TIMSS бу — “Trends in International Mathematics and Science Study”, яъни 4 ва 8-синф ўқувчиларининг математик ва табиий-илмий йўналишлар бўйича таълимдаги натижаларини халқаро миқёсда баҳолайдиган тадқиқотдир.
Ушбу тадқиқот илк маротаба 1995-йилдан буён амалга оширила бошланган. 24 йиллик фаолияти давомида ушбу тадқиқотда иштирок этаётган мамлакатлар сони ортиб бормоқда. Тадқиқот, Бостон коллежидаги халқаро ўқитиш маркази томонидан тегишли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бошқариб келинади.
TIMSS-2019 тадқиқотнинг 7-даврийлигида 60 дан ортиқ мамлакат ва иқтисодиётлар иштирок этиб, мазкур давлатларда таҳсил олаётган 600 мингга яқин ўқувчиларнинг математик ва табиий-илмий йўналишлар бўйича билимлари баҳоланди, — дея хабар бермоқда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси матбуот хизмати.
Халқаро тадқиқотнинг натижалари ҳақидаги маълумотларни келтириб ўтадиган бўлсак, унда тадқиқотда қатнашган давлатлар кесимида 4 ва 8-синфлар ҳамда математика ва табиий-илмий йўналишдаги натижалар алоҳида таҳлил қилинганлигини кўришимиз мумкин. Таъкидлаб ўтилган тўртала йўналиш бўйича ҳам Сингапур давлати етакчи ўринни эгаллаган.
Эълон қилинган натижаларга кўра, математика бўйича Сингапурнинг 4-синф ўқувчилари энг юқори 625 балл, 8-синф ўқувчилари эса 616 балл билан 1-ўриндан жой олди. Сингапурдан кейинги ўринларда Гонконг 602 балл, Жанубий Корея 600 балл, Хитой Тайпей 599 балл ва Япония 593 балл билан жой эгаллаган бўлса, энг паст натижани Марокаш (383 балл), Қувайт (383 балл), Жанубий Африка (374 балл), Покистон (328 балл) ва филиппинлик (297 балл) ўқувчилар қайд этишган.
Табиий-илмий йўналиш бўйича Сингапурнинг 4-синф ўқувчилари энг юқори натижани 595 балл, 8-синф ўқувчилари эса 608 балл қайд этиб, бу йўналишда ҳам дунёда етакчи эканликларини яна бир карра исботлаб берди.
Ҳар тўрт йилда ўтказиладиган TIMSS дастурининг навбатдаги тадқиқотида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш бўйича Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва IEA ташкилоти ўртасида олиб борилган муҳокамалар натижасида, 2023-йилда бўлиб ўтадиган тадқиқотда иштирок этиш бўйича дастлабки келишувга эришилган бўлиб, ҳозирги кунда тадқиқотда қатнашишнинг ўзига хос жиҳатлари муҳокама қилинмоқда.
2021-йил феврал ойида ўтказиладиган Миллий лойиҳа координаторларининг учрашувида IEA ташкилотининг таклифига биноан Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази вакиллари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
Ушбу тадқиқотда иштирок этиш мамлакатимиз ўқувчиларининг билимларини дунёнинг бошқа мамлакатлари ўқувчилари натижалари билан солиштириш, таълим тизимининг ютуқ ва камчиликларини баҳолаш, тадқиқот натижасидан келиб чиқиб, далилларга асосланган ҳолда таълим сифатини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда узоқ муддатли стратегик қарорлар қабул қилишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон PISA, PIRLS каби бошқа йирик баҳолаш дастурларида илк маротаба иштирок этаётган бўлиб, унга кўра PIRLS дастурининг асосий тадқиқот жараёнлари 2021-йил апрел ойида, PISA дастурининг асосий тадқиқот жараёнлари эса 2022-йил апрел-май ойларида ўтказилиши режалаштирилган.
Юқорида таъкидлаб ўтилган тадқиқотлар халқаро стандартлар ва тартиб-қоидаларга мувофиқ халқаро ташкилотларнинг назорати остида Таълим инспекцияси ҳузуридаги Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази томонидан амалга оширилади.