Инсон дунёга келибдики, бахтга интилиб яшайди. Саодатли бўлиб, толега чўмиб ҳаёт кечиришни орзу қилади. Унга етишиш йўлларини излайди. Албатта, бу неъматга ўз-ўзидан эришилмайди. Халқимиз азалдан бахт деганда тинчлик, хотиржамлик, сиҳатсаломатлик, фарзандлар камоли, эл-юрт олдида юзи ёруғлик кабиларни асосий мезон сифатида билган.

Ҳар бир одамнинг бахти, энг аввало, Яратганнинг инояти, ўзининг меҳнати ва интилишлари билан боғлиқ. Лекин шуни унутмаслик зарурки, инсон халқдан, жамиятдан, Ватандан айро ҳолда бахтли бўла олмайди. Тинчлик-осойишталик қўлга киритаётган ютуқларимизнинг бош мезони, эришаётган марраларимиз, фаровон ҳаётимиз, серфайз дастурхонимиз, фарзандларимиз бахти ва камолининг асосидир.

Тинчлик шукуҳи ҳукмрон бўлмаса, инсонга табиатдаги ҳеч бир нарсанинг, жамиятдаги ҳузур-ҳаловатнинг қадри қолмайди. Хотиржамлик йўқ жойда тараққиёт ҳам, ризқ-рўз ҳам бўлмайди. Келажак, эртанги кун ҳақида орзу-умид ҳам, бахт ҳам, осудалик ҳам хаёлга айланади. Шу боис, тинчлик тараққиётнинг бош  омили, эришаётган барча муваффақиятларимизнинг калитидир. Хўш, тинчлик шундай тотли неъмат экан, унга қандай эришилади ёки тинчлик қандай муҳофаза этилади?

Осойишталик инсонларнинг бир-бирига ҳадя этадиган туҳфаси ёки бозорда сотиладиган маҳсулот бўлса экан, осонгина қўлга киритилса. Тинчлик неъмати учун нафақат Яратганга дуо ва илтижоларни кўпайтириш, балки курашиш ҳам кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб бермоқда. Президентимиз “Бундай ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик”, деганида айни ҳақ гапни айтган эди.

Бугун дунё саҳнига кўз ташлайлик. Узоқ-яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликлар, талатўплар, қирғинбаротлар, ўзаро низолар ўша  мамлакатларнинг аҳолисига нима берди, кимнинг ечилмаган муаммосини ечди, кимни муродига етказди? Аксинча, минглаб одамларнинг жонига зомин бўлди, обод гўшалар харобага айланади, ота-боболар хоки оёқости қилинди, ишлаб чиқариш издан чиқди, одамлар оч-наҳор, баъзилари қочган, баъзилари майиб-мажруҳ бўлиб қолган, яна кимдир бошпана излаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон.

Бундай жойда бахт, тараққиёт, эртанги кунга ишонч бўладими? Яшаш учун кафолат борми? Асло, йўқ. Демак, инсон Яратганнинг розилигига ҳам, ўзининг бахту иқболига ҳам фақат ва фақат шукрона ва огоҳлик орқали эришар экан. Шукрона, энг аввало, қалбдан бошланади. Бугунги дунёнинг мафкуравий манзараси хилма-хил шакл-шамойил касб этаётган шароитда инсон қалби, онги, дунёқараши учун бўлаётган курашлар бежиз эмас.

Бугунги кунда саноқлигина давлатда ядро қуроли ишлаб чиқариш борасида саъйҳаракатлар давом этаётган паллада ахборот таҳдиди билан 120 га яқин давлат жиддий шуғулланаётгани дунёни ядро урушидан кўра ахборот хуружи талвасага солаётганидан далолат беради. Бир заминда яшаётган, бир дарёдан сув ичаётган, бир динга эътиқод қилаётган одамларни бир-бирига душман қилиб, уларнинг орасига нифоқ солиб, уруш оловини ёқиб, биродаркушлик урушини зимдан бошлаб бериб, ортидан беҳисоб бойлик тўплаб олаётган қора кучлар ҳам йўқ эмас.

Дунё мустамлакачилиги тарихида синовдан ўтган бир ибора бор: “Бўлиб ташла, ҳукмронлик қил”. Бугун ҳам бу ибора эскиргани йўқ. Айнан ана шу ибора асосида акани укага, отани болага, яқин қариндошни бир-бирига қайраб, уларнинг қонини тўкаётган кучлар кўпайиб бормоқда ва бу йўлда беҳисоб маблағ сарфланмоқда. Манфур кирдикорларини амалга оширишда бу кучлар динни, демократияни, айрим иқтисодий қийинчиликларни, этник хусусиятларни асосий мавзу қилиб олмоқда.

Диний-дунёвий саводи бўлмаган одамларга гўёки жаннатдаги ҳаётни ваъда қилмоқда. Уларнинг ибодатидан хато топмоқда, ҳаётда юз бериши мумкин бўлган айрим қийинчиликларни бўрттириб кўрсатмоқда. Ижтимоий муаммоларга мавжуд тузум айбдор, деб давлат ва фуқаро ўртасидаги бирликка рахна солмоқда. Бундай разил ниятларини амалга оширишда ҳали йўлини таниб олмаган, маънавияти заиф, иймон-эътиқоди бутун бўлмаган ёшлардан фойдаланмоқда.

Ёшлар онгига турли ижтимоий тармоқлар ёрдамида “оммавий маданият”, сохта демократия, нотўғри диний тушунчалар орқали таҳдид солиб, йўлдан адаштирмоқда. Давлатимиз раҳбари ўтган йили 20 декабрдаги Мурожаатномасида бу хусусда ҳам тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти. Лекин такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми?

Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз. Бунинг учун нафақат масъул ташкилотлар, балки барчамиз биргаликда муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, фарзандларимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича оила, маҳалла ва таълим масканларида иш олиб боришимиз зарур”.

Президентимизнинг бу муҳим масалада алоҳида Миллий дастур қабул қилиниши ҳақидаги таъкиди ёшларимизни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг она юртга меҳри ва садоқатини оширишга янада кўпроқ аҳамият қаратишимиз кераклигидан далолат бермоқда. Ўз вақтида дунё маданиятида ўзига хос ўрин тутган Суриядаги Пальмиранинг бугунги ҳолатини кўринг. Ҳозир дунёда минглаб одам жон сақлаш мақсадида саҳрода қочиб юрибди, бекордан-бекорга ҳалок бўлаётганлар ҳам кам эмас. Европага бораётган қочоқларнинг сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

Хўш, бу урушлар кимга бахт олиб келди, кимнинг муаммосини ечди, кимнинг оғирини енгил қилди? Қўшни мамлакатда юз берган ўзаро биродаркушлик уруши афғон халқига деярли 45 йилдан бери нима берди? Офат, қайғу, бахтиқароликдан бошқа нарса келтирмади. Бугунги ҳаётимизга бир назар солайлик. Ҳаётимиз тинч, тунларимиз осуда, меҳнатимиз баракали, бозорларимиз обод, кўчаларимиз файзли, шаҳару қишлоқларимиз кундан-кун гўзаллашиб бормоқда.

Ризқимиз бутун, дастурхонимиз тўкин, фарзандларимиз эртасидан кўнглимиз тўқ, уларнинг шўх кулгиси хонадонларимиз файзига файз қўшиб турибди. Кексаларимиз ардоқда, беморларимиз парваришда. Халқимиз ўз юмуши, бунёдкорлик ишлари билан банд, эртанги кун орзуси ва умиди билан яшамоқда. Яшаш учун барча имкониятлар бор бу юртда. Ҳар биримиз ҳаётимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлар, юртимиздаги изчил тараққиётни кўзимиз билан кўриб турибмиз, қалбдан ҳис этиб, турмушимизда сезмоқдамиз.

Бундай юксалишларни, халқимиз ҳаётидаги бахт ва иқболни, фаровонликни нафақат ўзимиз ҳис этяпмиз, балки дунё аҳли ҳам бизга алоҳида ҳавас билан қарамоқда ва тан бермоқда. Халқимиз барча ютуқларга, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик,  бунёдкорликка ўзаро ҳамжиҳатлиги туфайлигина эришди. Айниқса, “Инсон қадри учун” тамойилининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясига асос сифатида олингани, кейинги беш йилликка мўлжалланган аниқ режаларнинг амалиётга жорий этилиши натижасида халқимиз Учинчи Ренессанс пойдевори ҳисобланган илм-фан, иқтисодиёт ва маънавий-маърифий соҳаларда жаҳоннинг ҳавас қилса арзийдиган мамлакатлари қаторидан жой олади.

Ҳазрат Алишер Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ёзган мактубларидан бирида шундай ҳикматомуз фикрларни баён қилади: “Одамнинг мурод-мақсади бўлмаса, балолардан омон қолмайди. Аммо ҳар кишининг муроди кўпроқ бўлса, Ҳақ таоло амрига итоати ҳам бўлади”. Шундай экан, ҳар биримиз ўз мақсадимизни аниқ белгилашимиз, огоҳ бўлишимиз, Ватан, ота-она, қариндош-уруғ, фарзандлар, халқ, эл-юрт олдидаги масъулиятимиз ва бурчимизни англаган ҳолда, бунёдкорлик ҳисси билан яшашимиз ва шу орқали барча эзгу мақсад ва ниятларимизга эришишимиз мумкин.

Ўзини шу ватаннинг фарзанди деб билган инсонлар нафақат таълим-тарбия жараёнида, балки ота-онаси ва фарзанди билан мулоқотда ёки ака-укалари суҳбатида ҳам дунёда юз бераётган нотинчликлар, тўполонлар, экстремистик оқимлар фаолиятидан бирбирини огоҳ этиб турмоғи керак. Шунингдек, хунрезликларнинг ортида турган кучлар ҳамда уларнинг ғаразли мақсадлари моҳиятини очиб бериши, мамлакатимиздаги ютуқлар, бунёдкорликлар, тинчлик ва барқарорликни сақлаш борасидаги амалий ишлар ва вазифалар ҳақида мулоҳаза юритиши даркор.

Биз гўзал, озод ва обод Ватан қуряпмиз. Ҳаётимиз осойишта, турмушимиз фаровон, эртанги кунимизга ишончимиз катта. Бироқ ана шунинг ўзи ҳаётимиз ва тинчлигимиз, эртанги кунимиз, кўзлаган мақсадларимиз, эришишимиз лозим бўлган марралар учун етарли эмас. Бугунги мафкуравий хуружлар, “оммавий маданият” таҳдиди даврида бирор дақиқа ҳам лоқайд ва бефарқ бўлмаслигимиз зарур. Ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлган ҳолда тинчлигимизни кўз қорачиғидек асрашимиз, ёшларимиз онгини ёт ғоялардан ҳимоя қилмоғимиз, мақсад ва муддаоларимизни аниқ белгилаб олмоғимиз зарур.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Шу ўринда депутат ва сенаторларимиз, маҳалла, нуроний, хотин-қизлар ва ёшлар фаолларига, бутун халқимизга қарата айтмоқчиман: энг бебаҳо олий неъмат — тинчлигимиз ва осойишталигимизнинг қадрига етайлик, оилаларимиз, фарзандларимиз, келгуси авлодларимизнинг бахту камоли учун бу улуғ бойликни асраб-авайлайлик!” деган хитоби барчамизни такрор ва такрор огоҳликка ундайди.