Мустақиллик эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир. Истиқлол шарофати билан халқимизнинг асрий орзулари рўёбга чиқди, миллатнинг ғурури, ор-номуси, шаъни тикланди. Озод ва обод Ватанда эркин ва фаровон яшаш бахтига муяссар бўлдик.

Куни кеча халқимизнинг фахр-ифтихори тимсоли сифатида қад ростлаган “Янги Ўзбекистон” боғида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрамини улкан шодиёна сифатида кенг нишонладик. Тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, халқимизни байрам билан табриклади. Ушбу нутқни тинглаб, ниҳоятда руҳланиб кетдим. Унда мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби тиббиёт ҳам жадал ривожланиш босқичига ўтгани, хусусан, 2016 йилда мавжуд бўлган 800 та “тез ёрдам” шохобчасининг сони бугунга келиб 1 минг 666 тага етгани қайд этилди. Тез тиббий ёрдам бригадалари сони 1 минг 648 тадан 2 минг 685 тага кўпайгани соҳадаги изчил ислоҳотлар самарасидир.

Бундан 5-6 йил аввал кўплаб юртдошларимиз мураккаб тиббий операцияларни ўтказиш учун чет элларга боришга мажбур эди. Кейинги йилларда тиббиётдаги ислоҳотлар натижасида бундай замонавий операциялар энди ўзимизда ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ихтисослашган тиббий ёрдам тубдан такомиллашмоқда. 2016 йилда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатаётган марказлар сони 10 тани, уларнинг ҳудудий филиаллари эса атиги 2 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда бундай марказларнинг сони 20 тага етказилгани, энг муҳими, жойларда 124 та филиал фаолияти йўлга қўйилгани халқимиз учун катта қулайлик бўлди.

Давлат ва жамият тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашда соғлиқни сақлаш соҳаси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бугунги кунда юртимизда тиббиёт соҳаси, унинг фаолият мазмуни тубдан ўзгармоқда. Энг аввало, бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш сифати ва самарадорлиги, соғлом турмуш тарзи янги босқичга кўтарилди. Кўп тармоқли поликлиника ва касалхоналарнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.

Қувонарли томони, тез тиббий ёрдам тизими замон талаблари асосида қайта ташкил этилиб, молиявий таъминоти кучайтирилди. Президентимиз раҳбарлигида соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилган изчил ислоҳотлар туфайли ўтган йилги кутилмаган пандемия қаршисида саросимага тушиб қолмадик. Халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини асраш мақсадида зудлик билан барча тадбирлар ишлаб чиқилди. Коронавирусга қарши курашиш учун махсус тиббий марказлар ташкил этилиб, дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг захираси шакллантирилди.

Ҳудудларда ишга туширилган 60 та кислород станцияси тегишли шифохоналарни кислород билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда. Мамлакатимизда вакцина ишлаб чиқариш бўйича амалий ишлар бошланди. 2021 йил учун давлат бюджетида 3 триллион сўм захира шакллантирилиб, аҳоли соғлиғини сақлаш ва коронавирусга қарши эмлаш чоралари кўриляпти.

Давлатимиз раҳбарининг мустақиллик байрамидаги нуқтини тинглаб, Ўзбекистонда халқимизни тезкор ва самарадор, сифатли тиббий ёрдам билан таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилишига тўла ишонч ҳосил қилдим. Бу юксак эътибор ва ғамхўрлик эса халқимиз соғлиғини мустаҳкамлаш, айниқса, баркамол авлодни вояга етказишда муҳим аҳамият касб этиши, шубҳасиз.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар замирида шарафли соҳа вакилларининг машаққатли меҳнати ва бурчга садоқати ётади. Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ бир гуруҳ юртдошларимиз қатори мен ҳам “Содиқ хизматлари учун” медали билан тақдирландим.

Камтарона меҳнатимизнинг давлатимиз раҳбари, халқимиз томонидан эътироф этилиши бизни янада шижоат кўрсатиб ишлашга чорламоқда. Энди билдирилган ишончни оқлаш учун бор кучим, билимим ва салоҳиятимни ишга соламан. Бу рағбат аҳоли фаровонлиги, турмуш шароитини яхшилашдек хайрли ишларга камарбаста бўлишда бизга куч-қувват бахш этади.

Мавлуда ИБРАГИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

 палатаси депутати,

“Содиқ хизматлари учун”

медали соҳиби