Дунёда эпидемиологик хавф-хатар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда касалликларни профилактика қилиш, эрта аниқлаш, тўғри ташхислаш ҳамда даволашда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари иш услубини қайта кўриб чиқиб, соғлиқни сақлаш хизматини ташкил этишнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш долзарб вазифага айланди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар изчиллик билан бажарилиши натижасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати, самарадорлиги ва оммабоплиги таъминланяпти. Шунингдек, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янги босқичга олиб чиқишга эришилмоқда.

Мавжуд куч ва воситаларни жалб қилган ҳолда, энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини ҳар томонлама кучайтириш, тиббий профилактика ва патронаж хизматининг мутлақо янги тизимини жорий қилишга эътибор қаратилмоқда. Соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва жамоат саломатлигини таъминлашнинг маҳалла ҳамда хонадонларгача қамраб олинадиган яхлит тизимини яратиш йўлидан борилмоқда.

Соҳада етук билимга эга кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишда рақобат муҳити яратилди. Илғор хорижий тажрибага асосан ходимларни касбий ривожлантиришнинг самарали тизими шакллантирилмоқда. Айни пайтда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида бу йўналишдаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Хусусан, аҳолига бирламчи тиббий хизматни янада яқинлаштириш, тиббий ёрдамга муҳтож аҳолининг 70 фоиз мурожаатини бирламчи бўғиннинг ўзида ҳал этишга эришиш борасида катта вазифалар белгиланган.

Саломатлик ва физиологик ҳолатидан келиб чиқиб, аҳоли таянч, паст хавф, ўрта хавф, юқори хавф гуруҳи ва бошқа гуруҳларга бўлиниб, мансублигига кўра белгиланган муддатда тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Шу тариқа юртдошларимиз саломатлиги даврий кузатувга олинди. Тиббиёт муассасасига ўзи мустақил келолмайдиган беморларга уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиляпти. Шу тариқа индивидуал патронаж йўлга қўйилмоқда. Профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг гуруҳга мансублигидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича даврий тиббий скрининг текшируви ўтказилмоқда.

Умумий амалиёт шифокори мутахассислиги оилавий шифокор этиб қайта номланди. Шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларидаги фан дастурлари оилавий шифокор тайёрлашга мослаштирилди. Оилавий шифокорга ёрдам берадиган терапия, педиатрия, акушерлик, патронаж бўйича ўрта тиббиёт ходимларидан иборат тиббиёт бригадалари ташкил қилинди.

Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумларида оилавий шифокор ёрдамчиларини тайёрлаш тизими йўлга қўйилди. Бу жараёнда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия ва таклифларини инобатга олган ҳолда техникумларда оилавий шифокор ёрдамчиларини тайёрлашнинг мутлақо янги тизими жорий қилинди. Бугунги кунда жамоат саломатлиги техникумлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга бириктирилган. Ихтисослигидан келиб чиқиб, уларнинг ўқувчилари ушбу муассасаларда амалиёт ўтамоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларни кучайтиришда ҳалқаро ҳамкорликнинг аҳамияти беқиёс. Хусусан, мамлакатимизда жорий йилда ўтказилган Ўзбекистон–Беларусь соғлиқни сақлаш ва тиббиёт таълими кунлари икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди. Яқинда мамлакат, вилоят, туман ва шаҳар тиббиёт муассасалари мутахассислари, тиббиёт олий таълим муассасалари ва жамоат саломатлиги техникумлари раҳбарларидан иборат делегациянинг Беларусга хизмат сафари эса икки томонлама ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга олиб чиқишга катта туртки берди.

Минск шаҳрида ўтган Беларусь-Ўзбекистон соғлиқни сақлаш форуми ҳамда унинг доирасидаги тадбирларда икки мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳаси масъуллари, етакчи тиббиёт марказлари, тиббиёт олий таълим муассасалари, йирик фармацевтика корхоналари раҳбарлари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари ўзаро тажриба алмашиб, манфаатли ҳамкорлик ўрнатди. Анжуман тиббиёт соҳасида икки томонлама алоқалар тарихида мутлақо янги саҳифа очди, десак муболаға бўлмайди.

Тиббиётнинг долзарб масалаларига бағишланган шўъба йиғилишлари, ўнлаб нуфузли тиббиёт муассасалари ва олий ўқув юртлари фаолияти билан танишув, икки мамлакат соғлиқни сақлаш тузилмалари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва уларнинг ҳудудий филиаллари, соҳа олий ўқув юртлари ўртасида турли йўналишларда ҳамкорлик қилиш бўйича 100 дан ортиқ меморандум ва янги лойиҳа юзасидан келишувларга эришилди. Масалан, форум доирасида Тошкент тиббиёт академияси Беларусь давлат тиббиёт университети, Витебск давлат тиббиёт университети ва Гомел давлат тиббиёт университети билан бакалавриат ҳамда клиник ординатура таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик шартномаси имзолади.

Шу ўринда бир савол туғилиши мумкин: Беларусь тиббиёти қанчалик ривожланган, улар билан ҳамкорлик қилиш нечоғли манфаатли? Минск шаҳридаги Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази фаолияти билан танишганимизда ушбу саволга жавоб топдик ҳамда Беларусь тиббиёти билан ҳамкорлик бежиз эмаслигига ишонч ҳосил қилдик. 64 йиллик тарихга эга мазкур марказдаги илмий-тиббий ўқув мажмуасида 10 та илмий лаборатория, 20 та стационар ва 11 та диагностика бўлими бор. Айни пайтда уларда 1700 дан зиёд малакали ходим, жумладан, 25 нафардан ортиқ тиббиёт ва биология фанлари доктори ҳамда 12 нафар профессор меҳнат қилмоқда. Бу ерда умумий гипертермия, фотодинамик терапия каби дунёда муқобили бўлмаган ноёб даволаш усуллари қўлланаётгани аҳамиятга молик. Марказда ўрнатилган замонавий диагностика ускуналари эса ҳатто энг оғир онкологик касалликларга ҳам тез ва аниқ ташхис қўйиш имконини бераётир.

Мамлакатимизда ўтказилган Ўзбекистон-Беларусь тиббиёт ва таълим кунлари кўплаб йўналишлар қатори онкология соҳасидаги ҳамкорликни ҳам янада мустаҳкамлашга туртки берди. Хусусан, Беларусдан бир гуруҳ юқори малакали онкологлар юртимизга келиб, маҳаллий шифокорлар билан билим ва тажриба алмашди, ҳамкорликда мураккаб амалиётларни бажарди. Минскдаги учрашувда онкология соҳасида мутахассисларни ўқитиш, улар учун ушбу марказда стажировка ва малака ошириш курслари ташкил этиш, биргаликда онкологик касалликларни даволашнинг янги усулларини жорий қилиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокаралар давомида икки мамлакатнинг онкологик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилгани кишини қувонтиради. Ўзбекистон тиббиёти ҳам жадал ривожланаётир. Ўз навбатида, беларуслик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларидан айрим онкологик касалликларни робот технологияси ёрдамида даволашни ўрганишга қизиқиш билдирди.

Хизмат сафари мобайнида Беларусь вилоятларидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами, тиббий профилактика ва патронаж тизими билан атрофлича танишилди. Тадбирларда имзоланган меморандумлар доирасида Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумлари Беларусь техникумлари билан ҳамкорлик қилади. Уларнинг ўқув дастурлари асосида ўқувчиларни ўқитиш тизими такомиллаштирилади. Бу эса, аввало, тиббиёт соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, қолаверса, тиббий-профилактика ишларини замон талаблари даражасида ташкил этишга хизмат қилади.

Собир ТУРСУНОВ,

Сергели Абу Али ибн Сино номидаги жамоат

саломатлиги техникуми директори,

педагогика фанлари доктори, профессор