Кураш байрамига ташриф буюрган расмий меҳмонлар, полвонлар эрта тонгдан буюк аллома ал-Ҳаким ат-Термизий қабрини зиёрат қилди. Зиёрат чоғида меҳмонларга дастурхон ёзилиб, эҳсон оши берилди. Зиёрат боғи ҳудудида кураш бўйича маҳорат дарслари ҳам уюштирилди. Ушбу маҳорат дарсларини хорижлик полвонлар бошлаб берди. Фахрий полвонлар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар ҳам курашнинг жозибасини яққол намойиш этди.

Куннинг иккинчи ярмида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов, Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон иштирок этди.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар курашнинг халқаро миқёсдаги ривожи ва бошқа кўплаб саволларига жавоб олди. Анжуман чоғида курашга оид турли таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Шундан сўнг барча иштирокчилар “Алпомиш” стадиони томон йўл олди. Соат 16:00 дан бошлаб халқаро турнирга старт берилди. Эркаклар 81, 90 кг. Вазн тоифаларда куч синашаётган бўлса,  аёллар 48, 57, 63, 70 кг. вазн тоифасига кўра беллашмоқда.

Нуфузли тадбирнинг расмий очилиш маросими эса бугун кечки пайт бўлиши режалаштирилмоқда. 

Илҳом РАҲМОНОВ