Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ўтган беш йил давомида мамлакатни  ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим нуқталаридан бири сифатида тараққий этиб, ўзининг янги босқичига кўтарилди. Замонавий ва янгича ёндашувлар, қабул қилинган қонунлар, муҳим фармон ва қарорлар, давлат дастурлари тармоқни сердаромад, қишлоқ жойларда одамларни иш билан таъминлайдиган тизим сифатида шаклланишини таъминлаб берди.

Мамлакатда озиқ-овқат соҳасини жадал ривожлантириш ва диверсификациялаш эса унинг хомашё базасини кенгайтириш ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконини бермоқда. Буни Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати йилига ўртача 9–10 фоизни ташкил этаётганида ҳам кўриш мумкин. Биргина мисол, охирги беш йилликда ўлкамизда мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,6 бараварга, гўшт маҳсулотлари ва  сут маҳсулотлари 1,4 бараварга ошди. Бу ўз-ўзидан экспорт кўлами кенгайишига ҳам хизмат қилмоқда. Натижада юртимиз нафақат ўзининг 35 миллиондан ортиқ аҳолисини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлай оладиган, балки озиқ-овқат экспорт қиладиган саноқли давлатлардан бирига айланди.

Бу борадаги кўрсаткичлар кейин ҳам ўсишда давом этади. Боиси, мамлакатни ривожлантиришнинг навбатдаги — 7 та йўналиши бўйича Тараққиёт стратегиясининг “Миллий иқтисодиётни ривожлантириш” деб номланган учинчи бандида қишлоқ хўжалиги самарадорлигини тубдан ошириш ва уни диверсификация қилиш алоҳида тилга олинган. Жорий йилнинг 6 ноябрь куни давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришиш маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида янги Тараққиёт стратегияси ҳақида сўз юритар экан, қишлоқ жойларда яшаётган аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, фермер ва деҳқонлар даромадини 2 баробар кўпайтириш учун зарур шароитларни яратиш унда асосий вазифалар сифатида белгиланганини алоҳида таъкидлади.

Натижа 110 фоиз юқори

Қисқа вақтда қўйилган мақсадларни рўёбга чиқариш бўйича ишлар бошлаб юборилди ҳам. Шу йилнинг 24 ноябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида томорқа хўжаликларидан фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, юртимизда аҳоли ихтиёрида 500 минг гектар атрофида томорқа мавжуд. Улардан самарали фойдаланишни янада ошириш аҳолини иш билан таъминлаш ва оилаларнинг даромадларини кўпайтиришга хизмат қилади. Мазкур йўналишни такомиллаштириш мақсадида 23 ноябрь куни Президентнинг  “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, келгуси йили пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланди. Уларга томорқа хўжаликларида маҳсулот етиштиришга кўмаклашиш учун эса келгуси йилда 100 миллион доллар йўналтириш режалаштирилган. Бу маблағ оилавий тадбиркорлик дастури асосида, имтиёзли шартларда берилади.

Хусусан, деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга ер майдонида кичик интенсив боғдорчилик ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчиликка 6 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга кредитлар ажратилади.

Бу халқимиз, айниқса қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган юртдошларимиз учун катта имконият. Ортга назар ташаласак, беихтиёр аввалги қишлоқ аҳолиси билан бугунги қишлоқ одамларини солиштирамиз. Уларнинг ҳаёт тарзи, яшаш даражаси, даромадида сезиларли фарқ юзага келгани кўзга ташланади. Аввало, халқимизда бугун бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш, кичик томорқадан ҳам яхшигина даромад олиш кўникмаси шаклланди. Бу ўз-ўзидан содир бўлгани йўқ, албатта. Сўнгги йилларда мамлакатимизда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ўз томорқасида экин экиб, ундан фойда олиш кўпчилик юртдошларимизнинг асосий даромад манбаига айланди.

Жумладан, айни кез 5,5 миллиондан ортиқ томорқа ер эгаси ўз ихтиёридаги 502,8 минг гектар ер майдонида деҳқончилик қилмоқда. Юртимизда етиштирилаётган картошканинг 84 фоизи, сабзавот маҳсулотларининг 71 фоизи, полиз, узум ва меваларнинг 55-60 фоизи, чорвачилик маҳсулотларининг 94 фоиздан ортиғи аҳоли хонадонлари ҳиссасига тўғри келяпти.

Умуман, ўтган вақт давомида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан аҳоли томорқаларидан олинадиган даромадларини ошириш бўйича бир қанча йўналишлар белгилаб олиниб, бу борада тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда 2021 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини экиш бўйича ишлаб чиқилган дастурларга асосан 347,8 минг гектар аҳоли томорқаларига эрта баҳорги экинлар, 267,4 минг гектарга такрорий экинлар экилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якунига қадар аҳоли томорқаларида 11,6 миллион тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилмоқда. Бу ўтган йилга нисбатан 110 фоиз юқори.

Хонадон томорқасида ҳар ким ўз имконияти, ихтиёрига қараб маҳсулот етиштиради. Талабгорлар орасида мева-сабзавотчиликка қизиқадиганлар ҳам кўпчилик. Айримлари бу иш билан аввалдан шуғулланиб келган бўлса, баъзилар тажрибали деҳқонлардан ишнинг ҳадисини олиб, сўнг жараёнга киришади. Асосийси, вақтини ҳам, ҳовлидаги ер майдонини ҳам бўш қолдирмай, оиласи даромадига ҳисса қўшади.

Ана шундай талаблар асосида жорий йил эрта баҳорда республика бўйича 2 миллион аҳоли хонадони томорқаларига жами 14,2 миллион дона мевали кўчатлар экиш ишлари ташкиллаштирилди. Кўчатлар орасида узум дейсизми, олма ёки шафтолими — бари топилади. Жами экилган мевали кўчатларнинг турлари бўйича таҳлил қилинганда, ток 42 фоиз, олма 10,2, ўрик 9,3, гилос 5,8, анор 5,3, шафтоли 4,4, нок 3,9, беҳи 3,7, лимон 3 ва бошқа дарахт турлари 12,1 фоизни ташкил этди. Одамлар даромадга эга бўлсин, дея тадбиркорлар ҳам бу ишларга ўз ҳиссасини қўшди. 668,1 минг туп мевали дарахт кўчатлари ҳудудларда фалолият юртаётган фермер хўжаликлари, томорқа хизмати корхоналари ва тадбиркорлар томонидан аҳолига арзон нархларда етказиб берилди.

Хонадон томорқаларидан фойдаланишнинг яна бир самарали усули иссиқхоналар ташкил этиш ҳисобланади. Бу орқали ҳам яхшигина даромад, ҳам йилига 2-3 марта ҳосил олиш мумкин. Ҳатто, оила аъзолардан ташқари, қўшимча бир неча кишини иш билан таъминлаш имконияти ҳам бор.

Янги иш ўринлари яратиш, айрим инсонлардаги боқимандалик кайфиятини йўқотиш, уларни тадбиркорлик соҳасига, аҳолини шахсий томорқадан самарали фойдаланишга кенг йўналтириш мақсадида жорий йилда 71 минг хонадондаги жами 947 гектар майдонга ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Айни пайтда республикамиздаги 358 минг 467 та хонадонда ихчам иссиқхоналар мавжуд бўлиб, шулардан ҳам аҳоли рўзғорига қўшимча даромад келаяпти.

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани “Бобур” маҳалласида яшовчи Гулмира опа “Аёллар дафтари” рўйхатида турган. Оиласи моддий етишмовчилик сабаб қийналиб қолгани боис Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши хузуридаги жамғармадан 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, иссиқхона фаолиятини йўлга қуйди. Ҳозирда 4 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган.

Пахтачи туманида истиқомат қилувчи Нодира Эгамбердиева, Зокир Эштанов, Бердулла Эгамбердиев, Ваҳоб Норқуловлар ихчам иссиқхонада маҳсулот етиштириб, йилига ўртача 30—50 миллион сўмдан даромад олмоқда.

Умуман, амалиётда ўзини оқлаётган бу тажрибани янада оммалаштириш ишлари олиб бориляпти. Хусусан, жорий йилда туманларнинг ҳар бир секторида камида 100 тадан ихчам иссиқхона ташкил этиш юзасидан режалар ишлаб чиқилиб, ҳудудий хокимликлар томонидан манзилли руйхатлари тасдиқланган. Аҳамиятлиси, бундай иссиқхоналарни қуриб, аҳолига имтиёзли кредитлар асосида топширишда “Томорқа хизмати” МЧЖ корхонларининг ҳиссаси катта бўляпти.

Экин экишдан маҳсулот экспортигача кўмаклашувчи хизмат

Ҳудудларда томорқа билан ишлайдиган, аҳолига моддий ресурсларни етказиб берадиган, молиялаштирадиган ва экин экишни назорат қиладиган тизим яратилиб, “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолиятининг йўлга қўйилиши аҳолига деҳқончилик ишларини бошлашда катта кўмак бермоқда. 2018 йилда синов тариқасида илк бор ташкил этилган “Томорқа хизмати” корхоналарига йил сайин талаб ортиб бораётгани ҳам шу важдан. 2020 йил 30 июнда қабул қилинган “Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори билан республикамиз бўйлаб 651 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар фаолияти йўлга қўйилди.

Бундай корхоналар иш бошлаган илк куниданоқ аҳолига кўмакчи бўлиб, одамларнинг томорқаларга экин экиш, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда. Жойларда аҳоли томорқа ерларини шудгорлаш, зарур уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хонадонларга ихчам иссиқхона қуриб бериш, эчки, қуй, парранда, асалари уялари, қуён етказиб бериш каби хизматларни “Томорқа хизмати” корхоналари орқали ташкил этиш йўлга қўйилмоқда.

Ўз навбатида, халққа хизмат қилиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган бундай корхоналар Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида “Томорқа хизмати” корхоналарида 38,5 минг тонна сиғимли мева-сабзавотларни совутиш учун 132 та омбор, мева-сабзавотни сақлаш учун 62,9 минг тонна сиғимга эга 195 та омбор ҳамда йиллик 161,4 минг тонна қувватга эга бўлган мевани саралаш, қуритиш, қайта ишлаш учун 154 та линия ташкил қилинди. Мазкур йўналишлар учун Кенгаш ҳузуридаги жамғармадан 96,6 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Соҳа ривожида кластерлар фаолияти муҳим драйверга айланаётгани сир эмас. Қишлоқ хўжалигининг турли йўналишлари қаторида ўтган йилдан бошлаб “Томорқа хизмати” кластерлари ҳам ташкил этиляпти. Хусусан, айни вақтда мева-сабзавот кўп етиштириладиган 32 та туманда 12 та йўналиш бўйича томорқа хизмати кластерлари иш олиб бормоқда. Улар томорқаларда етиштирилган маҳсулотларни сақлаш, дўконларга етказиб бериш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехларини ташкил этиш жараёнларини умумлаштиради.

Қўрғонтепа туманида ташкил этилган “Дардоқ томорқа хизмати” МЧЖ ҳам ўз фаолиятини кластер тарзида давом эттиряпти. Корхона 25 нафар кишини доимий иш билан таъминлаб, 5 мингта томорқа ер эгасига хизмат кўрсатиб келмоқда. Кластер ўтган йили 150 минг АҚШ доллари, жорий йил шу даврига қадар 250 минг долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хориж давлатларига экспорт қилди.

Умуман, бугун иш фаолиятини олиб бораётган кўпгина “Томорқа хизмати” МЧЖлар мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли томорқаларида етиштирилган ҳамда кластерлар томонидан қайта ишланган қишлоқ хўжалиги махсулотларини ички бозорларимиздан ташқари, хорижга экспорт қилишга эришяпти. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи давомида 80 га яқин “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан 54 миллион долларлик 51,7 минг тонна маҳсулот Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон, Россия, Украина, Германия, Саудия Арабистони, Эрон, Покистон, Малайзия ва бир қатор Европа малакатларига экспорт қилинди.

Бир маҳалла — бир маҳсулот

Мамлакатимизда ҳар бир ислоҳот, аввало, инсон манфаатлари, унинг яхши яшаши, сифатли ҳаёт кечиришига қаратилгани ана шундай мисолларда ўз исботини топмоқда. Буни ҳаётимизда сезиб, ҳис қилаётганимизнинг ўзи юқоридаги рақамларнинг ҳеч бири шунчаки қоғозда эмас, амалиётда рўй бераётганидан далолат.

Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолига томорқаларидан даромад олишга кўмаклашиш замирида ҳам кам таъминланган, муҳтож оилаларга доимий даромад манбаини яратиб бериш ётади. Хусусан, жорий йил бошида томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланиш истагини билдирган “Аёллар дафтари” рўйхатида турувчи 15 665 нафар хотин-қизнинг шу тизимда бандлиги таъминланди. Иккинчи босқичда эса 19 716 нафар хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган режа асосида ишлар ташкил этилиб, барчаларига амалий ёрдам кўрсатилди. Аёллар бандлигини таъминлаш мақсадида Кенгаш ҳузуридаги жамғарма ҳисобидан бугунги кунга қадар жами 34 миллиард 689 миллион сўм маблағ ажратилди.

Ер олиб, экин эккан билан ҳосил мўл бўлавермайди. Яхши натижага эришиш учун билим, тажриба зарур. Ҳудудларда маҳаллабай ишлаш тизими, уйма-уй юриш орқали тарғибот ишларини олиб бориш, маҳаллаларда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ишларнинг тизимли йўлга қўйилиши аҳолига қулайлик яратяпти. Ушбу тизим натижасида республика бўйича 1 639 та МФЙлар муаян бир турдаги маҳсулот етиштиришга иқтисослаштирилди. Шу тариқа, сабзавотчилик, картошкачилик, мевачилик ва боғдорчилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа йўналишлар маҳаллар миқёсида ривожлантириляпти.

Хонадонларнинг бир маҳсулотни етиштиришга ихтисослашиши қатор афзалликларга эга. Аввало, “Томорқа хизмати” МЧЖлар томонидан битта маҳаллага бир маҳсулот уруғи ёки кўчати етказиб берилиши ҳисобига хонадонлар эгаларининг ҳам вақти, ҳам нақди тежалади. Маҳсулот пишиб етиганидан кейин ҳам харидор топишда муаммолар бўлмайди. Бир маҳсулотни катта ҳажмда олувчи харидорлар доим топилади.

Жорий йилда “Олмазор” ва “Бунёдкор” МФЙдаги 925 та хонадон картошкачиликка ихтисослаштирилиб, бу ерда йилига икки марта ҳосил етиштириляпти. Эртаки картошканинг плёнка остига экилиши ҳисобига маҳсулот нархи ўсишининг олди олинмоқда. Муҳими, аввалдан картошкачилик билан шуғулланган хонадон эгалари ҳам янгича тизим ортидан кўпроқ даромад ола бошлади. Жорий йил якунига қадар яна 1 920 та маҳаллаларни бир хил турдаги қишлоқ хўжалиги махсулотларини етиштиришга ихтисослаштириш кўзда тутилган.

Фахриддин СУЮНОВ,

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши бўлим бошлиғи