Гуруҳ таркибида Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Саъдиев, Теша Мӯминов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Саидов, Ӯзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жаҳонгир Аҳмедов каби таниқли кино арбобларт бор...
Ўзбекистонлик ҳайъат аъзоларини «Тожикфильм» давлат муассасаси директори Маҳмасаид Шоҳиён бошчилигидаги тожик киноижодкорлари кутиб олишди. Учрашувда ҳар икки мамлакат кинематографиясининг тарихи бир-бирига чамбарчас боғлиқлиги таъкидланди.
Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзолари дастлаб Тожикистон Оммавий ахборот воситалари академиясида бўлиб, матбуот анжуманида иштирок этишди. ЎЗбекистон Республикаси Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов ҳамда Тожикистон ОАВ академияси раҳбари Саъдий Маҳдий Исматзода икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорлик, хусусан миллий меди-макон ва кинематогрифияни ривожлантириш юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Жумладан, Ф.Абдухолиқов Янги Ўзбекистонда журналистика ва кинематография соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар, нодавлат телеканаллар фаолияти, сўнгги йилларда ўзбек киносида кўзга ташланаётган янгиланишлар, бу борада кутилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритди. Ҳар икки мамлакатнинг кино ва медиа соҳаси вакиллари малакасини ошириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритдли.
Шундан сўнг ўзбекистонлик киноижодкорлар Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги миллий кутубхонага ташриф буюришди. Мазкур кутубхонада уч ярим миллион нусхадан ортиқ турли тиллардаги китоблар, газета ва журналлар сақланмоқда... Кутубхона раҳбари Жумахон Файзализода меҳмонларга ушбу зиё масканнинг тарихи, ундаги нодир қўлёзмалар хусусида сўзлаб берди.
Кутубхонанинг нодир манбалар бўлимида Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Мирзо Бедил, Абдурраҳмон Жомий сингари улуғ алломаларнинг қўлёзмалари ўрин олган. Улар орасида Алишер Навоийнинг 1801 йилда Бухоро амирлигида кўчирилиган «Хамса» қўлёзмаси меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди.
Ўзбекистонлик меҳмонлар шу куни Душанбе шаҳридаги Алишер Навоий боғига ташриф буюрди. Тадбирда ҳазрат Навоийнинг шеърларидан намуналар ўқилди. Мазкур боғ 2018 йилда очилган, унинг очилишида икки давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон иштирок этишган. Боғ тўрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари қад ростлаган. Меҳмонлар улуғ мутафаккарлар пойига гулчамбарлар қўйиб, ҳурмат бажо келтиришди.
Кечки пайт Душанбе шаҳридаги «Ватан» кинотеатрида «Тожикистонда ўзбек киноси кунлари»нинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати.