Тарихдан маълумки, ўзбек тили қанчалик қадимий бўлмасин, унинг нуфузи, ўрни ва тарихий аҳамияти доим ҳам салоҳиятли ва эътиборли бўлмаган. Гарчи бу тилда “Девони луғотит-турк”, “Қутадғу билик”, “Ҳиббатул-ҳақойиқ” сингари кўҳна асарлар яратилганига қарамай, у форсий тил гегемонлиги даврларида унинг соясида қолиб кетганига ўтмишимиз жонли гувоҳ. Шеъриятимиз султони Навоий бобомиз ўз “Хамса”си билан ўзбек тилининг асосчиси сифатида тарих саҳнасига чиққунига қадар тилимиз ўз эркига эришган эмас.

Мана шу тарихий ҳодиса шарофати билан у ўз эркини қўлга  киритиб, узоқ тараққиёт йўлини босиб ўтди. Бироқ собиқ шўролар замонасидаги зўравон сиёсат ҳам ўз тажовузкорлигини кўрсатмай қолмади. Собиқ тузум даврида оддий қишлоқ деҳқонларининг республика қурултойида мамлакат раҳбарининг маърузаси ўша даврнинг давлат тили ҳисобланган рус тилида ўтказилишидай кулгили, айни пайтда аянчли воқеа бўлгани ҳам айни ҳақиқат.

Небахтки, мамлакатимиз ҳаётига кириб келган ҳурлик шабадалари илк бор истиқлолимиздан икки йил бурун тилимизга давлат тили мақоми берилиши билан элимизни мамнун этди. Шу боис ҳам 1989 йилнинг 21 октабр санаси ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган қадрли кун сифатида тарих зарварақларига муҳрланди.

Мазкур сана 32 йилдирки, улуғ саналар қаторидан жой олиб, байрам сифатида нишонлаб келинмоқда. Тилимизнинг нуфузи – элимизнинг нуфузи эканлигидан келиб чиқиб, тадбирлар давомида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги обрўи, айниқса, Ўзбекистон Президентининг БМТ минбарида ўзбекча нутқ ирод этганлиги билан бир қаторда республикамизда бошқа тилларни ўрганишга ҳам катта эътибор берилаётгани кенг тарғиб қилинмоқда.

Бу йилги байрамга тайёргарлик кўриш асносида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаментининг 2021 йил 7 сентябрь кунги видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ҳамда 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кунни юксак савияда нишонлаш юзасидан Республика Маънавият ва маърифат марказининг 2021 йил 24 августдаги кўрсатмасига биноан, Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилоят бўлими, (шаҳар) туман бўлинмалари ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, шунингдек, бошқа ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилди. Қувонарлиси, жорий йилги ташвиқотларда таълим муассасаларида фаолият юритаётган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ҳам фаоллик кўрсатмоқда.  

Маҳаллий ҳокимликлар, ҳокимларнинг маънавият ва давлат тилини ривожлантириш бўйича маслаҳатчилари, Республика Маънавият ва маърифат марказининг вилоят ҳудудий бўлим ва бўлинмалари, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими фаоллари, шунингдек, тегишли ташкилот ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилиб, вилоятдаги ташкилот, корхона ва муассасаларда саволнома асосида ўрганиш ва амалий кўмаклашиш ишлари олиб борилди. Мониторинг гуруҳлари томонидан ўтказилган рейдларда вилоят бўйича мингга яқин объект ўрганилди.

Ўрганишлар натижасида 1201 та ташқи тарғибот воситаларидан 1024 таси лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида, 182 таси кирилл алифбосида, 22 таси чет тилларида ёзилганлиги аниқланди.

Реклама ва эълонлар бўйича ҳам йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, уларнинг эгалари, тадбиркорлар билан 30 дан зиёд тушунтириш суҳбатлари олиб борилди.

Бундан ташқари, Наманган вилоятида 21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган кунни юксак савияда нишонлаш мақсадида кўплаб ташкилий-амалий, маънавий-маърифий, адабий-мусиқий ва тарғибот ишлари йўлга қўйилмоқда.

Жумладан, Давлат тили қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишлаб шаҳар туманлардаги ташкилот, корхона ва муассасалар, кутубхоналар, таълим муассасалари, маҳаллаларда “Тил – миллат кўзгуси”. “Тил билган – эл билади”, “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” ва бошқа мавзуларда “Маънавият соатлари”, адабий-бадиий тадбирлар, ижодий мулоқотлар уюштирилиб, она тилимиз тарихи, унинг бой тил эканлиги таъкидланди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Нодирабегим номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, халқ таълими, маданият бошқармалари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ўзбек тили байрами олдидан шаҳар ва  туманларда  – “Тил – миллат кўзгуси”, “Давлат тилим – фахрим, ифтихорим” ва сингари мавзуларда турли давра суҳбатлари, адабий-бадиий кечалар, қолаверса, ижтимоий видеороликлар тайёрланиб, ҳозирга қадар (шаҳар) туманлар бўлинмалари томонидан 14 та видеоролик ҳамда  оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тил байрамига бағишланган 7 та турли тарғибот ишлари, флешмоб ва челленжлар ўтказилди.

Албатта, бундай тадбирлар фақат ойлик давомидагина эмас, балки йил мобайнида мунтазам давом эттирилади. Шу ўринда, замондошимиз, мутафаккир шоир Мирзо Кенжабекнинг тилимиз жозибаси, қадри ҳақида ёзган қуйидаги  сатрлари ўз исботини топгандай, назаримда:

Токи олам барқарордир, то абад,

Олам ичра барқарор ўзбек тили!

МУСОХОН ОППОҚОВ,

Республика Маънавият ва маърифат маркази

Наманган вилоят бўлими раҳбари