Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий қонунчиликни такомиллаштириш, шу жумладан, соҳа бўйича халқаро стандартлар – ФАТФ тавсияларини имплементация қилиш мақсадида тижорат банклари (№2886-6, 25.12.2020 й.) ва нобанк кредит ташкилотлари (№2925-4, 09.12.2020 й.) учун мўлжалланган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан,

Тижорат банклари учун мўлжалланган ички назорат қоидаларига:

банклар томонидан тўлов хизматлари тўлов агентлари ва тўлов субагентлари орқали кўрсатилганда банклар ва уларнинг ички назорат тизимига, банкларнинг тўлов агентлари ва тўлов субагентлари билан соҳа бўйича ўзаро муносабатига бўлган талаблар;

банк номидан тўлов агенти ёки тўлов субагенти томонидан нақд пул маблағларини мижозларнинг банк ҳисобварақларига, шу жумладан, учинчи шахсларнинг ҳисобварақларига ўтказишда мижозларни лозим даражада текшириш бўйича талаблар;

тижорат банклари пул ўтказмаси бўйича ҳам жўнатувчи, ҳам қабул қилувчи томонларга хизмат кўрсатган тақдирда уларга шубҳали операцияларни аниқлаш ва бундай операциялар ҳақида пул ўтказмаси билан боғлиқ мамлакатларнинг тегишли ваколатли органларига хабар бериш бўйича талаблар киритилди.

Нобанк кредит ташкилотлари учун мўлжалланган ички назорат қоидаларига:

юқори мансабдор шахс тушунчасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш билан боғлиқ;

нобанк кредит ташкилотларининг чет элдаги шўъбалари, филиаллари ва ваколатхоналари учун соҳа бўйича мажбуриятларига бўлган талаблар;

мижоз анкетасида мижознинг бенефициар мулкдорини ва юқори мансабдор шахс эканлиги тўғрисидаги маълумотларни қайд этиш бўйича талаблар ва бошқа таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.