Бундай ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182-моддасида Божхона тўғрисидаги қонунчиликни бузиш жинояти сифатида ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 22721-22723-моддалари билан малакаланади.

2022 йилнинг 6 ойи давомида жиноят ишлари бўйича Наманган вилояти Янгиқўғон туман суди томонидан товар-моддий бойликларни ноқонуний равишда Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан ўтказиш билан боғлиқ жами 42 та жиноий иш ва 124 та маъмурий иш кўрилган.

Жумладан, иш ҳужжатларига кўра, Судланувчи С. А.А (жиноят содир этган шахсларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) 2021 йилнинг июнь ойида шахсига аниқлик киритиш имкони бўлмаган Қирғизистон Республикасида яшовчи “Марс” исмли шахс билан жиноий тил бириктирган.

Улар давлат чегараси орқали қонунга хилоф равишда қимматбаҳо металларни ўтказиш ва сотиш юзасидан ўзаро келишиб, 2021 йил 2 июль куни соат 10:00ларда қирғизистонлик “Марс”дан жуда кўп миқдордаги, қарийб 300 миллион сўмлик қимматбаҳо металларни Янгиқўрғон тумани, “Сойбўйи” МФЙ ҳудудида жойлашган “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасида қабул қилган.

Уларни моддий манфаатдорлик эвазига сотиб бериши учун ўзининг бошқарувидаги “Lasetti” русумли транспорт воситасида ташиб, “Наманган-Чортоқ” йўналишидаги йўлда кутиб турган А.Шокировга олиб келиб топширган. Фуқаро А.Шокиров эса қимматбаҳо металл парчаларини ўғли А.Туроповнинг бошқарувидаги “Lasetti”сига юклаб, ҳаракатланмоқчи бўлган вақтида ДХХ Наманган вилояти бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан ушланган.

Тезкор кўрилган чоралар вақтида А.Шокиров мазкур транспорт воситасида воқеа жойидан қочишга уриниб, ҳаракатини давом эттириш жараёнида ўзида бўлган бир дона целлофан пакетга ўралган қимматбаҳо ашёларни транспорт воситасидан йўл четидаги ариққа ташлаб юборади. Ўша пайтда махсус ходимлар томонидан мажбурий равишда тўхтатилган. Ашёвий далил сифатида олинган қимматбаҳо металларнинг умумий оғирлиги 603,45 грамм бўлиб, таркибида 483,61 грамм соф олтин ва 47,98 грамм соф кумуш борлиги аниқланган.

Суд томонидан тиллафуруш А.Шокиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 182-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу кодекснинг 57-моддасини қўллаб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ҳа, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди.

 Ш.ҚУРБОНОВ,

 Жиноят ишлари бўйича Янгиқўрғон туман суди раиси