Президентимизнинг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чоратадбирлари тўғрисида”ги қарори олий таълим муассасалари ва маҳаллалар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, Тошкент кимётехнология институтига Шайхонтоҳур ва Мирзо Улуғбек туманидаги 10 та маҳалла бириктирилган. Муассасамиз профессор-ўқитувчилари “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий” тамойили асосида маҳаллалардаги ўғил-қизлар, хусусан, уюшмаган ёшларни илм-фан ва касбга йўналтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этишга кўмаклашиш, ижтимоий ҳолатини яхшилаш, маънавиймаърифий тарғибот ишларини ташкил этиш борасида салмоқли ишларни бажармоқда.
Жорий ўқув йилида институтнинг талабалар турар жойида истиқомат қилувчи кўз касалликлари бўйича 1–2-гуруҳ ногирони, чин етим ва етим, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ҳар ойлик тўловдан 100 фоиз озод қилинди. Умумий касалликлар бўйича 2-гуруҳ ногирони бўлган, ўз вазифасини намунали бажариб келаётган кенгаш раиси, қават сардорлари ҳамда турар жой кутубхонаси учун масъул талабалар ҳар ойлик тўловнинг 50 фоизини тўлайди.
Шунингдек, ушбу ўқув йили давомида “Темир дафтар”га киритилган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, институт жамоат ишларида фаол, иқтидорли ҳамда ижара шартномаси бўйича ижарада турувчи талабаларга ҳам моддий ёрдам кўрсатилди. “Темир дафтар”га киритилган 1-курс талабаларининг 5 нафарига бир йиллик контракт-тўлов пули тўланди. Институтнинг иқтидорли, жамоат ва спорт тадбирларида фаол 101 нафар, ижтимоий ҳимояга муҳтож 41 нафар талабаси моддий рағбатлантирилди. Институт талабалар турар жойи билан тўлиқ қамраб олинмагани боис, ижара ҳуқуқи асосида яшаётган ва ижара шартномасини тузган 56 нафар талабанинг ижара пули тўлаб берилди.
2021 йилда мамлакатимизда қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, “Навоийазот”да аммиак, карбамид ва азот кислотаси ишлаб чиқарадиган мажмуалар, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “Uzbekistan GTL” заводи ва бошқа кўплаб йирик лойиҳалар ишга туширилди.
“Uzbekistan GTL” заводи мамлакатимизда ва умуман, минтақада нефть-газ кимё саноати соҳасидаги энг йирик корхонадир. Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти айнан мана шундай мажмуаларда яққол намоён бўлади. Ушбу завод қурилишида қатнашган мутахассисларнинг қарийб 80 фоизи маҳаллий кадрлар, хусусан, янгича ишлашга чанқоқ, азму шижоатли ёшларимиз, битирувчиларимиздир.
Энди олдимизда вилоятда нефть-газ ва кимё саноатининг истиқболли йўналишлари учун кадрлар тайёрлаш режаларини белгилаш, касбҳунар марказларининг ўқув дастурлари ва ўқитиш методикасини замонавий ишлаб чиқариш талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, ўқиш жараёнини ишлаб чиқариш билан узвий боғлаб, ҳар бир ўқувчининг ўз мутахассислиги бўйича бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ўташини ташкил этиш каби долзарб масалалар турибди. Бунда, айниқса, ёшларни янги ўрнатилган мураккаб ускуналарда ишлаш, уларни автоматлашган ҳолда бошқариш, технолог, аргон пайвандлаш каби замонавий касбларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жорий йилдан институтга хорижий мутахассислар жалб қилинмоқда, замонавий дастурий таъминот ва симуляторлар олиб келинмоқда. Ўзбекистонда барпо қилинаётган янги кластер тизимидаги корхоналар ишга тушиши натижасида мамлакатимиз саноати технологик жиҳатдан бир неча қадам илгарилайди, десак тўғри бўлади. Янги кластер корхоналари нафақат нефть-газ ва кимё соҳаси, балки республикамизнинг барча саноат тармоғи учун технологик ва лойиҳалаштириш ечимлари ва стандартлари, замонавий бошқарув ва IT технологиялар йўналишлари бўйича яққол намуна бўлади. Биз бу орқали мазкур замонавий мажмуа атрофида янги юқори технологик хизматлар тизимини ташкил қиламиз. Албатта, янги корхоналар илм-фан ва инновациялар учун ҳам самарали майдонга айланади.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш ва илм-фан ўртасида интеграцияни ривожлантириш масаласига доим алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунончи, Тошкент вилоятининг Улуғбек шаҳарчасида илмий кимё кластерини ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Унга кўра, 60 гектар майдонда маъмурий ва ўқув бинолари, лабораториялар, Ўзбекистон — Корея илмий маркази, илмий ходимлар учун турар жой, ётоқхона, амфитеатр, боғ ва қуёш электр станцияси барпо этиш кўзда тутилган. 2024 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган мазкур кимё саноати илмий кластери 8 минг талабага мўлжалланган 3 та олий ўқув юрти, яъни Россиянинг Менделеев кимё университети, Венгриянинг Дебрецен университети ва Тошкент кимё-технология институти, нуфузли илмий ташкилотлар ва лабораторияларни ўз ичига олади.
Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, жамият ва давлат бошқарувининг ҳар бир нуқтасида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш ва давлат идораларини, том маънода, халққа хизмат қиладиган масканга айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология институти ректори, профессор