Бу ҳақда Божхона қўмитаси маълум қилди.
Маълум қилинишича, Вьетнамнинг Камран шаҳридан учиб келган йўловчилардан бирининг юклари орасида тегишли рухсатномаларга эга бўлмаган 12 бош қуш борлиги аниқланди.
Ачинарлиси, мева қутиси орасига яширилган, сақлаш ва ташиш қоидаларига риоя қилинмаган тарзда олиб келинган сариқ ва оқ бўйинли бутақушларнинг ҳозирги ҳолатини мутахассислар салбий баҳоламоқда. Ҳатто, қушлардан 3 боши аллақачон нобуд бўлган.
Сариқ ва оқ бўйинли бутақушлар асосан Жанубий ва Шарқий Осиёда яшайди ва заиф тур ҳисобланади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра қушларнинг умумий қиймати тахминан 60 млн сўмдан ошмоқда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан текширувлар давом эттирилмоқда.
Муҳим эслатма:
Ўзбекистон Республикаси Қизил китобга киритилмаган ёввойи ҳайвонларни, уларнинг қисмларини, шунингдек яшаш фаолияти маҳсулотларини олиб кириш ва четга олиб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг рухсатномаси талаб этилади. Бунда аризачилар томонидан ҳайвоннинг қонуний сотиб олинганлигини ёки тутилганлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилиши лозим бўлади.
Шунингдек, жонзотларнинг соғлом ёки касалликка чалинганлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси хулосаси бўлиши талаб этилади.