Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Иқтидорли талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини ташкил этиш” бўлими, “Испан тили амалий фанлар” кафедраси ҳамда ФВВ Академияси “Тиллар” кафедраси билан ҳамкорликда “Роман-герман тилларининг долзарб муаммолари” мавзусида халқаро илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тоғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси, педагогика фанлари доктори, профессор О.Жамолдинова, бир қатор хорижий давлат университетлари профессорлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари, магистрантлар, талабалар, курсантлар ҳамда журналистлар иштирок этди.

Анжуманни университет ректори Улуғбек Азизов очиб, ёшларга берилаётган имкониятлар, иқтидорли талабаларни аниқлаб, уларга замонавий шарт-шароитлар яратилаётгани, ўз соҳалари бўйича ижодий ва мустақил дунёқарашини шакллантирилаётгани ҳамда хорижий давлатларнинг турли соҳадаги бир қатор мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қилинаётгани хусусида таъкидлаб ўтди.

Анжуман доирасида талаба ёшлар томонидан бир қатор қизиқарли чиқишлар, испанча рақс-куйлар ижро этилди, шунингдек, ФВВ Академияси курсантларининг ҳарбий соҳадаги кўргазмали чиқишлари ва чет тилларида моҳирона ижро этилган куй-қўшиқлари анжуман қатнашчиларида илиқ таассуротлар қолдирди.

Анжуман якунида ташкилотчилар томонидан меҳмонларга ва фаол  ёшларга ташаккурнома, сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.  

— Нуфузли хорижий давлатларнинг профессор-ўқитувчилари иштирокидаги мазкур халқаро анжуманда иштирок этаётганимдан бағоят хурсандман ва мен ташкилотчиларга анжуманни юқори савияда ташкил этгани учун ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман, — дейди испаниялик мутахассис Хосе Энрике Годинес. — Бундай учрашувлар ва анжуманлар замирида ёшларни илм-фан ва замонавий инновацион технологиялар асосидаги илмий-тадқиқот ишларига янада қизиқтириш ҳамда уларнинг истеъдодларини намоён қилиш мужассамдир.

Малоҳат Бадалбаева,

ФВВ Академияси катта ўқитувчиси, подполковник