Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, «Тошкент халқаро аэропорти» чегара божхона пости ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган шахсий кўрик давомида шубҳали ҳаракат қилган икки нафар аёл текширувдан ўтказилган.

Текширув натижасида улар тилла тақинчоқларни яширинча олиб чиқиш мақсадида ички аъзоларига беркитиб олгани аниқланган.

Уларнинг бири 252 грамм, иккинчиси эса 158 грамм оғирликдаги тилла буюмларни шу тарзда олиб чиқишга уринган.

Шунингдек, аёлларнинг қўл сумкаларида ҳам божхона назоратига тақдим этилмаган 64 грамм оғирликдаги заргарлик буюмлари борлиги маълум бўлган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мусодара қилинган заргарлик буюмларининг умумий қиймати тахминан 720 млн сўмни ташкил этади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.