2020 йил 20 сентябрь соат 14:30 да номаълум шахслар номи юқорида келтирилган бозорда жойлашган 39 ёшли аёлга тегишли заргарлик дўконидан умумий баҳоси 30 000 доллар бўлган ҳар хил турдаги тақинчоқларни яширин равишда олиб чиқиб кетган.
Ҳодиса содир бўлган жой тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, савдо дўконига кириш йўлагида ўрнатилган кузатув камераси ёзувлари текшириб кўрилганида, ўғирлик содир бўлган вақтда савдо дўконидан уч нафар аёл бир вақтда чиқиб кетганлиги ва улардан бирининг қўлида кийимга ўралган нарса борлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Денов туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан номаълум шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида, ушбу жиноятни 19, 28 ва 52 ёшли аёллар содир этганликлари аниқланиб, улардан талон-торож қилинган тақинчоқлар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Жиноят содир этган шахслар гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган. Тилла тақинчоқлар эгасига тўлиқ қайтариб берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.