Тадбирда «The Korea Times» газетаси билан элчихона ўртасида самарали ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилиб, нашриёт раҳбарига Ўзбекистоннинг ички ҳамда ташқи сиёсати мазмун-моҳиятини ўзида акс эттирувчи туркум мақолаларни халқаро жамоатчиликка етказишда кўрсатаётган амалий ёрдами учун миннатдорлик билдирилди.

О Ёнг Жиннинг таъкидлашича, авваллари халқаро ҳамжамият Ўзбекистонни Буюк ипак йўли марказида жойлашган, қадимий тарих ва бой маданиятга эга, буюк алломалар етишиб чиққан замин сифатида таниган. Сўнгги 4-5 йил ичида эса амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, изчил ва фаол ташқи сиёсат мамлакатнинг халқаро нуфузини янада ошириб юборди.

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштиришга, жорий йилда юртимизда бўлиши кутилаётган муҳим тадбирларни ушбу нуфузли газетанинг саҳифаларида кенг ёритиб боришга келишиб олинди.

Хусусан, «The Korea Times» газетаси раҳбари Ўзбекистонда бўлажак тадбирларни ёритиш мақсадида мухбирлар гуруҳини Тошкентга юборишни режалаштираётганини маълум қилди.

Газета президенти Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари, хусусан, инглиз тилида чоп этиладиган нашрлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қизиқиш билдирди.

«The Korea Times» Жанубий Кореяда инглиз тилида чоп этиладиган учта йирик газеталар бири ҳисобланади. 1950 йилда асос солинган, ҳар куни 400 минг нусхада чиқарилади. Газета нафақат Жанубий Корея, балки чет элда ҳам ўз ўқувчиларига эга. Дунёнинг қатор йирик нашрлари билан яқиндан ҳамкорлик қилади.