— Сиз Тошбуловнинг уй-музейини бир кўринг, оғзингиз очилиб қолади, — деди Фориш туманидаги “Осмонсой гуллари” фольклор-этнографик жамоаси раҳбари Зуҳра Маҳмудова бир суҳбатимизда.

Бу музейга қизиқиб қолдим. Уни излаб Ана-муна қишлоғига маҳалла фаоллари билан бирга бордик. 20-мактаб қошида ташкил этган уй-музей ўтмишдан гувоҳлик бериб турибди. Қадимий сопол идишлару омоч, мола каби қишлоқ хўжалиги қуроллари, тўқувчилик саноатига тегишли дастгоҳ ва мато парчаси, нумизматикага оид экспонатлар, яъни 1895–1897 йиллардаги пул, тангалар ҳам бор. Чиғириқ, бўйинтуруқ, сув тегирмони, чақмоқ ва бешотар милтиқлар, қора чироқ, дейсизми, Сайёд қишлоғи аҳлига тегишли кўҳна кўзалар, тўқимачиликда фойдаланилган моки, ўлчов бирлигидаги идишлар, това, қозон, пўлатдан ясалган покилар — буларнинг кўпи форишликларга боболардан авлодларга ўтиб келган. 

Борингки, кўҳна Форишнинг кечмишидан гувоҳлик берувчи неки далиллар бўлса, бари мавжуд. Бектемир Тошбулов буларнинг ҳаммасини ўзи уйма-уй юриб, олису яқиндан йиғиб келган.

— Мана бу ёғоч ковушнинг ҳам ўз тарихи бор, — дейди музей соҳиби. — Иккинчи  жаҳон уруши йиллари фашистлар бостириб келган вақтда Молдавия, Украинадаги заводларни мамлакат ичкарига кўчириб келиш учун кексалардан ҳам фойдаланилган. Отам ҳам ана шулар қатори ишлаш учун чақирилган. Ана шунда жунпайпоқлар билан мана шу ёғоч ковушлар кийилган.   Отам 1895 йилда туғилган, улар жойдан жойга кўчиш пайтида бу ердаги кўплаб ашёларни ўзлари билан олиб юрган. Қадимда боболарим тўқимачилик билан шуғулланган. Бу дастгоҳни девор орасидан топиб олганман. Улар бунда бўздан мато тўқишган.

Чиндан ҳам қадимий дастгоҳ ва унда тўқилган бир парча мато ўтган асрларда ота-боболаримизнинг уста ҳунарманд бўлганидан далолат бериб турибди. Буюмлар орасида йиллар залвори таъсир қилса-да, сарғайиб, айрим иплари тўзган бўлса-да, ҳали-ҳамон мустаҳкам турган арқонга кўзимиз тушди.

— Бу — "экан" деган ўтдан тайёрланадиган кашук арқони. Илгари Форишда — Айдаркўл атрофида ўсган бу ўт. У XIV-XV асрларга тегишли экспонат, — дейди Бектемир ака.

Бектемир Тошбулов 1957 йилда Фориш туманида туғилган.  Аввал механизатор бўлиб ишлаган. Сўнг Литвада ҳарбий хизматни ўтаган. Жиззах педагогика билим юртида ўқиган. 1980 йилда ЖДПИнинг рус тили ва адабиёти факультетини битирган. Икки ўғил, бир қизи бор, аёли чевар. Бахтли оилалардан бири. У музейни 1977 йилдан бошлаб ташкил этишга киришган. Уйма-уй кириб, аҳолидан ҳамма эски буюмларни ўзи йиғиб чиққан.  Бугунги кунда нақд 2,5 мингдан зиёд экспонати бор. Ҳалигача бозорлардан сотиб олиб бўлса ҳам кўргазмали, тарихга алоқадор буюмларни музейга келтиради. 

— Аввал туманимиздаги 1-мактабда тушунча олиб бордим.  Ноёб тарихий буюмлардан фарзандлар бохабар бўлиши, ота-боболаримиз тарихини чуқур ўрганиши учун музейга кўҳна ашёлар кераклигини ўқитувчи ва ўқувчиларга тушунтирдим. 1983 йилда буюмлар бурчак ҳолатида қўйилган эди, кейинчалик сони ортди. Музей биноси ҳашар йўли билан қурилди, — дейди домла.

Бу музейда Фориш ўтмишига доир ажиб ҳикояларни эслатувчи бебаҳо далиллар борки, улар дунё хазиналари каби чоғроққина, зах ва кўримсиз бинодан жой эгаллаган. Музей эгаси бизга эринмай, барча экспонатларни санама-сана тушунтирар экан, бундай фидойи одамларнинг ўзи тарихга дахлдор эмасмикан, деган ўйлар кечди хаёлимиздан. Бироқ музей жойлашган иншоотнинг тор, таъмирталаб экани кўнгилмизни хира қилди. Хоналар қоронғи, совуқ. Бизни кўҳна тарихимиз билан боғлаб турувчи бу каби музейларнинг кўркам, барча болаларни ўз бағрига ололадиган даражада кенг бўлишини истардик. Тегишли мутасаддилар бу кичик туюлган, аммо аслида маънавий кўлами катта масалага эътибор қаратсалар, кўнгилдагидек иш бўларди. Келгусида Бектемир Тошбуловнинг музейи янада кенгайишига, кўркам биноларда жойлашишига умид билан қайтдик.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА