Камолидин Беҳзод номидаги миллий рассомлик ва дизайн институти 3-босқич талабаси Хилола Йўлдошева “Интилганга толе ёр” нақлини ҳаётининг шиорига айлантирган ёшлардан. У 2000 йилда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида туғилган. 2019 йилда П.П.Бенков номидаги Республика рассомлик коллежини “Дастгоҳли рангтасвир” йўналиши бўйича тамомлади. Ўзининг тиришқоқлиги, жамоат ишларидаги фаол иштироки билан тенгдошларидан ажралиб турадиган Хилола вилоят, туман, республика ва халқаро миқёсдаги танловларда намунали иштирок этиб келмоқда. Яқиндагина у Алишер Навоий номидаги давлат стипендиантлари қаторидан ўрин олди.

2020 йилги пандемия даври Хилолага ижодкорлик қобилиятини кенгроқ намоён этишга имкон берди. Вақтдан унумли фойдаланган талаба институт томонидан беш муҳим ташаббус доирасида ўтказилган “Уйда қол, ижод қил!” танловида биринчи ўринга муносиб топилди. Шу йил олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган республика онлайн фан олимпиадасидаги муносиб иштироки учун сертификат билан тақдирланди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг “Санъат — қудратли куч”, Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаментининг “Қадринг баланд бўлсин, она тилим” онлайн танловларида ҳам фаол қатнашиб, сертификатлари сонини кўпайтириб борди.

2021 йил Россияда бўлиб ўтган “Магия искусств” халқаро онлайн фестивалида 1-ўрин лауреати бўлгани уни ўз устида янада кўпроқ ишлашга ундади. Натижа ёмон бўлмади. Россияда ўтказилган яна бир халқаро “Пейзаж. Холодный колорит” ижодий танловида ҳам 1-ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлигининг Сергей Бородиннинг 119 йиллик юбилей кечасига бағишланган “Тақдиримдан миннатдорман!” номли тадбири доирасида бўлиб ўтган танловда ҳам ғалаба уни четлаб ўтмади. У иштирок этган тадбирлар кўплиги боис, ҳар бирини номма-ном санамадик. Муҳими, ёш ижодкорнинг тадбирдан-тадбирга ўсиб бораётгани. Зеро, у Тошкент вилоятидаги мактабларда махорат дасрларини ҳам муваффақиятли ўтиб, ўзи каби ижодкор ёшларга мотивация беришга ҳисса қўшяпти.

Нуфузли стипендия соҳибаси бўлгани ҳақидаги хабарни Хилола аввало онасига маълум қилгани бежиз эмас. Унинг ҳар бир ютуғидан кўнгли тоғдек ўсган, қизини оналарча муҳаббат билан руҳлантириб турган, муваффақиятсизликда эса, қайноқ меҳри билан кўнглини кўтарган Барно опа Қўшоқова қаҳрамонимизнинг беминнат устози. Хилола буни чуқур ҳис қилишини айтиши баробарида ўзини янги-янги ғалабаларга ундаб турган, бўлажак касбининг номаълум қирраларини кашф этишида йўл-йўриқ кўрсатаётган фидойи устозларини ҳам алоҳида тилга олди. Айниқса, унга мутахассислик фанидан дарс берган Ахмаджон Ўринов, ижодий асарларига холис муносабати, ижодий тақризларини аямайдиган санъатшунос Обид Абдуллаевга унинг ҳурмати чексиз. — Мана шу устозларимнинг салоҳияти, кўп йиллик тажрибаси туфайли асарларим танловларда муносиб баҳоланди, одамлар назарига тушди, — дейди Хилола.

Айни пайтда институтда Рангтасвир (театр безаги ) — таълим йўналишида таҳсил олаётган Хилола илмий, бадиий, ижодий жиҳатдан саҳна бадиий безаги тасвирини яратиш, кичик ва катта декорацион шакллар, реквизит ва атрибутлар, персонаж ва либос, усул ва услубларни пухта ўрганмоқда. Зеро, театр безаги рангтасвири санъати драматик ва мусикали драма, опера, балет, қўғирчоқ ва бошқа эстетик театр йўналишлари, турли элементлардан ижодий муҳит яратиш билан узвий боғлиқ.

Хилоланинг айтишича, театрда ўтирган томошабин саҳна безагини нафақат кўриши, балки унинг маъносини ҳам англаб етиши керак. Айтайлик, бир деталнинг синдирилган ҳолати. Нега у бутун эмас, синиқ тарзда акс эттирилди? Ҳар бир безак, ҳар бир детал спектаклдан англашиладиган хулоса, ечимга хизмат қилиши керак. Хилола театрда саҳна безаги учун ишлатилган деталлар ҳамиша ҳам реал ҳолатда бўлмаслиги ва айнан шу жиҳат томошабинни таҳлилга чорлаши билан муҳимлигини айтиб ўтди. Шу маънода ҳам ёш ижодкорнинг фалсафий асарлар яратишга бўлган қизиқиши бежиз эмас. Давлат стипендиясига муносиб топилгани уни янада руҳлантиргани аниқ. Буни унинг қуйидаги самимий дил сўзлари ҳам тасдиқлаб турибди: “Ҳеч бир ҳаракат самарасиз бўлмас экан. Изланиш, интилишдан толмай, олдинга юраверган инсоннинг ноумид қолмаслигига гувоҳ бўлдим. Улуғ аждодимиз номидаги стипендия соҳиби деган номни оқлаш учун бундан кейин ҳам бор кучим, билимимни юртимиз тасвирий санъатини юксалтиришга сарфлайман. Чекка-чекка қишлоқларда ижод қилаётган иқтидорли ёшларга қўлимдан келганича ёрдам бераман”.

 

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири