Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳужжатларида тўғри овқатланиш одам саломатлигини 70 фоизгача кафолатлаши алоҳида қайд қилинган. Шунинг учун ҳам дунёнинг ривожланган давлатларида иложи борича ушбу тамойилга эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айниқса, пандемия даврида инсоният ўз турмуш тарзидаги камчилик ва зарарли одатлардан катта зарар кўрди. Коронавирус ҳужумига, биринчи навбатда, тўғри овқатланиш қоидаларига риоя этмагани туфайли турли хасталиклар билан яшаб келганлар йўлиққани айни ҳақиқат.

Шундан хулоса чиқарган мамлакатлар тўғри овқатланиш, умуман, фаол соғлом турмуш тарзини кун тартибига биринчи масала сифатида кўтаряпти. Мамлакатимизда ҳам бу борада қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, жойларда уларнинг ижроси назорат қилинмоқда. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланиш ҳамда соғлом турмуш тарзи бўйича ҳаётий кўникмаларни шакллантириш орқали ҳар бир фуқарода касалликка қарши кучли иммун тизими пайдо бўлишини таъминлаш, зарарли одатлардан воз кечиш, тўғри овқатланиш тамойилларига амал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, таркибида туз, қанд ва ёғ миқдори кўп бўлган ҳамда хамирли таом ва ширинликларни, нон маҳсулотларини истеъмол қилишни қисқартириш, зарарли одатлардан, жумладан, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмолидан воз кечиш йўли билан касалликка чалиниш, ортиқча вазн ҳолатлари (семизлик) ва бевақт вафот этишни камайтириш соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш бўйича барча саъй-ҳаракатлар самараси, давлат томонидан бажариладиган ташкилий ва амалий ишлардан ташқари, аҳолининг ушбу масалада умумий саводхонлиги, қолаверса, овқатланиш маданияти даражасига боғлиқ. Ҳозир аҳоли саломатлигини яхшилаш ва муҳофаза қилиш, турли-туман замонавий касалликлардан ҳимояланишда меъёрий вазнга эга бўлиш ва семирмаслик алоҳида аҳамият касб этади. Шу сифатга эга одамлар кўпинча соғлом ва узоқ яшайди, серунум меҳнат қилади.

Инсон яшаш учун ейди

Овқатланиш инсон учун уч сабабга кўра муҳим: биринчидан, организмни юриш, жисмоний фаолият, ақлий меҳнат ва бошқа юмушлар учун керакли қувват билан таъминлаш учун; иккинчидан, танада ҳужайра ва тўқималар ҳосил бўлиши ва янгиланиши, ўсиши, улғайиши учун; учинчидан, турли ноқулай турмуш шароити, касаллик ва бошқаларга бардошлилик хусусиятини шакллантириш учун.

Мухтасар айтганда, овқатланиш яшаш ва ҳаёт кечиришнинг асосий шартларидан биридир. Истеъмол қилинадиган таом таркибидаги асосий озиқ моддалар — оқсил, ёғ, углевод мазкур мақсадлар учун қувват тўплашга ёрдам беради. Ҳужайра ва тўқималар ривожи учун фойдали материал вазифасини ўтайди. Биз ейдиган таомлар таркибида ҳар хил витамин, минерал ва биологик фаол модда — ферментлар ҳам бўлади. Улар қўшимча озиқ моддалар дейилиб, энергетик қийматга эга эмас. Бироқ моддалар ва энергия алмашинуви, ички ва ташқи муҳит билан боғланиб туриш, асаб ва эндокрин тизим фаолияти, касалликларга қарши курашиш каби ҳаётий жараёнлар учун жуда зарур.

Туғилганидан умрининг охиригача инсоннинг мазкур озиқ моддаларга эҳтиёжи унинг ёши, барча саъй-ҳаракати, об-ҳаво шароити, ижтимоий-иқтисодий имконияти ва бошқа омилларга қараб ўзгариб туради. Бундай ўзгаришларни сезишда организмнинг бошқарув, яъни нерв ва эндокрин тизими ҳал қилувчи роль ўйнайди. Масалан, узоқ давом этадиган сувсизлик ёки очлик пайти сув ва озиқ моддалар сарфланишини шароитга қараб камайтирадиган тегишли асаб импульслари, гормонлар юзага келади. Натижада сув кам сарфланади, танадан суюқлик кам ажралади. Мавжуд қувват захираси тежаб ишлатилади.

Ушбу бошқарув тизими инсоннинг эволюцион ривожланиши давомида турли шароитларга мослашиши заруратидан юзага келади, акс ҳолда, унинг ҳаёти тўхтаб қолади. Ушбу тизимнинг фаолияти боис, организмда озиқ моддаларни қабул қилиш (иштаҳа очилиши ва овқатланиш тараддудига тушиш, яъни очлик туйғуси) ёки уни тўхтатиш ҳисси юзага келади. Бундай ҳис-туйғулар марказий асаб тизимининг гипоталамус қисмидаги нерв ядролари қўзғалиши ёки тормозланиши туфайли пайдо бўлади. Масалан, қонда глюкоза миқдори камайса, очлик билан боғлиқ марказлар қўзғалиб, овқат топиб ейиш, таом кўпайиб кетганда эса тўқлик билан боғлиқ импульслар юзага келиб, овқатланишни тўхтатиш ҳиссиёти юзага келади.

Камҳаракатлилик — соғлиқ кушандаси

Айтиш жоизки, гипоталамуснинг бошқаруви энг олий марказ, яъни мия яримшарининг пўстлоқ қисмидаги махсус асаб ядролари фаолиятига тўлиқ бўйсунган ҳолатда бўлади. Масалан, иштаҳа билан овқатланилаётганида таомдан бадбўй ҳид таралса ёки кимдир асабга кучли салбий таъсир кўрсатадиган гап айтса, қонда глюкоза кўп ёки камлигидан қатъи назар, иштаҳа йўқолиб, таомланиш дарҳол тўхтатилади. Ёки аксинча, тушликни еб бўлишингиз билан бирор танишингиз бир товоқ ёғли, ёқимли ҳиди таралиб турган сомса олиб келади ва сизга манзират қилади. Олдин еган таомингиз сизни озиқ моддалар билан таъминлашга етарли бўлса-да, танишингизни хафа қилмаслик баҳонасида 3-4 та сомсани паққос  тушириб оласиз.  Аслида бундай мазали таомни ейишни ўзингиз ҳам хоҳлаган бўласиз.

Натижада истеъмол қилинган таом қуввати, миқдори, таркиби билан керагидан ошиб тушади. Шу йўл билан танага кирган озиқ моддалар миқдори кўпайиб, такрорланиб турса, ортиқча вазн пайдо бўлишига олиб келади. Бундай пайтлари ошиқча овқат ейилгани эвазига кечки тамаддини иложи борича енгил қилиш ёки кўпроқ жисмоний ҳаракат қилиш, масалан, пиёда юриш билан қўшимча озиқ моддаларни ёғга айлантирмай, сарфлаб юбориш керак.

Эҳтиёждан ортиқча озиқ моддаларни истеъмол қилиш ҳолати кейинги йилларда тез-тез учраб турибди. Бунинг асосий сабабларидан бири жисмоний ҳаракат, жисмоний фаоллик камайиб боришида. Чунки ҳар қадамда транспорт воситаларидан фойдаланиляпти. Машина ва механизмлар кўпайиб, турмуш тарзимиздан қўл меҳнатини тобора кўпроқ сиқиб чиқармоқда. Фан тилида бу гиподинамия дейилади.

Сувни ҳам чайнаш керак

Кўпчилик доим бир хил миқдорда овқатланса ҳам вазни ошиб бораётганидан шикоят қилади. Бундай кишилар гиподинамия туфайли ейилган овқатга нисбатан кам қувват сарфланишини ҳисобга олмайди. Ушбу ҳолат дунё бўйича, айниқса, тинч, ривожланган давлатларда кенг тарқалиб, атеросклероз, қон босими кўтарилиши, қонда салбий холестерин миқдори кўпайиши, қандли диабет каби инсон умрини қисқартирувчи, оғир сурункали касалликларга сабаб бўлмоқда.

Уларни бартараф қилишнинг асосий усули шуки, кам калорияли, лекин витамин ва минерал моддаларга бой мева-чева, полиз маҳсулотлари, кўкат, салатларни мунтазам истеъмол қилиш лозим. Лекин кўпчилик ёғли, гўштли таомларни истеъмол қилишни хуш кўради. Шу боис, кам овқатланишга ҳаракат қилса-да, айтилган овқатлар билан анча-мунча ортиқча калория йиғиб қўйганини сезмай қолади. Сезса ҳам қандай қилиб унинг олдини олишга доир физиологик механизмларни тўлиқ тасаввур қила олмайди.

Гап шундаки, марказий нерв тизимидаги тўқлик ва очлик марказларининг қўзғалиши учун қондаги глюкоза миқдоридан ташқари оғиз бўшлиғида жойлашган нерв учлари ёки рецепторлардан ейилган овқатнинг таъми, ҳиди ва бошқа кўрсаткичларига уйғунлашган импульслар юзага келади. Улар овқатнинг кам ёки кўп ейилишига, ҳазмига бевосита алоқадор.

Таомни шошмасдан, майда чайнаб истеъмол қилиш муҳимлиги ҳақидаги фикрлар қадимдан маълум. Тиббиёт асосчиси Гиппократ янги эрадан 350 йил олдин “Сувни чайнаб ич, овқатни сув қилиб ют”, деган. Бунинг моҳияти шундаки, қултумлаб ичилса, кам сувга ҳам қониқиш ҳисси пайдо бўлади. Керагидан ортиқ сув талаб қилинмайди. Овқат ҳам обдон чайнаб ейилса, тўйиш ҳисси тезроқ пайдо бўлади, кўп еб қўйишнинг олди олинади.

Таомланишда шошмаслик, ҳар хил салбий воқеаларни эсламаслик, шовқин қилмаслик, кишиларнинг кўнглига тегадиган гаплардан воз кечиш ва, энг муҳими, Абу Али ибн Сино бобомиз айтганидек, “жуда тўйиб ва тўлиб таомланмаслик”, балки ҳали бир неча луқма ейиш иштиёқи бўлатуриб, овқатланишни тўхтатиш лозим.

Овқатланиш давомида ҳар бир луқманинг оғизда сақланиши одатда  16-18 сония бўлиши керак (суюқ овқатлар учун анча қисқа вақт кутилади, албатта). Бу вақт физиологик нуқтаи назардан мўътадил ҳисобланади. Шу муддатда ютиладиган луқманинг мазаси, ҳиди, ҳарорати, таркиби ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар оғиз бўшлиғидаги нерв учларида (рецепторлар) юзага келган импульслар сифатида бош миянинг пўстлоқ остки ва пўстлоқ ядроларига етиб боради.

Агар дастурхонга қўйилган таом тез, апил-тапил ейилса, оғиздаги овқат ҳақидаги маълумотлар бош мияга тўлиқ етиб бормайди. Тўйиш ҳисси кечикиб шаклланади. Табиийки, бу вақт давомида анча-мунча кўп овқат еб қўйилади. Ҳозир бундай шошиб таомланиш ҳолати тез-тез учрайди. Чунки ҳар бир ишда шошиламиз, ҳамма нарсага улгуришга ҳаракат қиламиз. Айниқса, ёшлар йўл-йўлакай таом ейди ва уйда ҳам мана шундай апил-тапил овқатланишга ўрганиб қолади. Кўпинча улар таомланаётган вақтда телевизор ёки телефондан кўз узмайди. Одамларда тез-тез чайнаб ёки чала чайнаб таомланиш анъанаси шаклланмоқда. Бунинг оқибатида меъёридан кўп овқат еб қўйиш ва ошиқча вазн йиғиш ҳоллари кузатилади. Оқибатда ошқозон-ичак касалликлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Хулоса қилганда, керагидан ортиқча овқат ейиш туфайли турли-туман замонавий касалликларга чалиниш аҳоли орасида овқатланиш маданиятини кенг кўламли шакллантириш учун чора-тадбирлар заруратидан дарак беради. Бу борада мамлакатимизда таълим-тарбия бўйича ислоҳотлар режасига мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, олий ва ўрта махсус таълим масканларида тегишли ўқув соатларини киритиш, аҳоли орасида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, бундай саъй-ҳаракатлар давлатимиз раҳбарининг ўтган йили  31 январда академик ва олимлар билан мулоқоти, кейинчалик — 26 февралда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни янада яхшилашга бағишланган учрашувда тўғри овқатланиш, жисмоний фаоллик (пиёда юриш), овқатланиш маданиятига кишиларни ўргатиб бориш зарурлиги ҳақидаги фикрларига жавоб бўлади.