Кенгаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги «Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Кенгашнинг асосий вазифаларига Университетни стратегик ривожлантириш бўйича узоқ ва ўрта муддатли дастурларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, унинг бизнес - режасини шакллантириш ва асосий молиявий кўрсаткичларни тасдиқлаш киради. Кенгаш, шунингдек, қишлоқ ва сув хўжалиги технологиялари соҳасида таълим, илмий-тадқиқот ва илмий ишланмалар алмашинувини ҳамда Фанлар Академияси ва тармоқ тадқиқот институтлари билан университетнинг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради. Бундан ташқари, Кенгаш ваколатига илмий ишланмаларни тижоратлаштириш ва стартап-лойиҳаларни илгари суриш, таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб қилиш, шунингдек, етакчи хорижий олий ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали алоқаларни ўрнатиш масалалари киради.

Йиғилиш давомида Кенгаш котиби, Университет ректори Б.Мирзаев томонидан юқорида қайд этилган қарор талабларини ижро этиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот тақдим этилди.

Шунингдек, йиғилишда Университет фаолияти билан боғлиқ бир қатор ташкилий, маъмурий ва молиявий масалалар кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бири бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.