У вақт ва макон билан чегараланмаган ўзига хос кўзгу бўлиб, инсон руҳиятига чуқур кириб боради, тафаккур ва ҳис-туйғуларни ҳаракатга келтиради. Кино орқали миллатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақидаги тасаввур шаклланади, жамиятнинг ички ҳолати экранда акс этади.
Бугун кино ижтимоий онгни шакллантириш ва тарбиялашда ҳам салмоқли ўрин эгалламоқда. Ҳар бир фильм томошабин билан гўё сукут ичида мулоқотга киришади, уни миллий ва умуминсоний қадриятлар ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди, ахлоқий ва эстетик диднинг юксалишига таъсир кўрсатади. Шу боис, кино оддий томоша эмас, балки жамиятнинг маънавий ҳолатини белгилаб берувчи омилга айланиб бормоқда.
Бугунги глобаллашув шароитида “оммавий маданият”нинг тезкор ва юзаки қадриятлари жамият онгига тобора чуқур сингиб бормоқда. Бу жараён инсонни тарихий илдизларидан узоқлаштириб, фақат бугунги манфаат ва лаҳзалик завқ-шавққа мойил қилмоқда. Натижада миллий ғурур, ор-номус, ватанпарварлик ва ўтмишга ҳурмат каби тушунчалар айрим ҳолларда иккинчи даражали қадриятларга айланиб қолиш хавфи юзага келмоқда.
Айнан шундай мураккаб маънавий муҳитда жамиятнинг тарихий хотирасини тиклаш, миллий ўзликни англаш ва авлодлар ўртасидаги маънавий узвийликни сақлаб қолиш масаласи ўта муҳим. Бу вазифани самарали адо эта оладиган энг таъсирчан воситалардан бири эса кино санъатидир. Президентимиз таъкидлаганидек, “Агар тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак”. Шу нуқтаи назардан, кино нафақат ўтмиш ва ҳозирни боғловчи кўприк, балки келажакни шакллантирувчи ижтимоий ва маънавий майдон сифатида ҳам муҳим.
Сўнгги йилларда кино соҳасида қилинган ишлар, албатта, таҳсинга лойиқ. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган биргина “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар лойиҳаси кўлами ва қамрови билан кино мутахассислари ва мухлисларни лол қолдирмоқда. Мазкур лойиҳа 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишдан яқин тарихгача бўлган даврни қамраб олади. У нафақат шонли ўтмишимизни чуқур англаш, балки келажакка ишонч билан дадил қадам қўйиш, ёшларни чинакам ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга катта туртки бўлади. Кино орқали тарихий хотира, маданий мерос ва миллий қадриятларни ўрганиш, томошабин билан ҳис-туйғу ва тафаккур орқали боғланиш имконини беради. Шу боис, санъатнинг бу йўналиши нафақат кўнгилочар восита, балки инсон руҳиятини тарбиялаш ва миллий онгни мустаҳкамлаш йўлидаги кучли ечим сифатида қадрланиши лозим.
Бугун кино санъатимизда яхши лойиҳалар тобора кўпаймоқда. Улар билан нафақат тарихий фактлар экран орқали етказилади, балки томошабиннинг ҳиссиёти ва тафаккури билан уйғунлашади. Кино бу ерда шунчаки воқеани акс эттириш эмас, балки миллий руҳни уйғотиш, ёшларни ўз тарихи билан боғлаш, ватанпарварлик ва ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш воситасига айланади. Ҳар бир фильм, ҳар бир саҳна асари миллат хотирасини мустаҳкамлаш ва келажакни шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, замонавий технологиялар ва профессионал жамоаларнинг иштироки кино сифатини янги босқичга кўтариш имконини яратади.
Айнан шу нуқтада савол туғилади: бугун экранга чиқаётган кинолар томошабин тафаккури ва руҳий дунёсида қандай из қолдирмоқда? Жавоб шуки, кино бугун ғоя ташувчи, ижтимоий онг ва маданий хабардорликни шакллантирувчи таъсирчан воситалардан бири сифатида намоён бўлаётир. У инсонни ахлоқий танловлар, ҳаётий тажрибалар ва инсоний қадриятлар ҳақида ўйлашга ундайди. Демак, кино томошабин билан кўзга кўринмас, аммо жуда таъсирчан маънавий суҳбат олиб боради.
Томошабиннинг кўнглига йўл топган асарлар
Ўзбек кинокартинаси деганда кўз олдимизга, аввало, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Ёр-ёр”, “Ўткан кунлар”, “Темир хотин”, “Суюнчи”, “Отамдан қолган далалар” каби фильмлар келади. Бу асарлар инсонни ўйлантирар, тарбиялар, қалбни жунбушга келтирарди. Уларда ҳазил ҳам, дард ҳам бор. Энг муҳими, томошабин экранда ўзини кўради, атроф-муҳитни, ҳаётни, одамлар ўртасидаги муносабатларни англайди.
Орадан неча йиллар ўтмасин, бу фильмларни яна ва яна кўриш истаги йўқолмайди. Гўё уларга вақт ҳукми ўтмаган, ёш-қарини бирдек ўзига тортади. Бунинг асосий сабаби шундаки, ушбу киноларда ўзбек характери, миллатга хос қаҳрамонлик, урф-одат ва ҳаё мезонлари яшаб келмоқда. Бугун ҳам бундай фильмлар кўпайиб бораётгани қувонарли ҳол. Аммо гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек айрим хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган фильмлар кишини мушоҳадага ундайди. Уларда қаҳрамонлар аксарият ҳолларда атайин ботир эмас — бой, қизлар иболи эмас — “замонавий”, ота-оналар доно эмас — кулгили қилиб кўрсатилаётгандек. Натижада экран кўзгу бўлиш ўрнига ниқобга айланиб қолмоқда.
Янада ташвишли жиҳати, бу турдаги фильм ва сериаллар глобал платформалар орқали кенг тарқалмоқда. Онлайн хизматлар томошабинни лайк ва рейтинг ортидан қувишга одатлантиради. Бу каби маҳсулотларда маданий онг ва инсон тафаккурини юксалтиришдан кўра шахсий манфаат, тижорат ва фойда устувор бўлиб қолмоқда. Қанча кўп томоша қилинса, асарнинг “қадри” ҳам шунга қараб баҳоланиши эса ачинарли ҳол.
Ана шу жараён орқали жамиятга ўзаро ишончсизлик, шубҳа ва лоқайдлик уруғи сочилмоқда. Шу ўринда таниқли адиб Назар Эшонқулнинг қуйидаги фикрларини эслаш ўринли: “Ахлоқ, одоб, зулм, адолатсизлик, хиёнат, сотқинлик, гўзаллик, ёвузлик, меҳру шафқат тўғрисидаги тушунчалар минг йиллар мобайнида синовдан ўтиб, хулосаларга айланган. Ана шу хулосаларнинг мажмуи ичимиздаги илоҳий зарра билан қўшилиб, яхлитлашиб, инсонийлик деган катта устунни пайдо қилган. Инсонийлик баданни похол билан яширишдан галстук таққунгача бўлган масофани босиб ўтган башар тарихининг энг катта ютуғидир. Уни менсимаслик, манфаат пардаси ортига суриш ёки бошқача талқин қилиш маданий онгни фожиага олиб боради”.
Савол туғилади: бугунги кинокартиналар ёш авлодни инсонийлик ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга қай даражада хизмат қиляпти? Аксарият ҳолларда сериаллар хусусий телеканал ва студиялар ҳамкорлиги маҳсули сифатида намоён бўлади. Бироқ бир неча ўн кишининг манфаати учун бутун миллат онгига зарар етказиш нечоғлиқ оқланади?
“Фикри йўқ одамнинг қиёфаси ҳам бўлмайди”, дейишади. Фикр — инсоннинг кимлигини белгилаб берувчи машъал. У ўчган жойда оломончилик ва жоҳиллик кайфияти илдиз отади.
кўз-кўз қилиш ва маъносиз муносабатлар эгалламоқда. Шунинг учун кино санъатига фақат кўнгил очиш воситаси эмас, балки масъулият сифатида қараш зарур.
Кинода олтин ўрталиқ нақадар муҳим?
Бугун жамиятда кузатилаётган энг хавфли ҳолатлардан бири ҳаёсизликнинг оммавий ёйилиб бораётганидир. Бу жараён санъат, хусусан, кино орқали янада тезлашмоқда. Аксар режиссёрлар маънавиятни эмас, рейтингни мезон қилиб олган. Натижада бачкана, енгил-елпи, уятли ҳазил-мутойибаларга тўла фильм ва сериаллар томошабин эътиборини тортиб, чуқур мазмун ва маънавий қийматга эга асарлар сояда қолиб кетмоқда.
Зигмунд Фрейднинг “Онгсиз одамда уят бўлмайди” деган гапи бу ҳолатга айнан мос келади. Онг ва масъулиятдан узоқ ижод натижасида ахлоқий меъёрлар бузилган фильмлар экран юзини кўрмоқда. Энг хавфли жиҳати аксариятимиз буни оддий ҳолдек қабул қила бошладик. Бу ўз-ўзидан фожиали манзарани юзага келтирмоқда.
Кино — санъат. Санъат эса ҳар бир миллатнинг руҳияти, ҳаёси ва андишаси ифодасидир. Ўзбек халқи асрлар давомида ҳаё, орият, шаън, оила номусини юрагида сақлаб келган. Айрим замонавий фильмларда эса бу қадриятлар йўққа чиқарилмоқда, ҳатто масхараомуз тасвирланмоқда. Гўё кино муҳитида “қанча очиқ бўлса, шунча замонавий”, “қанча шов-шувли бўлса, шунча оммабоп” деган хато қараш устувор бўлиб қолгандек.
Аслида, энг кулгили фильмлар ҳам андишани бузмаган, энг романтик саҳналар ҳам ҳаё чегарасидан чиқмай, руҳий таъсир орқали берилган. Олтин ўрталиқ дегани ҳам айнан шу — санъатда эркинлик ва масъулият ўртасидаги мувозанат.
Бугун ҳатто болалар томоша қиладиган аксарият фильмларда ҳам ножоиз ишоралар, шубҳали диалоглар кўпайиб бормоқда. Бу — жиддий муаммо. Чунки бугунги томошабин — жамиятнинг эртанги маънавий қиёфасини белгилайдиган авлод. Тарих иллатлар ҳам аста-секин кўникиш орқали ҳаёт тарзига айланишидан далолат беради.
Ғарб файласуфларидан бири “Кино бизни кўришга ўргатди, аммо қарашдан жудо қилди”, деб бежиз айтмаган. Бугун яхши кинолар бармоқ билан санарли, маънавиятдан узоқ асарлар эса бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетган. Бир вақтлар бундай маҳсулотларга бефарқ қараш натижасида бугун улар очиқ-ойдин меъёрга айланиб бормоқда.
Албатта, ўзбек киноси фақат маиший жанжаллар билан чекланиб қолган деб айтиб бўлмайди. “Чантримoре”, “Сув ёқалаб”, “Чегарадаги қишлоқ”, “Нариги соҳилда қолган болалик”, “Осмондаги болалар” каби мазмунли фильмлар ҳам бор. Аммо айни пайтда экранларда айнан маънавий бўшлиқни чуқурлаштирадиган асарлар устуворлик қилаётгани жиддий ўйлашга мажбур қилади.
Агар кино санъатида олтин ўрталиқ сақланмаса, у ё маънавиятни емирувчи қуролга, ё мазмунсиз кўнгилочар маҳсулотга айланиб қолади. Олтин ўрталиқ эса миллат руҳияти, ҳаёси ва қадриятлари билан замонавий ифода ўртасидаги мувозанатдир. Ана шу мувозанат сақланган жойдагина кино ҳақиқий санъатга айланади.
Талабга яраша таклифми?
Ижтимоий тармоқларда бундай фикрлар тез-тез учрамоқда: айрим актёрлар ва ижодкорлар бугунги енгил-елпи, маънавий юки кам фильмларни “талабга яраша таклиф” деб изоҳлаб, халқ орасида шундай сериалларга эҳтиёж катта эканини даъво қилмоқда. Улар бу ҳолатда айбни кино ишлаётганларда эмас балки томошабин талабида деб кўрсатишга уриняпти.
Аммо шу ўринда савол туғилади: талабни ким шакллантиряпти? Агар йиллар давомида томошабинга фақат бачкана, юзаки, ахлоқий меъёрларни четга сурган маҳсулотлар тақдим этилса, табиийки, дид ҳам шу йўсинда шаклланади.
Шу маънода, ўзбек кино ва театр санъатига катта ҳисса қўшган Баҳодир Йўлдошевнинг қуйидаги фикрлари айни ҳақиқатни очиб беради: “Хиёнатлар ичида энг оғири касбга қилинган хиёнатдир деб биламан. Белгиланган муддатда ҳар қандай ишни битириш мумкин, лекин сифати-чи? Иш буюрувчига барибир, у нима бўлса-бўлсин, тезроқ “материал”ни қўлга олгиси келади. Унга сизнинг шаънингиз, номингиз ҳеч нарсани англатмайди. “Материал” қай кўринишда бўлмасин — хоҳ саҳна, хоҳ экран ёки мақола шаклида — фикрга ҳоким, сўз эгаси — сиз! Ўзингизни қай даражада ҳурмат қила оласиз, ички маданиятингиз ишга бўлган муносабатда кўринади. Табиат барибир ўз айтганини қилади: у хўжакўрсинчи, шошма-шошарлардан боплаб ўчини олади. Оддий мисол, теракнинг тез ўсадиган навидан уй қуриб бўлмайди”.
Ушбу сўзлар ҳар бир ижодкорни фаолиятига виждон кўзи билан қарашга ундайди. Албатта, ижод аҳли эркин. Аммо бу эркинликнинг аниқ чегараси бор ва бу халқнинг маънавиятидир. Агар санъат фақат кўнгил очиш учун хизмат қилса, у санъат эмас, оддий бизнес маҳсулотига айланиб қолади.
Кинонинг энг асосий вазифаси — инсон руҳиятини тарбиялаш. У одамни ўйлантириши, ҳаётга бошқача назар билан қарашга ундаши, ҳеч бўлмаса, “Мен кимман? Қандай яшаяпман?” деган саволларга жавоб излашга мажбур қилиши керак. Ана шундагина кино ҳақиқий санъат даражасига кўтарилади.
Бугун эса кўплаб фильм ва сериалларда томошабинни чуқур фикрлашга чорлайдиган ғоялар ўрнига енгил сенсация, маиший жанжаллар, ахлоқий меъёрларни бузувчи саҳна асарлари устуворлик қилмоқда. Бу ҳолат, айниқса, ёшлар онгига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда.
Агар кино ҳаётни барча мураккаблиги, яхшилигу камчиликлари билан холис акс эттирса — у ростгўй. Башарти фақат сунъий идеал ҳаёт, бойлик, бузилган муносабатлар, беҳаё образлар орқали яшашни тарғиб қилса, ниқобга айланади.
Миллат маънавияти фақат сўз билан эмас, аввало, санъат орқали шаклланади. Айниқса, кинонинг кучи инсон қалбига бевосита таъсир қилишидадир. Шу сабабли ундан фойдаланиш ҳам улкан масъулият талаб қилади.
Дидни ким тарбиялайди?
Болалигимизда биз севиб томоша қилган “Чархпалак”, “Дев билан пакана” каби фильмлар рейтинг учун олинмаган, назаримда. Улар инсонийликка чорлагани, халқона руҳга эга бўлгани учун қалбларда қолган.
Ҳақиқий ижодкор ҳеч қачон томошабин ортидан қувмайди. Халқимизда бадиий эстетик дид азалдан мавжуд. Аммо доимий равишда дидсиз маҳсулотлар берилаверса, дид ҳам шу даражага тушиб қолади. Кейин эса савияли асарлар қабул қилинмайди. Бугунги замонавий медиа муҳитида кино нафақат эстетик, балки ижтимоий ва ахлоқий кучга эга феноменга айланган. Қандай ғоялар, қандай қаҳрамонлар экранда устувор бўлса, жамият ҳам шу томон қараб шаклланади.
Шу сабабли кинони фақат кўнгилочар восита сифатида эмас, балки миллат тақдирига дахлдор, масъулиятли ижтимоий ҳодиса сифатида баҳолаш вақти келди. У кўзгу бўладими ёки ниқоб, аввало, ижодкорнинг виждони, жамиятнинг онги ва томошабиннинг дидига боғлиқ.
Сардор ШУҲРАТ ўғли,
журналист