Жорий йил 10 март куни “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани эълон қилиниб, юртимизнинг муҳим хомашёси ва у асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўйилган глобал тақиқ ечилгач, дунё ҳамжамиятининг мамлакатимиз тўқимачилик саноатига қизиқиши янада ортди. Кўплаб хорижий давлатлар ва компаниялар бу борада ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирмоқда. Иннопром халқаро саноат кўргазмасида ҳам айнан тўқимачилик соҳасидаги келишувлар салмоғи юқорилигини кўришимиз мумкин.

Илхом ХАЙДАРОВ,

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси:

— Пойтахтимизда ўтган халқаро саноат ҳафталиги маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар учун янги битимлар имзолаш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда фаол платформа вазифасини бажарди. Кўргазманинг биринчи куни меҳмонларни Корея-Ўзбек тўқимачилик технопаркига таклиф этдик. У ерда Россия Федерациясининг Савдо ва саноат вазирлиги делегацияси билан амалга оширилган экспорт ҳажмлари ва келажакда кутилаётган ҳамкорлик йўналишлари ҳақида сўз борди.

Ҳозирги кунда давлатлар ўртасидаги ҳамкорликда онлайн платформаларнинг ўрни ортиб боряпти. Шу боис, “Сбермаркет” ва “Wildberries” каби электрон савдо майдончаларини ишга тушириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Бу борада замонавий ахборот технологиялари савдо-сотиқ алоқаларини ўрнатиш, тезкор келишувларга эришишни янада фаоллаштиради.

Бу масаланинг бир томони. Асосий эътибор бевосита ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилди. Жорий йилнинг июнь ойида полиэфир пахта ипларини ишлаб чиқариш бўйича анжуман ўтказиш ва Москва ҳамда Тошкент шаҳарларида икки томонлама савдо уйларини ташкил этишни режалаштириб олдик.

Шу билан бир қаторда, Россиянинг Краснодар ўлкаси губернаторининг ўринбосари Руппель Александр билан мулоқот чоғида ўзбек текстиль маҳсулотлари учун ҳамкорликда логистик марказ ва омборхона ташкил этиш, ўлкадаги меҳмонхоналарга сочиқ, чойшаб ва бошқа текстиль маҳсулотларини етказиб бериш каби масалалар муҳокама марказимизда бўлди.

Шунингдек, Чеченистон Республикаси делегацияси ташрифи давомида улар билан ўз мамлакатларида ўзбек тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини ишга тушириш ҳамда пахта етиштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш таклифи билан бирга, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларининг бозорларига кириб боришини таъминлашда преференция ва имтиёзлар ишлаб чиқилиши, Чечен-Ўзбек қўшма корхонаси ташкил этилишида инвесторларни аниқлаш бўйича келишиб олдик.

Қўшни давлат Тожикистон Республикаси Сўғд вилоятидан келган вакиллар билан ҳам қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Сўғд вилояти Хўжанд шаҳрида 10 дан ортиқ ўзбек ишлаб чиқарувчиларига жой ажратиладиган бўлди. Тожикистондаги мазкур тўқимачилик савдо нуқталари маҳаллий корхоналаримизда тайёрланган маҳсулотлар билан тўлдирилади. Қолаверса, Хўжанд шаҳрида жойлашган 40 минг квадрат метр бино-иншоотларда инвестиция киритиш асносида ўзбек гиламларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бошқа давлатлар ҳам тармоқ истиқболига ишонч билдиргани ҳолда, янги лойиҳалар бўйича қатор келишувлар имзоланди.

Умуман, бугун жаҳонда текстиль саноати энг жадал ривожланаётган ва талаб юқори тармоқлардан бири саналади. Сўнгги йилларда Ўзбекистон бу борада фавқулодда илдам ҳаракатланмоқда, десак муболаға бўлмайди. Боиси, бундан 5-6 йил олдин пахта толасининг асосий қисмини хомашё сифатида экспорт қилардик. Пахтани қайта ишлаб, тайёр маҳсулотга айлантирадиган корхоналар сони саноқли эди. Сўнгги йилларда бу жараён тубдан ўзгарди. Пахта-тўқимачилик соҳасида ишлаб чиқаришнинг кластер тизимига ўтилиб, қулай агробизнес муҳити яратилди. Ўзбекистонда замонавий жиҳозлар ва илғор технологиялар билан таъминланган йирик корхоналар ишга тушди. Уларда пахта толасини чуқур қайта ишлаш занжири яратилди. Натижада, 2016 йилда юртимизда етиштирилган пахта хомашёсининг 37 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, ҳозирги вақтда бу кўрсаткич 100 фоиз қувватга етди. Бу орқали калава ип йигириш 2 баробар, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 3 баробар ошди.

Биргина жорий йилнинг шу даврига қадар тармоқда умумий қиймати 51,6 миллион долларлик 10 та лойиҳа амалга оширилиб, 2600 нафар кишининг бандлиги таъминланди. Ўтган тўрт ойда 350 минг тонна пахта толаси қайта ишланиб, 23,6 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Дунёнинг 57 давлатига 1 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Бугунги кунда миллий брендларимиз остида ишлаб чиқарилаётган текстиль маҳсулотлари импорт ўрнини босиш баробарида, жаҳон бозорида ҳам талабгир бўлиб бормоқда. Хориж давлатлари билан енгил саноат соҳасидаги ҳамкорлигимиз шунга мос тарзда янги босқичга кўтариляпти. “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмасида бунга яна бир карра амин бўлдик.