Тошкент шаҳар Юнусобод туманида яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси билан судланган, 35 ёшли Л.В. Миробод туманида жойлашган "Фурқат" истироҳат боғида "Х" исмли махсус харидорга 500 грамм "гашиш" гиёҳвандлик моддасини 6 500 АҚШ долларига сотмоқчи бўлганлиги юзасидан тезкор маълумот келиб тушган.

Мазкур хабар юзасидан жорий йилнинг 23 июнь куни соат тахминан 19:20 ларда ИИВ ЖҚББ ва Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари билан ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида Миробод туманида жойлашган "Фурқат" истироҳат боғи олдида фуқаро Л.В. махсус харидорга уч дона полимер пакетчиларга солинган тўқ жигарранг моддаларни сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, ушбу моддалар далилий ашё сифатида олинган.

Ўтказилган суд-кимёвий экспертиза хулосасида фуқаро Л.В.дан олинган моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда «тетрагидроканнабинол» мавжуд бўлиб, бу модда "гашиш" деб аталиши, умумий оғирлиги эса 233,44 грамм ташкил этиши кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Л.В.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақида Ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.