Дунёда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазият жуда тез ўзгармоқда. Айниқса, кейинги кунларда мамлакатимизда ҳам касалланишлар сони сезиларли даражада ортгани, хусусан, пойтахтимизда “COVID-19”га чалинган беморлар кундан-кунга кўпайиб бораётгани барчамизда жиддий ташвиш уйғотмоқда.
ССВ Матбуот хизмати шаҳар “103” хизматининг айни кундаги фаолияти, чақирувлар сони, аҳолининг коронавирус билан касалланиш ҳолати юзасидан маълумот олиш мақсадида Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси CALL-маркази бўлим бошлиғи Насиба МАҲМУДОВАга мурожаат қилди.
— Сир эмас, сўнгги ҳафталарда юртимизда “COVID-19” инфекцияси тарқалиши янада тезлашди, — дейди Н.Маҳмудова. — Хусусан, жорий йилнинг 23 июнь санасидан мамлакатимизда кунлик касалланишлар сони мунтазам равишда ўртача 400 тадан ортаётгани, айниқса, Тошкент шаҳрида хасталикка чалинаётган беморлар кўпчиликни ташкил қилаётгани барчамиздан карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни тақозо этмоқда. Қолаверса, бу салбий ҳолат шаҳар “103” хизматига бўлаётган чақирувлар сони ортишига ҳам сабаб бўлаётир.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2021 йил бошидан 5 июль ҳолатига кўра, шаҳар тез тиббий ёрдам хизматига жами ярим миллиондан зиёд чақириқ келиб тушди. Шундан 8578 тасини пневмония ва коронавирус инфекциясига ҳамда бошқа юқумли касалликларга чалинганлиги гумон қилинган катта ёшли беморлар, 630 тасини эса 18 ёшгача бўлган болалар ташкил этди.
Айни пайтда шаҳар “103” хизмати CALL-марказига бир кунда ўртача 4500-4750 нафар фуқаро мурожаат қилмоқда. Хусусан, сўнгги 10 кун ичида (25 июндан-4 июлгача) жами 42 минг 740 та чақириқ келиб тушди.
Шундан пневмония белгилари кузатилган, коронавирус ташхиси қўйилган ёки унга гумон қилинган ва бошқа юқумли касалликлар билан тўрт минг нафарга яқин беморга сифатли тез тиббий хизмат кўрсатилди.