Мазкур фильм нафақат спорт мавзусидаги навбатдаги кино асари, балки инсон иродаси, мағлубиятдан кейинги руҳий кураш ва қайта тикланиш ҳақидаги чуқур фалсафий ҳикоя сифатида намоён бўлди.

Фильм оғир вазн тоифасидаги профессионал боксчи, Ўзбекистон Республикаси халқаро тоифадаги спорт устаси, юртимиз ифтихори, Олимпия ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ҳаёти ва унинг спортда босиб ўтган машаққатли йўлига бағишланган. Шу билан бирга, асарда Янги Ўзбекистонда спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имконият ва шароитлар ҳам таъсирли бадиий услубда ёритилган.

Премьера юқори савияда ва тантанали муҳитда ўтди. Дастлаб, қизил йўлак орқали фильм ижодкорлари, актёрлар ва халқаро меҳмонлар кириб келишди. АҚШ, Япония, Россия ва Швейцариядан келган кино вакиллари иштирок этгани ўзбек кино санъатига бўлган қизиқиш ортиб бораётганини намоён этди. Бу ҳолат миллий кинематографиянинг халқаро майдонда ўз ўрнини топаётганининг яна бир далили сифатида баҳоланмоқда.

«Токиога йўл» оддий спорт драмаси эмас. У инсоннинг ички кураши, оғриқ ва мағлубиятлар орқали руҳан мустаҳкамланиши ҳақидаги таъсирли ҳикоядир. Фильм томошабинни нафақат кузатувчи, балки ҳис қилувчи ва ўйланувчига айлантиради. У инсонни ўз чегараларидан чиқишга, ўз кучига ишонишга ва ҳатто энг оғир вазиятларда ҳам таслим бўлмасликка ундайди.

Премьерада иштирок этган Баҳодир Жалолов фильм ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Унинг таъкидлашича, асар унинг ҳаётига жуда яқин воқеаларни акс эттиради:

— Бу фильм менинг ҳаётимга жуда яқин. Айрим жойларида бадиий тўқима бор, аммо асосий воқеалар ҳақиқатга яқин берилган. Томоша қилар эканман, ўтган кунларимни яна бир бор ҳис қилдим, — деди у.

Спортчи, айниқса, мағлубиятдан кейинги руҳий ҳолатлар акс эттирилган саҳналарни алоҳида таъкидлади:

— Биринчи раундда ютқазган пайтларим бўлган. Ўша пайтда инсон ичида катта кураш кечади. Мен ҳам ўзим билан кўп гаплашганман. Фильмда бу ҳолатлар жуда таъсирли чиққан.

Унинг фикрича, фильм ёшлар учун муҳим мотивацион аҳамиятга эга:

— Бу фильм ёшларга ҳам ёқади. Чунки у фақат спорт ҳақида эмас, балки ҳаёт ҳақида. Албатта кўришни тавсия қиламан.

Фильмда Баҳодир Жалоловнинг отаси образини ижро этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Боир Холмирзаев ҳам асарнинг маънавий аҳамиятига тўхталди:

— Бу фильмда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар, меҳр, дуо ва ишонч каби қадриятлар чуқур ёритилган. Бу бизнинг халқимизга хос фазилатлар, — деди актёр.

Унинг таъкидлашича, фильм кенг аудитория учун мўлжалланган:

— Бу кино нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё ва дунё томошабини учун ҳам қизиқ. Чунки унда умуминсоний ғоялар мужассам.

Фильм ижодий жамоаси ҳам юқори профессионал даражада иш олиб борган. Сценарий муаллифлари С. Кузминиҳ, Н. Нарзуллаев ва С. Аббосов, режиссёр А. Исаков ҳамда бир қатор тажрибали мутахассислар томонидан фильм таъсирли тарзда экранга олиб чиқилган.

Мазкур фильмнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг халқаро миқёсда намойиш этилиши режалаштирилганидир. Жумладан, Японияда тақдимот ўтказилиши ва онлайн платформалар орқали кенг аудиторияга етказилиши кўзда тутилган. Бу эса миллий контентни жаҳон саҳнасига олиб чиқишда муҳим қадам бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, «Токиога йўл» — шунчаки фильм эмас. Бу — ҳаёт, ирода ва орзу ҳақидаги катта ҳикоя. У инсонга бир муҳим ҳақиқатни эслатади: йиқилиш — мағлубият эмас, қайта турмаслик эса ҳақиқий ютқазишдир.

Зулхумор Акбарова