Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 май куни мактаб битирувчиларига йўллаган табригида ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етгани, мазкур кўрсаткични жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш – асосий вазифа экани алоҳида таъкидланди.

Ушбу вазифанинг қисман ижроси тўрткўлликлар ҳаётида акс этди, десак хато бўлмайди. Сабаби, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятининг марказдан анча узоқда жойлашганлиги, экологик муаммоларнинг мавжудлиги, шўрланиш даражасининг кучлилиги ҳамда ҳудуднинг катталиги сабаб бир-биридан оралиқ масофаларнинг узоқроқ жойлашганлиги кўпгина соҳалар сингари иқтисодий соҳани ривожлантирувчи кадрларни тайёрлаш заруратини ҳам келтириб чиқарган эди. Шундан келиб чиқиб, ҳудуд аҳолиси учун ажойиб ташаббусга қўл урилди: Президентимизнинг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 майдаги 07/122-52-сон топшириғига асосан туманда Тошкент давлат иқтисодёт университетининг факультети очиладиган бўлди. Факультетда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб иқтисод, молия ва бухгалтерлик иши йўналишларида қабул йўлга қўйилади. Мазкур факультетда нафақат учта вилоят ёшлари, балки қўшни Туркманистондан ҳам илмга чанқоқ ўғил-қизлар таҳсил олишлари мумкин.

Иқтисодий билимга эҳтиёж

Тўрткўл тумани Қорақалпоғистон Республикасининг биринчи пойтахти бўлиб, аҳолиси азал-азалдан таълимга, иқтисодий ўсишга интилиб, ҳудуднинг маданият ўчоқларидан бири бўлиб келган. Туман аҳолисининг 60 фоиздан ортиғини олий маълумотли бўлиш истагида бўлган ёшлар ташкил этади.

Эсимда, 1994 йилларда Тошкент шаҳридан анча узоқликда яшаётган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолисининг янги банк, молия ва солиқ тизимида ишлашни бошлаган ёш ходимларининг касбий малакаларини ошириш, ушбу соҳаларни янада кенгайтириш, мутахассисларни тайёрлаш, ўкитиш ва уларни ўзлари яшаётган ҳудуд аҳолисидан тайёрлаш эҳтиёжи пайдо бўлган эди. Мазкур ҳудудларда ушбу соҳаларда иш бошлаган ёш мутахассислар марказдагидек янгича ишлашни ҳали яхши билишмасди. Малакасини ошириш учун уларни Тошкент шаҳрида камида бир ой ўқитиш ва қайта тайёрлаш учун хизмат сафарига жўнатиш тақозо этиларди. Бунинг устига, ушбу курсларга бориш учун ҳамманинг ҳам имконияти етарли бўлмаган. Шунингдек, банк соҳасида ишлаётган ходимларнинг кўпчилик қисми хотин-қизлар бўлганлиги, уларнинг оилавий шароити тўғри келмаганлиги ҳам вазиятни анча мураккаблаштирарди. Бунга ушбу тоифага кирувчиларнинг иқтисодий ва моддий (молиявий) жиҳатдан имкониятлари чекланганлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатарди.

25 йил давомида 9 минг ёш банк соҳасини ўрганган

Юқоридаги ҳақиқий вазиятни инобатга олган ҳолда Агробанк  (олдинги Пахта банк) бошқаруви томонидан республикамиз марказидан анча узоқда бўлган мазкур ҳудудларда Минтақалараро банк ўқув марказларини очиб, ходимларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш ёки Банк коллежларини очиш таклифлари Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви кенгашига тақдим қилинди.

1996 йили Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан туманда Банк коллежи ташкил этилди. Шу билан бирга бу даврда мазкур коллеж биносида таянч гуруҳ сифатида қўшимча равишда Тошкент Давлат иқтисодиёт университетининг 2-мутахассислик бўйича Олий ўқув юртига сиртдан ўқиш учун шароит яратилди. Унда 900 нафардан ортиқ мутахассис иккинчи таълим йўналиши бўйича олий маълумотли бўлди.

Бу эса Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Бухоро вилоятларида яшаётган аҳолининг фарзандларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда кўплаб кишиларнинг иқтисод соҳасида, хусусан, унинг банк иши йўналишида ўқиб, таълим олишига,  банк ходимларининг касбий малакаларини ошириш, қайта тайёрлаш ва кайта ўқитиш имконини берди.  

1995-2019 йилларда, яъни ўтган 25 йил давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва бухоро вилоятларидан 9 000 нафардан ортиқ ўғил-қиз мазкур Банк коллежини тугатиб, шу соҳа бўйича ўрта махсус дипломга эга бўлди. Улар бугунги кунда иқтисодиётимизнинг барча соҳаларида самарали меҳнат қилмоқда.

Банк коллежи энди факультетга айланади!

Республика бўйлаб коллежлар фаолияти тугатила бошланган даврда мазкур коллеж ҳам ёпилди. Унинг биноси эса, табиийки, бироз эътибордан четда қолди, бошқа таълим муассасаси маъмуриятига бериб юборилди. Шундай бўлишига қарамасдан, туман зиёлилари ҳаракатларида иқтисодий соҳадаги таълимни ривожлантиришга интилиш ва ҳаракат сусаймади.     

Тўрткўл банк коллежи ўқув биносининг лойиҳавий қуввати 600 та ўринни, амалда эса бир сменада 720 та ўринни ташкил этади. Ётоқхона, ошхона, 2 та ўқув биноси, 1 та АРМ биноси, фаоллар ва спорт заллари мавжуд. Демак, ушбу бинонинг нафақат факультет, балки университетнинг филиали бўлишига ҳам имконияти етарли.

Шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Тўрткўл банк коллежи негизида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг техникуми ва филиали ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бунинг натижасида, бу икки илм даргоҳининг кўп йиллик биргаликда олиб борадиган самарали меҳнатлари мева бериб, маҳаллий аҳолининг иқтисодий соҳа мутахассисларига бўлган талаб ва эҳтиёжлари қондирилар эди.

Тўрткўлликлар шу кунлар келишига ишонади. Сабаби, Ҳукумат, хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа тегишли ташкилот раҳбарлари бизнинг бу йўналишдаги таклифларимизга бефарқ бўлмади. Аксинча, уларнинг ҳар бири бизнинг бу ҳаракатларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, тегишли йўл-йўриқларни кўрсатишди. Биз ушбу қарорни сайлов олди олиб борилаётган ислоҳотларнинг энг хайрлиларидан бири бўлди, деб ҳисоблаймиз ва Юртбошимизни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Қадимдан Қорақалпоғистоннинг юраги бўлиб келган Тўрткўл тумани 2023 йилда 150 ёшга тўлади. Ўйлаймизки, унгача факультет техникум ва филиал даражасигача кенгаяди. Тошкент давлат иқтисодиёт университети техникуми ва филиалининг йўлга қўйилиши туманнинг 150 йиллик тўйига муносиб совға бўлар эди. Ана шунда аҳолининг энг ишчан қатлами бўлган баҳодир йигит-қизларимиз мигрант бўлиб, ўзга юртларга ризқ излаб кетмасди. Аксинча, ота-онаси ва оиласи бағрида олий маълумотли бўлиб, туман, вилоят ва республика иқтисодиётини янги босқичга олиб чиқишда ўз ҳиссасини қўшади.

Рўзимбой ҚУРБОНОВ,

иқтисод фанлари номзоди