Президентнинг жорий йил 3 февралдаги “2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, вилоятда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бўш турган давлат активлари, мавжуд табиий ресурслар захиралари, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер тоифасидаги майдонлар ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда инвестицияларни жалб қилиш ҳисобига қўшилган қиймат занжирини яратиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли даромадини ошириш мақсад қилинди. Катта-катта лойиҳаларга старт берилди. Натижада вилоятда мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланишга йўл очилди.

Хусусан, юқоридаги қарорда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда тегишли ер қаъри участкаларини 2023 йил 1 майга қадар аукцион савдоларга чиқаришни таъминлаши белгиланган эди. Бугунги кунда бу вазифа босқичма-босқич бажарилиб, ер қаъри участкалари аукцион савдолар орқали тадбиркорларга сотилди ва сотиш ишлари давом эттирилмоқда.

Яккабоғ туманининг тоғли ҳудудидаги Гулдара қишлоғида ҳам каттагина кўмир кони мавжуд. Бу кон шу пайтгача ўзлаштирилмаган. Юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида сотувга чиқарилган кўмир кони бугунги кунда тадбиркор томонидан сотиб олиниб, айни пайтда дастлабки ишлар амалга оширилмоқда.

— Вилоятда импорт маҳсулотларга бўлган талабни маҳаллий хомашёлар ҳисобидан қоплаш бўйича ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Жумладан, Яккабоғ туманида кўмир захираси мавжуд 2 та истиқболли участкадан самарали фойдаланиш бошланмоқда, — дейди Қашқадарё вилояти ҳокимининг маҳаллий саноат бўйича ёрдамчиси Нодир Ҳамроев. — Ушбу кўмир конининг биттасини аукцион орқали “Yakkabog` coal industry” масъулияти чекланган жамияти сотиб олган. Ҳозир конга элтувчи автойўл қурилмоқда. Бу ишлар якунига етгач, кўмир қазиш бошлаб юборилади. Тўлиқ қувватда ишга тушгач, кондан йилига 300 минг тонна кўмир қазиб олинади. Жорий йилда корхона томонидан 6 миллион доллар инвестиция жалб қилиниши натижасида кўмир қазиш ва сақлаш ташкил этилиб, 100 киши иш билан таъминланади. Шунингдек, Вори қишлоғидаги иккинчи кўмир кони ҳам аукцион орқали сотилди. “Uber labs” МЧЖ томонидан харид қилингач, ушбу конда ҳам дастлабки босқич ишлари бажарилмоқда. Бу ерда йилига 400 минг тонна кўмир қазиб олинади. Шу билан бирга, 300 та янги иш ўрни яратилади.

Ушбу конларнинг умумий захираси, дастлабки хисоб-китобларга кўра, 6,6 миллион тоннани ташкил этади. Ҳозир тадбиркорлар конлардаги хомашёни қазиб олиш мақсадида инфратузилма тармоқларини яратишни бошлаб юборган.

Вилоятдаги кон захираларига хорижий инвесторларни жалб этиш ишлари ҳам фаол. Хусусан, Австриянинг “Lasselsberger” компанияси томонидан Китоб ва Чироқчи туманларидаги конларда геология-қидирув ишларини бажариш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳа амалга оширилмоқда.

Бу бўйича компания раҳбари ва вилоят ҳокими ўртасида келишувга эришилиб, меморандум имзоланди. Ушбу лойиҳа натижасида 250 та янги иш ўрни яратилади ва экспортбоп саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эришилади.

Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилояти худудида бугунги кунда 20 турдан ортиқ норуда материалларга эга кон участкалари мавжуд. Ҳозирги пайтда вилоятда фойдали конларнинг 150 тасидан олинган хомашё асосида қурилиш материаллари саноати учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Соҳага берилаётган эътибор ўлароқ, захираларни аниқлаш ва унга тадбиркорларни жалб этиш ишлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Масалан, ишга туширилган конларнинг 50 таси ёки 30 фоизи сўнгги 3 йилда ўзлаштирилди. Бунинг натижасида 1800 та янги иш ўрни яратилди.

Вилоятнинг жами саноати таркибида тоғ-кон саноати улуши ҳозир 7,5 фоизни ташкил этади. Сўнгги 3 йилда ушбу йўналишда ташкил этилган корхоналар сони ҳам 105 тадан 150 тага ортди.

Соҳага хорижий инвесторлар томонидан 150 миллион долларлик сармоя жалб этилди. Пировардида цемент, оҳактош, мармарлашган тош, гипс, кварц қуми, бентонит, микрокальцит, доломит каби маҳсулотлар тайёрлаш ҳажми оширилди.

Жорий йилда мавжуд хомашё захираларини қайта ишлаш бўйича қиймати 618,7 миллиард сўмлик 65 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, ушбу лойиҳаларнинг 16 таси ишга туширилди. Натижада 171 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, келгусида цемент ишлаб чиқариш ва кўмир қазиб олиш бўйича ҳам 137 миллион долларлик йирик лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган.

Юқоридаги қарорда белгиланганидек, вилоятдаги норуда қазилмаларни ўз ичига олган 47 та ер қаъри участкаси рўйхати шакллантирилиб, аукцион савдоларга чиқарилди.

Ҳозир аукцион савдолар орқали конларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритган ташаббускорлар билан қурилиш материаллари йўналишида инвестиция лойиҳалари шакллантирилмоқда.

— Жорий йилда Китоб тумани ҳудудидаги мармар ва оҳактош конини аукцион орқали сотиб олдик, — дейди “Safit carb” қўшма корхонаси раҳбари Баҳром Обидов. — Жами ўттиз беш миллиард сўм инвестиция киритиб, мармартошни қайта ишлаш заводи қуришни бошладик. Бугунги кунда жами олтмиш беш нафар маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланган. Янги заводимиз ишга тушгач, яна ўн киши учун иш ўрни яратилади.

Воҳада бу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги билан ҳамкорликда малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда Деҳқонобод, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Қамаши туманларида янги истиқболли участкаларда геология-қидирув ишлари амалга оширилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Қашқадарё вилоятида тоғ-кон саноатини ривожлантириш орқали бу йўналишни воҳанинг драйверига айлантириш борасида тизимли ишлар давом этмоқда.

 Акбар РАҲМОНОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири