"Uzbekistan Airports“ АЖ йўловчиларни кутиб олувчилар учун Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш зали ёнидаги P2 ва P3 автотураргоҳларида иккита янги ҳудуд қуради. Бу ҳақда жамият матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Uzbekistan Airports" АЖ бошқаруви раиси Раъно Жўраеванинг таъкидлашича, 2018 йилда қурилган учиб келиш зали халқаро стандартларга жавоб бермайди, у ерда кутиб олувчилар учун жой ажратилмаган.
Қайт этилишича, йўловчилар оқимининг жадал суръатларда ўсиб бораётгани муносабати билан яқинлари ва дўстлари билан учрашиш учун келганларга учиб келиш терминалида ажратилган ҳудуд етарли бўлмай қолди. Бир неча кун ичида божхона зонасини кутиб олиш зонасидан ажратиш чоралари кўрилган. 400 кв.м майдон ҳар куни аэропортга яқинларини кутиб олишга келганлар учун жуда торлик қилган.
Жамият раҳбарияти кутиб олувчилар учун янги ҳудуд лойиҳаси устида иш олиб борган. Тахминан, март ойининг охирига қадар умумий майдони қарийб 1400 кв.м бўлган иккита шундай ҳудуд қурилади — бири мавжуд соябонлар ўрнига, иккинчиси — кетиш ва келиш заллари оралиғидаги P2 автотураргоҳида. Яқин кунларда аэропорт олди майдонида қурилиш-монтаж ишларини бошлаш режалаштирилган.