Шундан, 2 407 та қонунбузилиш соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан содир этилган.   

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуалари туғилиш ва перенатал ўлим тўғрисидаги тиббий маълумотларни электрон тизимга киритишда 1 976 та, фуқароларга ипотека кредитига давлат субсидиясини ажратишда хулоса беришда 271 та, фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш хизматини кўрсатишда 80 та, шунингдек, фуқароларнинг Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш хизматини кўрсатишда 81 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган. 

Мисол учун, Жомбой туман Тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси нарколог врачи М.Туракулов Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 январдаги 18-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг Маъмурий регламенти” талаблари қўпол равишда бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланди. Яъни, М.Туракулов гарчи ваколатига кирмасада, 2021 йилнинг 30 октябрь куни фуқаро А.Турдиеванинг мурожаатига асосан фуқаронинг Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома расмийлаштириб берган. 

Ваҳоланки, Маъмурий регламентнинг 2-бандида, давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан кўрсатилиши қатъий белгиланган.

Бундан ташқари, Пайариқ туман Давлат хизматлари марказининг 2021 йил 31 мартдаги фуқаро Ф.Усарованинг ипотека кредитига Давлат субсидиясини ажратиш тўғрисидаги сўровномаси фуқарони ижтимоий мезонларга мос келишини аниқловчи ва баҳоловчи масъул ташкилотларга, шу жумладан Пайариқ туман тиббиёт бирлашмасига ҳам юборилган. Бироқ, туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли марказий поликлиникаси бош врач ўринбосари С.Хушвақтов ариза берувчи ва унинг оила аъзоларига оид тиббий маълумотларни 25 кунга кечиктириб, 2021 йилнинг 8 май куни электрон тизимга бириктирган.

“Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 15-бандида эса масъул ташкилотлар ўн иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқиб, ЯИДХПга онлайн электрон шаклда маълумотларни тақдим этилиши белгиланган. Шу каби ҳолатлар, С.Хушвақтов томонидан яна бир нечта сўровномаларни кўриб чиқишда ҳам такрорланган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 704-сонли қарори билан тасдиқланган “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти”нинг 6-бандида бола туғилган жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола туғилганидан сўнг 1 кун ичида бола ва ота-онаси ҳақидаги маълумотларни “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” ахборот алмашинуви тизимига киритиши, бунда, боланинг ота-онасига тегишли маълумотлар ота-оналарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида киритилиши белгиланган. 

Шунингдек, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилиши қайд этилган. Афсуски, мониторинг тарзида олиб борилган ўрганишлар давомида бунинг акс ҳоллари кузатилди.

Хусусан, Самарқанд шаҳар 1-сон туғруқ мажмуаси масъул ходими Д.Кобилова томонидан 2021 йил 13 апрель куни туғилган Маргуба Арипованинг туғилганлиги тўғрисидаги маълумотни 10 кунга кечиктириб, 2021 йил 24 апрель санасида автоматлаштирилган ахборот тизимига киритганлиги маълум бўлди. Шунингдек, бу каби қонунбузилишга мазкур туғруқ мажмуаси ходими Дилора Кобилова томонидан ҳам йўл қўйилган бўлиб, у 28 нафар боланинг туғилганлиги ҳақидаги маълумотларини 3 кундан 5 кунгача кечиктириб автоматлаштирилган ахборот тизимига киритган. 

Гапнинг индаллосини айтганда, мисоллар кўп, ҳал қилиниши лозим бўлган камчиликлар ҳам. Лекин касални даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши. Шу мақсадда жорий йилнинг 26 ноябрь куни Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан бошқарма биносида мазкур соҳада қонунбузилиш ҳолатлари келиб чиқишига сабаб бўлаётган ҳолатларга аниқлик киритиш, уларни бартараф қилиш ва келгусида такрорланишини олдини олишга қаратилган учрашув ташкил этилди. Бироқ, расман хабар берилганига қарамай, тадбирда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг бирорта масъул ходими иштирок этмади.  Бу эса саволлар кетидан, саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда. 

Ўйлаймизки, келгусида соҳа вакиллари халқимизга сифатли давлат хизматлари кўрсатишда тизим ходимлари ўртасида масъулиятни янада оширади. 

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси 
Ахборот хизмати