Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ёшлар овози” (аввалги “Туркистон”) газетасининг 100 йиллик юбилейи олдидан “Вақтдан ўзган одамлар” хотира-мақолалардан иборат китоб тақдимоти ўтказилди.
Таниқли журналист, ижодкор Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тўлқин Ҳайит муаллифлигидаги китобда нашрнинг мустақиллик арафаси ва дастлабки йилларидаги фаолияти кенг ёритилган.
Тақдимотда “Ёшлар овози” (аввалги “Туркистон”) газетасида узоқ йиллар меҳнат қилган, кўплаб шогирдлар етиштирган Жаббор Раззоқов, Муқаддас Адусаматова, Хуршид Дўстмуҳамедов, Аҳрор Аҳмедов, Ислом Ҳамроев каби устоз журналистлар, ОАВ вакиллари, китобхонлар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.
Китоб “Ҳар даврнинг ўз қаҳрамонлари бор”, “Газетанинг олтин тарихи”, “Ҳар бирингизни севаман”, “Жамоанинг устозлари ва дўстлари”, “Уларни унутиб бўлмайди” каби бобларга ажратилган бўлиб, унга таниқли устоз журналистларнинг мақолалари киритилган.
Тақдимотда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева, “Адолат” газетаси бош муҳаррири, шоир ва публицист Ислом Ҳамро, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов ва бошқалар “Вақтдан ўзган одамлар” китоби миллий журналистикамиз учун жуда муҳим маърифий манба бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Самимий руҳда ўтган маърифий тадбирда “Туркистон” (“Yoshlar ovozi”) газетасининг заҳматкаш ижодкорлари босиб ўтган машаққатли ижод йўли, устозлар ибрати, ғайратли ёшлар шижоати ёдга олинди. Миллий журналистикамизга оид эзгу анъаналарнинг бардавомлигини таъминлаш юзасидан фикрлар билдирилди.
Н. МАҲМУДОВ