Тадбирда сенаторлар, депутатлар, тегишли агентлик, қўмита ва уюшма раҳбар-мутахассислари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Давра суҳбатида сўзга чиққанлар таъкидланганидек, Ўзбекистонда давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга ошириляпти. Сўнгги йилларда соҳага оид концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар амалга ошириляпти.

Хусусан, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги ва «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунлар барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди. Бундан ташқари, ҳукумат очиқлиги соҳасида 2021 - 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинган.

Соҳадаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Фармон билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавҳум бўлган муаммоли масалалар тўлиқ ўз ечимини топди.

— Шу кунгача ҳам давлат ҳокимияти бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисидаги норматив ҳужжатлар мавжуд бўлган, — деди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов. — Аммо улардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишга масъул ёки уни бажариш талабларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолаверган. Бу эса қонунчилик ҳужжатининг ҳаётга тўлиқ жорий этилишига тўсиқ бўлган. Шунга мувофиқ, мазкур йўналишдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан назорат Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифа сифатида юклатилиб, Агентлик таркибида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига ўтказилган мониторинг натижалари бўйича 230 та вазирлик ва идораларнинг 121 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирмагани аниқланди. Республикадаги 119 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган бўлса, 48 таси Порталда шахсий кабинет ҳам очмаган.

Очиқ жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш борасида Буюк Британия, Франция, Россия, Словения, Сингапур ва Қозоғистон каби ўнга яқин ривожланган хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий иш тажрибаси ўрганилиб, амалиётга татбиқ этиш чоралари кўриляпти.

Баҳор Хидирова, 

«Янги Ўзбекистон» мухбири.