлга ҳолат юзасидан тушунтириш берилиб, унга ҳимоя ордери тақдим этиш ҳамда фарзандига нисбатан тиббий экспертиза тайинлаш бўйича ҳужжатлар тайёрланган.
Шунингдек, фуқаро (Ш.А.) 13 йилдан бери, қон билан боғлик касаллик билан даволаниб келиши (Республика ихтисослаштирилган аллергология маркази маълумоти) ҳамда зарур дори воситалари ва амалиётларни ўзи қўллаши маълум бўлган (ижтимоий тармоқларда тарқатилган сурат).
Фуқаронинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи билан бўлаётган келишмовчилик сабабли, бу ҳолат турлича талқин қилиниб, айримларида ваҳимали тус берилиб интернет тармоқларига тарқатилган (https://t.me/nemolchiuz/8834).
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳар ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Натижаси бўйича қўшимча ахборот берилади