Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ОАВ ходимлари учун Фарғона ва Наманган вилоятларига пресс-тур ташкил этилди.
Икки кунлик тадбирнинг илк кунида журналистлар “Фарғона иссиқлик элeктр маркази” АЖ фаолияти билан яқиндан танишган бўлса, навбатдаги кун ОАВ ходимлари Наманган вилоятидаги Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида бўлди.
Республиканинг 10 фоизи, водийнинг 40 фоизини электр энергияси билан таъминлайдиган Тўрақўрғон ИЭС Фарғона водийсида электр энергиясида бўлган танқисликни бартараф этиш, ёнилғи ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш мақсадида қурилган. Айни пайтда мазкур иншоот тўла қувват билан ишламоқда.
Икки энергоблок ёрдамида ҳосил қилинадиган 900 мегаватт электр энергияси Наманган вилоятининг “Қизил равот”, “Сардор” ва Андижон вилоятининг “Юлдуз” нимстанцияларига узатилади.
Таъкидланишича, ўтган давр мобайнида бу ерда 5,3 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилди. Айни пайтда бу ерда 300 нафардан ортиқ киши иш билан банд, улардан 200 нафари маҳаллий аҳоли вакилларини ташкил этади. Жараёнларнинг 90 фоизи рақамлаштирилган дастурлар орқали амалга оширилади.
ИЭСга энг замонавий трубиналар ўрнатилгани ҳисобига станциянинг экологияга салбий таъсири деярли йўқ. Шу сабаб лойиҳанинг иккинчи номи экологик тоза энергия деб номланади. Станция фақат электр энергия ишлаб чиқаради ва ёқилғи сифатида фақатгина газдан фойдаланилади.