Президентимиз ўтган йили 30 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида мактаб таълими бўйича илғор давлатлар тажрибасини ўрганиш, хусусан, Финляндия таълим тизимининг ўзига хос жиҳатлари ва муваффақиятларини таҳлил қилиш, ўқувчиларни фикрлашга чорлайдиган, ҳаётга тайёрлайдиган методика яратиш таклифини билдирган эди.
Табиийки, таълим масъуллари учун бу кутилмаган ташаббус бўлди. Биз азалдан ривожланиш асосларига эга Буюк Британия, АҚШ каби давлатлар тажрибасини ўрганиш билан банд бўлган бир вазиятда давлатимиз раҳбарининг айнан таълим туфайли юксак тараққиётга эришган мамлакат тажрибасини ўрганишдек оқилона ташаббуси бизни ислоҳотлар мазмунини чуқур таҳлил қилиб, ўқув сифатини ошириш борасидаги режаларимизни шунга мослаштиришга ундади.
Соҳанинг бир қатор мутасаддилари билан бирга Шимолий Европанинг энг тараққий этган бу давлатига қилинган сафар чоғида давлатимиз раҳбарини узоқни кўра оладиган инсон сифатида яна бир бор ўзимиз учун кашф қилдик. Чунки Финляндиядаги 6 кунлик ўрганиш жараёнида бугун Ўзбекистонда содир бўлаётган туб ислоҳотлар бундан 50 йил аввал “Оқ нилуфарлар юрти”да ҳам долзарб бўлганини кўрдик. Шу нуқтаи назардан, бугун юртимизда таълимга қаратилаётган эътибор бизнинг миллат келажагига ишончимизни мустаҳкамлади.
Ҳаракатлар стратегиясида “таълим” сўзи 138 марта қайд этилган
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таълим ва фан соҳасини ривожлантириш алоҳида устувор масала сифатида келтирилган. Бу ҳужжатда “таълим” сўзига 138 маротаба дуч келасиз. Хусусан, соҳа олдига меҳнат бозорининг замонавий эҳтиёжларига мос юқори малакали кадрларни тайёрлаш вазифаси қўйилган.
Бу жараёнда умумий ўрта таълим сифатини тубдан ошириш, чет тиллар, информатика ҳамда математика, физика, кимё, биология каби бошқа муҳим ва талаб юқори бўлган фанларни чуқурлаштирилган тарзда ўрганиш белгилаб берилган. Давлатимиз раҳбари чиқишлари давомида кўп маротаба бугунги ўқитиш дастурлари ва методикаси эскиргани, янги таълим мазмуни қисқа муддатда юртимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиши хусусида тўхталиб ўтган. Хусусан, 2020 йили Президентимиз томонидан Халқ таълими вазирлиги олдига дунёдаги замонавий ўқув дастурлари асосида Миллий ўқув дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган эди.
“Биз қандай фуқарони хоҳлаяпмиз?”
Ўтган йили Халқ таълими вазирлигида таълим стандартлари, ўқув дастурлари, ўқитиш методикаси ва баҳолаш тизимини қамраб олган Миллий ўқув дастурини тайёрлашга киришилди. Бу жараёнда ўқувчиларни билимга асосланган жамият учун рақобатбардош кадрлар қилиб вояга етказиш, уларни ҳаётга тайёрлаш бош шиор қилиб олинди. Аввалги ислоҳотлардан фарқли ўлароқ, бу гал ислоҳотларнинг бош иштирокчиси сифатида ўқитувчилар танланди. Зеро, Учинчи Ренессанс ҳақида тўхталганда, давлатимиз раҳбари муаллимларни янги илм-фан даврининг тўрт таянч устунидан бири, дея эътироф этганди.
Кейинги бир йил давомида 246 нафар миллий эксперт, жумладан, 119 нафар мактаб ўқитувчиси, олий таълимдан 105 нафар профессор-ўқитувчи, 22 нафар фан методисти, шунингдек, UNICEF ва USAID каби халқаро ташкилотлар орқали жалб қилинган 16 нафар халқаро эксперт иштирокида Миллий ўқув дастури лойиҳаси тайёрланди.
Биринчи иш “Биз қандай фуқарони хоҳлаяпмиз?” деган саволга жавоб топиш бўлган. Чунки таълим давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш динамикаси билан боғланса, мактаблардан меҳнат бозорига мос ишчи кучи етишиб чиқади. Таълимдаги ислоҳотларнинг узвийлиги, ўқиш ва янги технологияларнинг боғлиқлиги, ўз навбатида, ишсизликка қарши энг самарали чорадир. Айнан шу нуқтаи назар билан янги Ўзбекистондаги ислоҳотларга камарбаста бўладиган, керак шароитда вазиятни қўлга олиб, тўғри қарор қабул қиладиган, илғор ғоялари билан иқтисодиётни ривожлантириб, ишчи ўрни яратадиган, ташаббускор ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан улғаядиган фуқаро портрети яратилмоқда.
Ҳар бир фандан ташқи тақриз учун ҳамкор муассасалар белгилаб олинди. Мисол учун, янги математика дастури Фанлар академиясининг Математика институти ҳамда британиялик экспертлар, она тилининг янги методикаси Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети экспертлари, табиий фанлар дастури Oxford University Press муаллифи Филлиппа Гардом Ҳалм, Хельсинки университети профессори Яри Лавонен иштирокида яратилган.
Фин таълимининг ўзига хос икки фалсафаси
Финляндия мактаб таълимида ўзига хос икки фалсафа бор — ўқувчи яхши таълим олиши учун замон ва маконга эҳтиёж сезади. Яъни болалар 7 ёшда мактабга чиқади ва уларга ўқиганини пухта ўзлаштириши учун кўпроқ вақт берилади. Мисол учун, бошланғич таълимда ҳафталик ўқув юкламаси 167 соатни ташкил қилади. Бу халқаро миқёсда бошланғич таълим учун ажратиладиган энг кам соатлардан биридир. Шундай бўлса ҳам халқаро баҳолаш дастурларида финляндиялик ўқувчилар юқори натижа кўрсатмоқда.
Миллий ўқув дастури доирасида 22 та фан бўйича ўқувчилар ўзлаштириши керак бўлган асосий билимлар қамраб олинди. Мактабда ўқитиладиган фанлар ва мавзулар танқидийтаҳлилий ўрганилди. Ўқувчи ёшидан келиб чиқиб, халқаро тажрибалар, психологик ва санитария меъёрлари бўйича Миллий ўқув дастурида ҳафталик нормативлар синфлар бўйича қисқартирилди. Босқичма-босқич ўқув юклама соатларини камайтириш чоралари белгилаб олинди. Ўқув дастурида барча синфлар бўйича ҳафталик юклама 314 соатдир (2019 йилда 339 соат эди). 11 йил учун ўқув юкламаси 10 655 соат (аввалгидан 849 соат кам) этиб белгиланди. Шунингдек, барча фан ва синфлар бўйича мавзулар таҳлил қилиниб, такрорий, мураккаб ва эскирган деб топилган 849 та мавзу мактабгача ёки олий таълимга ўтказилди, дастурдан чиқарилди.
Миллий ўқув дастурида ўқувчиларнинг билим ва кўникмасини баҳолашнинг халқаро тадқиқотларига мос мавзулар ҳамда янгича таълим ёндашувлари ўрин олган. Амалиётга йўналтирилган мавзулар 50 фоизга етказилди.
Ҳар бир фан олдидаги аниқ мақсад акс этган
Ўқувчиларнинг мактабни меҳнат бозори талабига хос кўникмаларни эгаллаб тамомлаши ҳамда келгусида ўзларини ўзлари иш билан таъминлаши, қўшимча иш ўрни яратиши ўртасида боғлиқлик мавжуд. Шундан келиб чиқиб, Миллий ўқув дастурида таълимни замон билан боғлашга оид жиҳатларни кўриш мумкин.
XXI асрга хос эҳтиёжларга кўра, ўқувчида шаклланиши зарур бўлган кўникмалардан келиб чиқиб, ҳар бир фан олдига аниқ мақсад қўйилди. Мисол учун, ўқувчида она тили фани орқали оғзаки ва ёзма мулоқот, математика орқали мантиқий фикрлаш ва муаммоларга ечим топиш, табиий фанларни ўқиб тадқиқотчилик кўникмаси ривожланиши, тарих фани орқали даврларни солиштира олиш, шунингдек, тарихий ҳодисанинг сабаб ва оқибатларини айтиб бериш, тасвирий санъатда ижодий фикрлаш ва тасаввурини визуал акс эттириш, информатика фанида “фойдаланувчидан рақамли контент ишлаб чиқарувчи”ни тайёрлаш кўникмасини шакллантириш зарурлиги белгиланган.
Миллий ўқув дастурида ўқитиш методикалари ҳар бир фан бўйича ўқувчида когнитив, ижобий хулқ-атвор ва ижтимоий-эмоционал, танқидий ва ижодий фикрлаш, кўп қиррали саводлилик (ўқиш, ёзишдан ташқари ахборот технологиялари саводхонлиги ҳамда медиасаводхонлик), жамоада ишлаш каби кўникмаларини ривожлантиришга асосланган.
Миллий ўқув дастуридаги беш стратегик вазифа
Миллий ўқув дастурини яратиш жараёнида Халқ таълими вазирлиги ўз олдига қуйидаги беш муҳим стратегик вазифани белгилаб қўйди:
биринчидан, мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш суръати асосида таълим стандартлари ҳамда ўқув дастурларини янгилаш ва бу орқали меҳнат бозорига замон талабларига мос кадрларни етиштириш;
иккинчидан, мактаб мавзуларини мактабгача ҳамда олий таълим тизими билан узвий боғлаган ҳолда ўқитиш методикасини янгилаш. Мисол учун, ўқитишда бугун кенг оммалашган маъруза методидан воз кечиб, ўқувчиларнинг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган лойиҳа асосида ўқитиш, ўқувчига йўналтирилган индивидуал қизиқиш ва қобилиятга асосланган ўқитиш, ҳамкорликда ўрганиш, мустақил ўрганиш, ўйин орқали ўрганиш каби ёндашувларни мактаб таълимига жорий қилиш. Бу эса ўқувчиларнинг ҳаётга тайёрланишига имконият яратади.
учинчидан, фанлараро интеграция ҳамда синфлараро узвийликни таъминлаш. Бир мавзуни бир нечта фан бўйича ўрганиш таълим мазмунининг ўқувчилар учун янада қизиқарли ва фойдали бўлишини таъминлайди. Масалан, сув мавзуси доирасида бир вақтнинг ўзида ўқувчидаги биология, география ҳамда физикага оид билимларни мустаҳкамлаш мумкин. Финляндия мактабларида бўлганимизда ўқувчилар математика, технология, рассомлик ҳамда биологияга оид билимларни синфхонага келтирилган турли меваларни кесиб кўриш орқали ўрганишига гувоҳ бўлдик. Бу орқали улар борлиқни, жараён ва билимларни яхлит тасаввур қилади. Айниқса, лойиҳа асосида ўқитиш методида интеграцион таълим қўл келади. Шунингдек, синфдан-синфга ўтганда дастурдаги боғлиқлик асосида ўқувчи аввалги синфда олган билимларини янги билимлар билан осон боғлайди;
тўртинчидан, ўқитувчининг академик мустақиллигига эришиш. Педагоглар мустақил ўрганишни таъминлашда муҳим иштирокчилардир. Бунинг учун уларнинг ўзи академик нуқтаи назардан мустақил бўлиши лозим. Яъни муаллим учун ўқув жараёнини давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув дастури асосида мустақил ташкил қилиш кўникмаси зарур. Аммо таҳлиллар бугун аксарият ўқитувчилар учун дарсликлар ягона қолипга солингани, улар дарсликдаги билимлар билан чегараланиб қолганини кўрсатмоқда. Бунинг асосий омили янгича билимларни эгаллаш учун зарур замонавий ресурсларнинг етишмаслигидир.
Миллий ўқув дастури асосида ҳар бир фандан “Ўқитувчи китоби” тайёрланаётгани, халқ таълими тизимида малака оширишнинг янги платформалари ишлаб чиқилаётгани янгича таълим мазмуни билан муаллимларни тезкор таништиришнинг муҳим ечимидир;
бешинчидан, “муаллифлар мактаби”ни шакллантириш ва янги авлод дарсликларини яратиш.
Янги авлод дарсликлари фан ва синфларни боғлайди, ранг-баранг ва ёрқин
Таҳлиллар кўрсатмоқдаки, амалдаги аксарият дарсликлар бундан 17 йил аввал қисман ўзгартирилган. Улар, асосан, назарий билимларни қамраб олиб, фактологияга асосланган. Дарсликларнинг академик тилга ўтиб кетгани оқибатида ўқувчи контентни тушунишга қийналади. Бунинг асосий сабаби, уни яратишда ўқитувчилар салоҳиятидан унумли фойдаланилмаганидадир. Шунингдек, синфдан-синфга ўтганда дарсликлар мавзусидаги катта тафовут ўзлаштириш сифатига салбий таъсир қилган.
Методика ва дарсликдаги контентнинг ўзгариши ёд олишга йўналтирилган таълимни қўллаб-қувватлаган, натижада баҳолашда ҳаётий кўникмалар эмас, билим ҳажми муҳим роль ўйнаган.
Финляндиянинг “Отава” нашриётида математика фанидан дарслик тайёрлаётган бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашдик. Уларнинг барчаси мамлакатнинг турли нуқталаридан жам бўлган иқтидорли ўқитувчилар эди. Муаллим дастур ва дарсликнинг ўқувчи ёшига мос ва қизиқарли бўлишидан манфаатдор. Шунинг учун ҳам Финляндияда таълим ислоҳотлари ўқитувчи иштирокисиз бўлмайди.
Миллий ўқув дастурини амалиётга жорий қилиш мақсадида 2021/2022 ўқув йили учун 1-2-синфларга замонавий дарсликлар яратилди. Илк маротаба ҳар бир дарслик учун ўқитувчи методика китоби ҳамда бошланғич синфларда ўқувчи машқ дафтарлари тайёрланди. 2021 йилда танлов асосида саралаб олинган 154 нафар муаллиф иштирокида 326 номда ўқув-методик адабиёт яратилди. Бу жараёнга 46 нафар профессор, 101 нафар амалиётчи ўқитувчи, 7 нафар фан методисти жалб қилинди.
Янги дарсликларни яратиш жараёнида ёш олимлар, тажрибали ўқитувчилардан иборат муаллифлар гуруҳини шакллантириш ҳам асосий мақсадлардан бири сифатида белгиланган. Дарсликларни яратишда олимлар билан бирга ёш амалиётчи ўқитувчиларнинг иштироки Миллий ўқув дастурида белгиланган мақсадларнинг дарсликларда акс этишига хизмат қилди. Муаллифларнинг ўртача ёши 40-45 ёш. Ўқувчиларга ўйин ва видеороликлар орқали дарс бериш учун мультимедиали иловалар ишлаб чиқилмоқда.
Яратилган янги авлод дарсликлари 14 та таянч мактабда апробациядан ўтказилди. Мазкур жараёнда 40 нафар экспериментатор ўқитувчи ҳамда 937 нафар ўқувчи иштирок этди. Шунингдек, ҳудудларда Миллий ўқув дастури ҳамда дарсликлар асосида дарс бериш учун ўқитувчилар билимини ошириш бўйича мамлакатимиз миқёсида 100 нафар тренер-ўқитувчи тайёрланди. Малака ошириш курслари орқали 49,1 минг нафар бошланғич синф ўқитувчиси янги методикалар бўйича ўқитилди.
Келгуси йилларда янги дарсликларни яратиш, уларни апробациядан ўтказиш ва педагогларни янги методикалар бўйича ўқитиш жараёни давом эттирилади. 2023/2024 ўқув йилигача барча синф учун янги авлод дарсликлари босқичма-босқич тайёрланиб, 2025 йилга қадар Миллий ўқув дастури умумтаълим мактабларида амалиётга тўлиқ жорий қилинади.
Таълимга давлатни ўзгартирувчи энг кучли омиллардан бири сифатида таъриф берилади. У одамларни, жамиятларни, халқларни ва инсоният келажагини қисқа муддатда ўзгартиради. Инсоният қаршисида муқаррар турган қашшоқлик ва тўйиб овқатланмаслик, ишсизлик ва зўравонлик, ирқчилик ва гендер нотенглик, касаллик ва табиий офатлар, болаларга нисбатан зўравонлик, гиёҳвандлик, жиноят ва урушларнинг ягона ечими — таълим. Рақобатбардош иқтисодиётнинг кафолати ҳамда барқарор жамият яратишнинг муҳим шарти ҳам ўқишдир.
Таълим, тинчлик ва тараққиёт азалдан ёнма-ён юради, учаласи бир-бирига хизмат қилувчи драйвер. ЮНЕСКО тадқиқотларига кўра, бугун сайёрамиздаги 258 миллион бола бошланғич таълимдан маҳрум бўлиб, ўқиш-ёзиш, ҳисоблаш кўникмаларини тўлақонли эгалламаган. Уларнинг аксарияти ҳарбий можаролардан азият чекувчи, таълим тизимига эга бўлмаган ҳудудларда яшайди. Ер сайёраси ўқувчилар таълими учун шундай тангликни бошдан ўтказаётган бир даврда тинч-осуда Ўзбекистоннинг сўнгги 4 йилда таълимда эришган муваффақияти инсонга умид бағишлайди. Янги Ўзбекистонда тинчлик, таълим ва тараққиёт бирлашди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг замирида эса инсон қадри учун узоқни кўзлаган оқилона ислоҳотлар ётади.