Мамлакатимиздаги бугунги тинчликпарвар сиёсат ҳам айнан мана шу миллий қадриятларимизга, аждодлар меросига таянади. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги самимият ва стратегик ҳамкорликнинг янги даври бошланишида ҳам ана шу азалий ғоя мужассам.

Юртимизда 9 май — Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Бу кун Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларида ҳалок бўлган ота-боболаримиз ёд этиладиган, орамиздаги фахрийларимиз эъзозланадиган сана. Бу даҳшатли урушга Ўзбекистондан 1 миллион 950 минг 700 юртдошимиз сафарбар этилиб, уларнинг 896 минг 366 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган.

Президентимиз таъкидлаганидек, ўзбек ўғлонлари фашизм устидан қозонилган ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, 200 мингдан ортиқ аскар ва офицеримиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, 301 нафари эса қаҳрамон унвонига сазовор бўлган. Бу рақамлар халқимиз жасоратига ёрқин мисолдир.

Шундай улуғ айём арафасида марҳум отам Қўзибой (қишлоғимизда Тожиқўзи бува дейишарди) Раҳимовни соғинч билан хотирлайман. Падари бузрукворим ҳам уруш машаққатларини бошдан кечирган, зафар қозониб қайтган заҳматкаш инсонлардан эди.

Отам жангларда кўрсатган жасорати учун 1943 йилда III даражали “Шуҳрат” ордени билан тақдирланган. Лекин тақдир тақозоси билан бу мукофот орадан 31 йил ўтиб, 1974 йилда топширилди. Ўшанда Балиқчи тумани ҳарбий комиссариатида бўлиб ўтган тантанали маросим, яқинларимиз ва қўни-қўшниларнинг қувончи ҳалигача кўзим ўнгида. Отамга иккинчи гуруҳ ногирони сифатида навбатсиз “Запорожец” автомашинасини сотиб олиш ҳуқуқи берилган эди. Ўша вақтларда урушнинг биринчи гуруҳ ногиронларига бундай автомашиналар бепул бериларди.

Ҳар йили байрам арафасида отам ҳақидаги хотираларимни қоғозга туширишга ҳаракат қиламан. Мақсадим унинг порлоқ руҳига ҳурмат бажо келтириш, фарзандларим ва набираларимга, қолаверса, ёш авлодга инсоний фазилатларини ўрнак қилиб кўрсатишдир.

Бугун отам ва у кишининг қадрдони, қўшнимиз Тўхлибой буванинг Сирдарё сафари билан боғлиқ бир ибратли воқеани эсламоқчиман. Тўхлибой бува ҳам уруш қатнашчиси, адашмасам, дадамдан 4-5 ёш катта эди.

Отам урушда уч жойидан ярадор бўлган. Душманнинг бир ўқи чап қўлига, иккитаси ўнг оёғига теккан. Йиллар ўтиб, ўқлар асорати туфайли отамнинг оёғи сурункали оғрийдиган бўлиб қолган. Шу боис, ҳар йили ­Намангандаги “Чортоқ” сиҳатгоҳида даволанарди. Бир гал санаторийда сирдарёлик Воҳид ака исмли одам билан танишиб қолибди. Даволаниш тугагач, отам Воҳид акани Балиқчига — уйимизга эргаштириб келди. Ўша вақтларда меҳмон келса, қўни-қўшни, бутун маҳалла тўпланар, тонггача аския, гурунг авжига чиқарди. Сирдарёлик меҳмонимиз ҳам сўзга уста, дилкаш инсон экан, ҳаммамизга ёқиб қолди. 

Эртасига дадам билан меҳмонларни Шаҳрихонга олиб бордик. Меҳмонлар тўй қилиш арафасида экан, шекилли, Шаҳрихон бозоридан бир нечта тўн ва дўппи, яна нималардир харид қилди.  Кейин уларни Бўз (ҳозирги Бўстон) туманигача кузатиб бордик.

Орадан бир йил ўтиб, Воҳид ака фарзандлари билан бизникига меҳмон бўлиб келди. Унинг бир йилда бир маротаба бутун республика бўйлаб ўзига яқин дўстларини йўқлаш одати бор экан. Меҳрни қаранг. Меҳмонлар келганини эшитиб, таклифни кутиб ўтирмай, қўшниларимиз чиқди. Дийдорлашув, хурсандчилик, кулги ва аския тонггача давом этди. Эртаси куни қўшнимиз Тўхлибой буванинг нонушта дастурхонидан сўнг меҳмонлар Наманган ва Қўқонга боришларини, у ердаги қадрдон дўстларни йўқлаб, ундан Хўжандга ўтишларини айтди. Кетар чоғи дадам билан Тўхлибой бувани Сирдарёга меҳмонга таклиф қилди.

Бир йили ёз кунларида отам ва Тўхлибой бува Воҳид акани йўқлаб Сирдарёга жўнади. Ўшанда бир кунда қайтиб келишни режа қилган қўшнилар Сирдарёда нақд бир ҳафта қолиб кетган эди. Отамнинг айтишича, Воҳид ака меҳмонларни аввал ота юрти — Тожикистоннинг Ўратепасига меҳмондорчиликка, кейин эса Самарқандга зиёратга олиб борибди. Хуллас, икки қўшни бир ҳафта деганда уйга қайтди. Бу воқеа бугун анқонинг уруғига айланиб бораётган меҳр-оқибат ва беғубор дўстликка яққол мисол бўла олади.

Сафардан қайтган отамни йўқлаб, амаким, аммам, қўшнилар бизникига тўпланди. Яна дастурхон ёзилди, сафар таассуротлари айтилди, ўтган-кетганлар эсланди.

Ҳар сафар отам ҳақидаги бундай ширин хотираларни эслаганимда маънан рағбатланаман. Баъзан Тошкентнинг шиддатли ҳаётида топганларим ва йўқотганларимни тарозига соламан. Йўқотганларим тарози палласини босиб кетганда айнан мана шундай меҳрли хотиралар қалбимга таскин беради.

Бизни имон-эътиқодли, одамларга яхшилик қилиш руҳида тарбиялаган отам Тожиқўзи бува ва онам Кароматхондан бир умр миннатдорман. Ҳаётнинг асл мазмуни ҳам мана шундай ширин хотиралар билан тирик экан.

Отамнинг паспортида туғилган йили 1926 йил деб кўрсатилган. Бироқ туғилган санаси аниқ ёзилмаган. Менимча, ўша даврларда содда одамлар туғилган кун санасини аниқ эслаб қолмаган. Агар ҳозир ҳам ёши улуғлардан катта ёки кичик фарзандингиз қачон туғилган деб сўрасангиз, фалон йилнинг эрта баҳорида ёки ўрик пишганда деб жавоб беради.

Шунинг учун биз ҳам отамнинг туғилган кунини мослаб, 9 май деб белгилаб олган эдик. Ҳар йили уйдагилар билан 9 майни ҳам байрам, ҳам отамнинг туғилган куни сифатида нишонлардик ва ҳозир ҳам шундай.

Вақтнинг ўтишини қаранг. Отам ҳаёт бўлганида бу йил 100 ёшни қаршилаган бўларди. Илоҳим, ўтганларнинг охирати обод бўлсин. Зеро, хотира — муқаддас, қадр — азиз.

 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

юридик фанлар доктори