Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас Давлат рамзига айланди. Давлат тимсоли, мулки – тилни асраш, ривожлантириш миллатнинг юксалиши демак.

Она тили миллатнинг руҳидир. Бундан 32 йил муқаддам ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган эди. Афсуски ўша вақтда олиму фузалолар, буюк сиймоларни етиштирган халқ тили йўқолиш арафасига келиб қолган эди. Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш масаласи кўтарилиб, 1989 йил 21 октябрда бу ҳал этилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Aгар ўша вақтда тил тўғрисида Қонун қабул қилинмаганда ўзбек тили тарих саҳифаларидан жой олиши мумкинмиди?

Шуни таъкидлаш керакки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш йўлидаги муҳим қадамларидан бири бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўси ошди.

Дунёдаги барча халқларнинг миллий мустақиллиги бўлса-да, расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда ҳар икки ҳафтада битта тил йўқолиб бормоқда. Бу ўз навбатида ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг ўзлиги йўқолишини англатади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтага етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди.

Тил – миллатнинг маънавий бойлигидир. Тилларнинг сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарур. Aйнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигини англайди ва фахрланиб яшайди.

Барча тилларни тан олиш ва ҳурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам ҳар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилади.

Бугун жаҳон ареналарида “ўзбек”, “ўзбекистонлик”, “ҳалол”, “дакки”, “ёнбош”, “чала”, “ғирром” каби сўзлар жарангламоқда. Ўз юртидан олисда эшитилган бу сўзлар она алласидек ёқимли эшитилади. Шундай экан, онамизни севиб ардоқлаганимиз каби тилимизни ҳам севиб, асрайлик, зеро у биздан кейинги авдодларга муносиб мерос бўлсин.

Абдусалом Сиддиқов,

Фарғона вилояти Риштон туман ҳокимининг маслаҳатчиси.