– Бу йил барчамиз оғир синовдан ўтаяпмиз, – деди вилоят раҳбари. – Дунёга чанг солган пандемия режаларимизни ўзгартириб юборди. Баъзи ишларимиз орқага сурилди. Бир муддат сайёр қабулларни тўхтатиб туришга тўғри келди. Карантин талаблари юмшатилганидан фойдаланиб, сизларнинг дарду-ташвишларингизни тинглаш ва муаммоларингизни ҳал этиш учун келдик. Аслида ечимсиз муаммонинг ўзи йўқ. Лекин, лоқайдлик бор. Сизлар ўртага ташлайдиган муассасалаларни кўпайлашиб ҳал этамиз. Фақат, коронавирус балосидан эҳтиёт бўлишларингизни, бунинг учун белгиланган карантин талабларига қатъий риоя этишларингизни сўраймиз.

Қалдирғоч маҳалласи туман марказидан энг олисда жойлашган ҳудудлардан бири. Бешта қишлоқдан иборат маҳаллада беш мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Сайёр қабулда фуқаролар эскирган электр симлари ва устунларини янгисига алмаштириш, ички йўлларга тош ва шағал ётқизиш, маиший газ баллони, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, уй-жой қуриш учун ер ажратиш, кредит олишга кўмаклашиш, қишлоқ-врачлик пунктига қўшимча бино, мактабгача таълим муассасаси қуриш каби масалаларда мурожаат этди.

¬Чекка маҳалламизга шу пайтгача вилоят раҳбари келиб, биздан хол-аҳвол сўрамаган, ,¬ дейди фуқаро Х.Суюнов.¬ Бугун вилоят ҳокими келганини эшитиб жуда қувондик. Хурсандчилигимиздан бор дардимизни очиқ айтдик. Масалан, ҳудудда телефонда суҳбатлашиш сифати талабга жавоб бермайди, интернет яхши ишламайди. Маҳаллада еттита мактаб мавжуд. Бундан ташқари кўплаб ёшларимиз олий таълим муассасаларида ўқийди. Шу боис ҳозирги карантин даврида фарзандларимиз онлайн дарсларни чуқур ўзлаштиришда муаммоларга дуч келмоқда. Мен шу масалани ўртага ташладим. Муаммо яқин кунларда ўз ечимини топадиган бўлди. Буни мамлакатимизда фарзандларимиз келажагига қаратилаётган юксак эътибор ифодаси, деб билдик.

Қабул чоғида кўтарилган барча масалалар жойида мутасадди раҳбарлар иштирокида муҳокама этилиб, ҳал этиш йўллари кўрилди. Муддат талаб этиладиган масалалар бўйича зарур чоралар белгиланиб, уларнинг ечими қатъий назоратга олинди.