Материалда Афғонистон келажаги ушбу жараёнда қатнашаётган, бироқ ушбу ҳудуддан олисда жойлашган давлатларга нисбатан Марказий ва Жанубий Осиёга кўпроқ таъсир қилиши қайд этилган.

Муаллиф таъкидлашича, АҚШ ва НАТО Афғонистондаги иштирокини камайтирган сари, Марказий Осиёнинг мазкур жараёндаги аҳамияти ошаверади. Тошкентда бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиёнинг минтақавий ўзаро боғлиқлигига бағишланган халқаро конференция Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишда минтақанинг роли кучайиб бораётганини намоён қилди.

Мақолада Марказий ва Жанубий Осиё минтақавий алоқалари бўйича халқаро конференция чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳинд-Ганг текислигини Таксила, Гандара, Термиз сингари тарихий шаҳарлар орқали Евросиёнинг жанубий ҳудуди билан боғлаган, Уттарапатха номи билан маълум қадимги шимолий савдо йўлининг ўзига хос замонавий шаклини яратиш режаларини баён қилгани таъкидланган.

Журналист Ўзбекистон Президенти қадим замонларда Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаган "Ипак йўли"ни эслаб, Афғонистонни ушбу тарихий ришталардаги асосий бўғин деб атаганига ўқувчилар эътиборини қаратган. Термиз-Мозори-Шариф-Кобул-Пешовар трансафғон темир йўли ва  “Шимол – Жануб” транспорт коридори "ўзаро боғлиқлик архитектураси"нинг асосий элементлари сифатида муҳимлиги таъкидланди, дейилади мақолада.

Ўзбекистон ва унинг Марказий Осиёдаги қўшниларининг интилишлари учта муҳим омилга асосланган. Биринчидан, денгизга тўғридан-тўғри йўлга эга бўлмаган ушбу мамлакатларнинг тараққиётига Афғонистон орқали Ҳинд океанига чиқиш ижобий таъсир кўрсатади. Иккинчидан, Афғонистон орқали транзит толиблар томонидан хавфсизлик кафолатларига боғлиқ. Учинчидан, Марказий Осиё давлатлари Хитойнинг "Бир макон, бир йўл" ташаббусига қўшилган, бу эса ушбу мамлакатларга сармоя оқимини икки баробар оширади, деб ёзади муаллиф.

"Дунё" АА мухбирининг қайд этишича, Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги вазият ўнгланишидан бирдай манфаатдордир ҳамда ўз чегаралари яқинида беқарорлик ўчоқлари ва террорчи гуруҳлар маконлари пайдо бўлиши эҳтимоли, минтақа давлатларига радикализм таъсир ўтказиши мумкинлигига нисбатан ташвиш билдирмоқда.