Аввалига бу гапларга унчалик ишонқирамаган бўлса-да, Абдурашид отанинг ҳам қизиқиши ортди. Сўнгги йилларда юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни кўриб, эшитиб, кўнгли анча ёришган эди. Агар бу гаплар рост бўлса, қишлоқ одамларининг кўп йиллик орзуси амалга ошган бўларди-да...

Тунов куни об-ҳавонинг таъсирими ёки кексалик сабаб бир оз тоби қочган Абдурашид ота шифокорга учрайман, деб кун давомида қийналди. Боиси, бориши керак бўлган Гужумли қишлоғидаги 65-сонли оилавий поликлиника ота яшайдиган Оққудуқ қишлоғидан анча олисда — 20 километрча келади. Бирор-бир техника топай деса қишлоқчилик, ҳа деганда топилавермайди. Бу ҳолатдан қон босими ошиб ётиб қолди. Ҳартугул, тез ёрдам чақиришган экан, бир оз ўзига келди.

Бугунги янгилик эса, жазирамада эсган тонги салқин шабадаси каби киши кўнглини кўтариб юборди. Қишлоқ ёшу кексасининг оғзида шу гап. Айниқса, аёлларнинг қувончи чексиз. Нуронийларнинг қўли дуога очилди. Чекка ҳудуд демасдан, шу манзилга ҳам эътибор қаратилаётгани, инсон қадри тамойили аҳоли турмушида ўз ифодасини топиб, ислоҳотлар кириб келаётганига шукрона айтишди.

Олис қишлоқ орзуси рўёбга чиқди

Президентимизнинг жорий йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, шу йилнинг 1 майидан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларидан олис масофада жойлашган ҳудудларда маҳалла тиббиёт пунктлари ташкил этилмоқда.

 Бу йил Кўкдала тумани “Қанотли” маҳалла фуқаролар йиғини Оққудуқ қишл оғига истиқлол байрами шукуҳи ўзгача кириб келмоқда. Тўйга гўё тўёна деганларидек, қишлоқ аҳолиси учун янги маҳалла тиббиёт пункти иш бошлади.

— Ҳафта-ўн кун аввал қишлоғимизда тиббиёт пункти иш бошлармиш деган гап-сўзлар тарқалиб қолди, — дейди Оққудуқ қишлоғида истиқомат қилувчи 73 ёшли Абдурашид ота Сиддиқов. — Рости, ишонмадим. Боиси, қишлоғимиз тарихида бўлмаган иш бу. Энг чекка ҳудудлардан ҳисобланган қишлоғимизда бундай ўзгаришлар бўлиши хаёлга ҳам келмаганди. Ахир биргина жароҳатга дори қўйиб боғлаш учун ҳам йигирма километр масофага қатнаш, айниқса, биздек кексаларга оғирлик қиларди. Энди дўхтирхона бир қадам жойда. Керакли вақтда зарур муолажа олиш мумкин. Шундай шароит яратилганининг ўзи одамга руҳий кўтаринкилик бераркан...

Биласизми, 2022 йил биз учун ўзгаришларга бой бўлмоқда. Катта ўзгаришлардан бири шуки, Кўкдала тумани қайта ташкил этилиб, жуда кўп қулайликлар, имкониятлар яратиляпти. Зарур юмушлар учун туман марказига қатнаш анча яқин бўлди. Эндиликда эса тиббий хизмат кўрсатиш ҳам қишлоғимизга кириб келди. Бундан фақат қувониш, саъй- ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш керак.

— Бу пунктнинг очилиши аҳолига  тиббиий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Кўкдала тумани 65-оилавий поликлиника мудири Тўлқин Файзуллаев. — Янги ўрнатилган контейнер икки бўлимдан иборат бўлиб, ҳар бири барча керакли жиҳозлар билан таъминланган, бирламчи тиббий-санитария хизматини кўрсатиш учун етарли шароит бор. Бир сўз билан айтганда, бу пунктларнинг ташкил этилиши шифокорлар учун ҳам, аҳоли учун ҳам ҳар жиҳатдан қулай. Эндиликда ушбу маҳалла тиббиёт пункти икки минг нафарга яқин аҳоли учун хизмат кўрсатади. 

Тўқсон бешта манзилда янги тиббиёт масканлари

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 июндаги фармойиши ижроси доирасида Тошкент вилоятида жойлашган коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуа тугатилганлиги сабабли мазкур муассасадан жами 95 та махсус контейнер Қашқадарё вилоятига келтирилди.

— Мазкур контейнерлар босқичма- босқич тартибда воҳамизнинг олис ҳудудларига ўрнатилмоқда, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси Абдусалим Юсупов. — Жами тўқсон бешта манзилда янги маҳалла тиббиёт пунктлари иш бошлаши мамлакатимиз мустақиллиги байрами арафасида аҳоли учун қўшалоқ байрамга айланади. Айниқса, чекка қиш лоқларга тиббий хизмат кириб бориши одамларнинг оғирини енгил қилиб, инсон қадрини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатларга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотлар, аввало, инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонида ҳам ҳар бир мақсад инсон қадрини юксалтиришга қаратилган. Ушбу стратегиянинг 64-мақсадида ҳудудларда бирламчи тиббий хизматни “бир қадам” тамойили асосида ташкил этиш белгилаб қўйилган.

Бебаҳо бойлик саналмиш инсон саломатлигини асраб-авайлаш, инсон қадрини улуғлаш шу юртнинг равнақи йўлидаги эзгу хизматдир. Бу хизмат қадрланган элнинг келажаги эса ойдин йўлларга туташ бўлиши шубҳасиз.  

Акбар Раҳмонов,

“Янги Ўзбекистон” мухбири