24 декабрга ўтар кечаси Афғонистондан Тожикистонга кириб келган террорчилар ва тожик чегарачилари ўртасида қуролли тўқнашув юз берди. Қурбонлар бор, дейилади Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси баёнотида.
Операция натижасида Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хатлон вилояти Шамсиддин Шохин туманида чегарани ноқонуний кесиб ўтган террорчилик ташкилотининг 3 нафар аъзосига қуролли қаршилик кўрсатилиб, улар зарарсизлантирилди. Тожикистоннинг икки нафар чегарачиси ҳалок бўлди. Воқеа жойида 3 та М16 автомати, 1 та Калашников автомати, хорижда ишлаб чиқарилган 3 та овоз ўчиргичли тўппонча, 10 та қўл гранатаси, 1 та тунги кўриш мосламаси, портловчи моддалар ва бошқа ўқ-дорилар олинган, деб хабар берди tass.ru.
“Бу тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлишига олиб келган сўнгги бир ой ичида Афғонистондан Тожикистонга учинчи қуролли ҳужум, террорчилик ҳаракати ва чегаранинг кесиб ўтилишидир”, дейилади баёнотда.
Ховар ахборот агентлигининг Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот маркази баёнотига асосланиб хабар беришича, террорчилик ҳужумидан кейин чегарада вазият тинчлигича қолмоқда. “Ҳозирда чегарада вазият тинч. Ушбу ҳодиса юзасидан тергов давом этмоқда”, дея қўшимча қилинган хабарда.