Инсониятнинг табиатга ҳаддан ортиқ таъсири кўпинча экологик муаммоларни юзага келтиради. Булар орасида чиқиндилар муаммоси ҳам ҳозир энг долзарб масалалардан бирига айланиб боряпти. Фан-техника ва технологияларнинг жадал ривожланиши жараёнида аҳоли истеъмоли учун яроқсиз бўлган ишлаб чиқариш маҳсулотларининг чиқинди сифатида ташлаб юборилиши авж олган. Таҳлилларга кўра, жаҳоннинг деярли барча мамлакатида қаттиқ маиший чиқиндилар аҳоли жон бошига ҳар йили 1 фоизга ошмоқда. 

Аслида, ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб чиқиндилар ҳажмининг ялпи ўсиши экологик барқарорликка катта салбий таъсир кўрсата бошлади. Инсон ва табиат ўртасидаги муносабатлар мураккаблашиб, ушбу таъсир табиий омиллар билан қиёсланадиган даражага етди. Янги асрнинг замонавий тараққиёти эса маиший ва саноат чиқиндиларининг йил сайин ортишига сабаб бўляпти. Энергетика, рангли ва қора металлургия, кимё саноати ва қурилиш индустрияси объектлари чиқинди ҳосил қилувчи, атроф-муҳитни ифлослантирувчи асосий манбалар ҳисобланади. Ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 800 дан ортиқ тури қайд этилган бўлиб, улар сонининг келгусида янада ортиши башорат қилинмоқда.

Аммо танганинг бошқа томони ҳам бор. Одамлар энг кўп ташлайдиган маиший чиқиндилар экология учун зарарли бўлиш баробарида, арзон хомашё ҳамдир. Яъни, чиқиндиларнинг 80 фоизгача қисмини органик моддалар ташкил қилади ҳамда уларни қайта ишлаш натижасида катта миқдордаги энергия ва энергия ташувчиларни ишлаб чиқариш мумкин. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси чиқиндиларнинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатмоқда. Масалан, Японияда резина ва кабел буюмларнинг 34 фоизи, шиша буюмларнинг 43 фоизи, қоғоз ва картоннинг 54 фоизи чиқиндиларни қайта ишлаш эвазига олинар экан. Хитойликлар эса алюминий, темир, мис каби металлардан ясалган буюмларнинг 33 фоизини, жун, ипак, чарм-атторлик буюмларининг 34 фоизини турли чиқиндиларни қайта ишлаш ҳисобига олади.

Айрим давлатларда чиқиндиларни алоҳида йиғиш тизими ҳам йўлга қўйилган. Натижада қоғоз, пластик, алюминий каби хомашёнинг катта қисми қайта ишлашга юборилади. Бу жараённинг экомуҳитга ижобий таъсири катта бўлиб, энергия ва хомашёни сезиларли даражада тежайди.

2 соатда самарали натижа

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда республикамизда йилига 26 фоиз қишлоқ хўжалик чиқиндиси, 100 миллион тоннадан ортиқ саноат чиқиндиси, 35 миллион тоннага яқин маиший чиқинди ҳосил бўлмоқда. Чиқиндихоналар ва чиқинди сақлаш омборхоналарида 2 миллиард тоннага яқин саноат, қурилиш ва маиший чиқинди сақланаётгани ҳамда улар 12 минг гектар майдонни эгаллаб тургани ҳам ижобий кўрсаткич эмас.

Ҳозир атроф-муҳитга нафақат маиший, балки тиббиёт чиқиндиларининг хавфи ҳам ортиб бормоқда. Уларнинг таъсирида сув, ҳаво, тупроқ, озиқ-овқат маҳсулотларининг ифлосланиши аҳоли орасида инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг тарқалишига омил бўлади. Айниқса, коронавирус пандемияси сабаб дунё давлатларида тиббиёт чиқиндилари ҳосил бўлиши ортган. Мамлакатимизда ҳам ҳеч қачон бу қадар кўп дока ниқоблар, резина қўлқоплар, ҳимоя воситалари ишлатилмаган. Модомики, уларни ишлатишга талаб бор экан, фойдаланиб бўлгач, маиший чиқиндиларга аралаштирмаслик муҳим. Тиббиёт клиникалари ва давлат шифохоналаридан чиқадиган чиқиндиларни эса муфельни печда 1200 градус иссиқликда қиздириб, тўлиқ зарарсизлантириш зарур.

Шу мақсадда, Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти жамоаси тиббиёт чиқиндиларини экологик зарарсизлантиришга қаратилган инновацион лойиҳани ишлаб чиқди. Бунинг учун икки камерадан иборат махсус конструкцияли печь тайёрланди. Тиббиёт чиқиндилари ана шу печда термик зарарсизлантирилади.

Биринчи камерада чиқинди кимёвий ва микробиологик тахлиллар натижасидан келиб чиқиб ўта юқори даражаги ҳароратда тўлиқ оксидланади. Юкланган махсулотнинг органик қисмидан бирор қаттиқ чиқинди қолмайди. Аммо маҳсулот таркибидаги ноорганик бирикмаларнинг қаттиқ оксидларидан иборат аралашмалари сақланиб қолади. Бундай қолдиқ мутлақо безарардир.

Иккинчи камерада эса термик парчаланиш натижасида хосил бўлиши мумкин бўлган чала оксидланган маҳсулотларни тўлиқ, яъни оксидланишнинг охирги безарар компонентигача оксидлаш ишлари олиб борилади ва газ махсулоти атмосферага чиқариб юборилади. Махсус технология атроф-муҳитга мутлақо зарарсиз газ ташламаларини чиқаради.

Бундай печларда нафақат тиббий, балки ўта юқумли касалликлар билан оғриган беморлардан қолган маиший чиқиндилар ҳам ёқилади. Бу ҳожатхона қоғози, идишлар, озиқ-овқат чиқиндилари, чойшаблар ва бошқалардир. Маҳсулот бир маротаба юклагандан сўнг, 2 соат давомида тўлиқ зарарсизлантирилади ва жараён якунланади. Мазкур технология ёрдамида ҳатто коронавирус инфекциясида гумонланаётганлардан қолган чиқиндилар ҳам тўлиқ зарарсизлантирилади.

Инфекция хавфи нафақат шифокорлар, балки ушбу чиқиндиларни йиғиш ва йўқ қилиш билан шуғулланадиган одамлар учун ҳам юқори экани маълум. Шу боис, мутахассислар чиқиндиларни йўқ қилиш жараёнида икки қават ниқоб, кўзойнак ёки экран, қўлқоплар, шунингдек, ҳимоя комбинезони ва резина этиклар кияди. Ходимлар печга ҳар икка соатда чиқиндиларни юклаганда, шахсий ҳимоя воситаларини ҳам ўзгартирадилар.

Коронавирусни тарқатувчи микроорганизмларнинг очиқ муҳитда бир неча кунгача сақланиши мумкинлигини ҳисобга олиб, чиқиндиларни имкон қадар тезроқ йўқ қилиш муҳим. Шунинг учун ҳам қурилма айниқса, локал холатда эксплуатацияга жуда қулай.

Ҳар масаланинг бир ечими бор...

Чиқиндилар ҳақида гап борганида, уларнинг катта-кичиклиги, оз ёки кўплиги аҳамиятсиз, у барибир чиқинди ва экология ҳамда инсон саломатлиги учун салбий таъсирга эга. Шу боис, мамлакатимизда ушбу масалага жиддий эътибор қаратилиб, изчил экологик сиёсат юритилмоқда.

Буни ижобий томонга ўзгараётган рақамларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, охирги йилларда ишлаб чиқариш соҳаларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш натижасида атмосферага чиқарилаётган зарарли моддаларнинг миқдори 2,1 мартага, оқава сувларнинг ташланиши 2 баробарга камайди. БМТнинг Тараққиёт Дастури ҳамкорлигида чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсати ва ҳаракатлар самарадорлигини оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни бошқариш бўйича Миллий стратегия ва Ҳаракатлар режаси” ҳам ишлаб чиқилган. Мазкур ҳужжат чиқиндилар бўйича муаммоларни ҳал этишда амалга ошириладиган ишларнинг стратегик йўналиши ва мувофиқлаштиришнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Аммо чиқиндиларни қайта ишлаш масаланинг ягона ечими эмас. Чунки чиқиндилардан иккиламчи манба сифатида қайта фойдаланиш ҳам экологияга ўз таъсирини кўрсатади. Шу боис, соҳа мутахассислари олдида, аввало, кўпайиб бораётган чиқиндиларни тўғри бошқариш орқали атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазифаси турибди. Мамлакатимизда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳам чиқиндилар билан бирга қимматли модда ва материалларнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитнинг токсик саноат ва тиббиёт чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш, қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиғилиши, зарарсизлантириш муаммоларини ҳал этишга йўналтирилган.

Гап шундаки, аҳоли сонининг ортиб бориши билан саноат кархоналарида ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотларига талаб кўпайиши табиий ҳол. Инсон эҳтиёжлари бирламчи бўлгани ҳолда, буни тўхтатиб бўлмайди. Аммо масалага бошқачароқ ёндашиш мумкин.

Масалан, турли ичимлик сувлари, суюқ ва кукунсимон тозаловчи воситалар, лак-бўёқ эмаллари пластик, шиша ёки металл идишлар ҳамда полиэтилен пакетларда қадоқланган ҳолда ишлаб чиқарилади. Улардан фақат шиша идишларнигина қайта ишлатиш мумкин. Пластик идишлар эса бир марталик бўлиб, қайта ишлатишга яроқсиз саналади. Полиэтилен пакетлар ҳам шундай. Улардан чиқаётган чиқиндилар эса атроф-муҳитга асосий маҳсулотлардан ҳам кўпроқ зарар етказмоқда. Булар пластик, шиша ва металл идишлардаги турли ҳажм ва шаклдаги ёрлиқлардир. Тўғри бу ёрлиқлар кичик ва ихчам бўлиши, ўз навбатида, ишлаб чиқарилган маҳсулот тўғрисида маълумот бериши билан фойдали. Аммо атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида гап кетганида, уларнинг салбий таъсири кўзга ташланади. Биринчидан, улар қайта ишлатишга яроқсиз, иккинчидан, табиатда парчаланиб кетиши учун бир неча ўн йил, ҳатто, асрлар керак бўлади. Қолаверса, уларни қайта ишловчи технологиялар мавжуд эмас ва бу турдаги чиқиндилардан йиллар давомида катта ахлат уюмлари полигони ҳосил бўлади.

Шундай экан, ишлаб чиқарувчилар бу борада янгича усуллардан фойдаланиши зарур. Масалан, ишлаб чиқарилаётган пластик, шиша ёки металл идишга илинадиган ёрлиқлар ўрнига қадоқланган идишнинг ўзига худди ёрлиқдагидек тасвирларни тушириш мумкин. Шунингдек, кукунсимон маҳсулотларни полиэтилен пакетларда эмас, балки нам юқмайдиган қоғоз пакетларга қадоқлаш лозим. Бундай ҳолат биринчидан, қўшимча чиқиндилар чиқишининг олдини олса, бошқа томондан, айрим қадоқларни қайта ишлатиш имконияти пайдо бўлади. Бу иқтисодий жиҳатдан ҳам анча самарадор.

Умуман, чиқиндилар фақатгина ишлаб чиқарувчилар ёки соҳа мутахассиларининг муаммоси эмас, аввало, масаланинг ечими ўзимизда. Биринчи навбатда, экологик маданиятни оширишимиз лозим. Қолаверса, бу борада янги усул ва технологияларни қўллашнинг даври келди. Олимларимиз яратган инновацион лойиҳалар эса бу борадаги муҳим қадамлардан бўлмоқда.

Ҳамза АМИНОВ,

Давлат экология қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит ва табиатни

муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари